Обидхон қори Назаровга суиқасдда алоқадор кўрилганлар яна оқланди

Швециянинг Сундсвалл шаҳар маҳкамасида таниқли ўзбек имоми Обидхон қори Назаровга суиқасдда алоқадорликда айбланган ўзбекистонлик эр-хотин Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар устидан аппеляцион маҳкама ниҳоясига етди.

Сундсвалл маҳкамасининг 1 июль куни эълон қилинган қарорида Ўзбекистон фуқаролари – Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминоваларга қўйилган айбловларни исботловчи техник далиллар етарли эмаслиги қайд этилган.

Бу ўзбекистонликларнинг иккинчи марта маҳкамага тортилиши эди.

Швециядан сиёсий бошпана олган Обидхон қори Назаров 2012 йилнинг 22 февралида Стросмунд шаҳридаги уйи остонасида отиб кетилган эди. Бошидан яраланган Назаров ҳамон кома ҳолатида қолмоқда.

Тергов маълумотларида ўзбекистонлик Нодира Аминова ва Баҳодир Пўлатовлар ёлланма қотил Юрий Жуковскийга Швецияга келиш, меҳмонхона брон қилиш, машина кира қилишга шунингдек, Обид қори Назаровнинг яшаш жойи, иш жойини аниқлашга яқиндан ёрдам берганига оид техник далиллар етарли экани айтилади.

Эр-хотин Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминоваларнинг суиқасдни била туриб кўмаклашгани ва бунга оид қўшимча далилларни қўлга киритганини айтган прокурор Кристер Петерсон икковлонга саккиз йиллик қамоқ жазоси сўраганди.

Бироқ, Швеция суди имом Обид қори Назаровга суиқасдда шерикликда айбланаётган ўзбекистонлик Аминова ва Пўлатовларнинг айбдорлигига ишонмади ва аввалги маҳкаманинг гумон қилинганларни оқлаш қарорини ўз кучида қолдирди.

Шведциядаги маҳкамани кузатиб бораётган журналистларга интервьюсида швед прокурори Кристер Петерсон иккинчи суднинг ҳам аввалгиси билан айни ҳукм чиқарганидан қониқмаганини билдирган.

«Суд қароридан хавфсалам пир бўлди. Лекин бу маҳкама, ҳеч бўлмаганда, туман судидаги маҳкамадан яхшироқ ўтди ва мен уларнинг бундай қарор олиш сабабини қабул қиламан», – деган прокурор Петерсон.

Бироқ, Петерссон жаноблари Сундсвалл суди қарори устидан арз қиладими ёки йўқми матбуотга очиқламаган.

Айни пайтда маҳкама ишини кузатиб турган ўзбекистонлик муҳожирлар ҳам суд ҳукмни адолатсиз, дея баҳоламоқда.

Обидхон қорига суиқасдда гумонланган ўзбекларнинг оқланиши кўпчилик ўзбекистонликларнинг норозилигига сабаб бўлаётгани кузатилади.

“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева фикрича, Обидхон қори Назаровга суиқасдда Юрий Жуковскийга яқиндан кўмак берган Нодира Аминова ва унинг эри Баҳодир Пўлатовларнинг Швед маҳкамаси томонидан оқланиши ўзбекларни Ўзбекистон ҳукуматининг жиноятларини фош қилишдек муҳим бир имкониятдан маҳрум қилди.

– Ўзбекистон ҳукумати Обидхон қори Назаровнинг ўзига нисбатан энг хавфли мухолиф деб қараши ҳеч кимга сир эмас. Ўзбекистонда содир этилган ўта оғир жиноятларни содир этишда Обид қори Назаровни айблаб матбуотларда махсус кўрсатувлар тайёрлаб борилганлиги, диний эътиқоди учун хибсга олинган фуқароларни Обидхон қори билан алоқадорликда айблаб узоқ йилларга қамоқ жазосига ҳукм қилинишлар ҳолатлари ҳам ҳукуматнинг Обид қори Назаровни йўқ қилишдан манфаатдор бўлганлигини исботлайди.

Обид қори Назаровга суиқасд қилган қотилга кўмак берган бу кимсаларни оқлаш билан Швеция суди Ўзбекистон ҳукуматининг ҳаттоки энг ривожланган давлатларга ҳам киллерларини жўнатиб ҳукумат танқидчиларининг овозини ўчириш учун бемалол ҳаракатланишига йўл очиб берди деса бўлади, – дея мулоҳаза билдиради инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш ташкилот раҳбари Тожибоева.

Эслатсак, бу ўзбекистонлик Нодира Аминова ва унинг турмуш ўртоғи Баҳодир Пўлатовларнинг Обидхон қори Назаров ҳаётига суиқасдга кўмаклашишда айбланиб, иккинчи бор маҳкамага тортилиши эди.

Ўтган йилнинг апрелида ҳам Аминова ва Пўлатовлар қуйи суд қарори билан оқланиб, суд залидан озод этилган эди. Ўшанда маҳкама қарорида ўзбекистонлик эр-хотин ишончли далилларни тақдим этгани, аммо қораловчи томон уларнинг қотилликка алоқаси борлигини исботлаб беролмагани қайд этилган эди.

Аминова ва Пўлатов уйларида меҳмон бўлган акасининг дўсти Юрий Жуковскийнинг жиноий ниятидан бехабар бўлганини таъкидлаб, ўзларига қўйилган айбловларни ҳамиша рад этиб келади.

Суиқасдда асосий гумондор кўрилган Юрий Жуковский эса ҳануз қидирувда.

 

Гулнора РАВШАН

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.