Набижон Жўрабоев ҳибсда оғир аҳволда сақланмоқда
Бир ойдан буён Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туман Ички ишлар бўлимида сақланаётган 75 ёшли фаол Набижон Жўрабоев 20 кун ўтгачгина, яқинлари билан кўриштирилди. Унинг аёли Феруза Маматова “Жараён” мухбири билан суҳбатда ҳибсда тутиб турилган эрининг аҳволи оғир эканини маълум қилди.
Асл исми Тўрабой Жўрабоев бўлган, чор-атрофдагилар Набижон Жўрабоев деб таниган оқсоқол маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан 31 май куни ўз уйидан ноқонуний равишда олиб кетилганди.
– Эрим билан йигирма кун деганда учрашдим, адвокатимиз учраштирди. Улар: “касалман”, деди. Давленияси жуда баланд, “дориларим тугаган”, деди. Аввал бериб юборган ҳамма дориларни ичиб бўлибди. Кеча терговчига яна анча дорилар бериб юбордим, “бериб қўяман”, деди. Шундан бери ҳали учрашганим йўқ. У киши: “Аҳволим оғир, чиқаришга ҳаракат қилинглар”, деди, йиғлаб юборди. Ёш бўлса ҳам майлийди, ёши катта. Ўн кун бўлди учрашганимга, шундан бери яна хабар йўқ. Адвокат ҳам келгани йўқ ўн кундан бери, фақат “эртага бораман”, деб алдайди. Ўн кун аввал кўрганимда эримнинг аҳволи яхши эмасди, жуда озиб кетганди.
Менга: “Йигирма кундан бери ҳеч нарса еганим йўқ, нимага овқат олиб келмайсан?” деди. Аввал олиб борган овқатларимни мелисалар беришмабди. Фақат учрашган куни эримнинг қўлига овқат тутқаздим. Терговчи: “Майли, киргизиб едирсин”, деди. Улар ҳар сафар олиб борган овқатимни олиб қолиб, эримга киргизмаган, – дея нолийди Феруза Маматова.
Унинг айтишича, Ғаллаорол туман Ички ишлар бўлимида сақланаётган эрига нисбатан “товламачилик” айби қўйилган. Айни пайтда аёл кексайиб қолган эрига нисбатан юклатилаётган айбловларнинг барчаси “ёлғон ва уйдирма” эканини айтади.
– Ҳозир эрим шу ерда, Ғаллаоролда, ҳеч қаерга юборгани йўқ. Лекин уни ҳалиям вилоятдан келган терговчилар ушлаб турибди. Улар эримни товламачиликда айблашаяпти, “ҳаммадан пул талаб қилиб олган, қарз олган”, дейишаяпти. Мелисалар бу ердаги одамлардан мажбуран ёздириб олибди, магазинчилардан, райгаздагилардан ёздириб олибди. Магазинчилар айтган эмиш, “бу кишига нарса берганмиз”, деб, “эшик, ром-пом ясаганмиз”, дейишибди. У киши билан неча йилдан бери яшайман, унинг ҳеч кимдан бир сўм қарзи йўқ, фақат пенсиядан ортган пулга нарса олардик, ўзимиз ҳам ҳайрон бўлиб ўтирибмиз. Эшик, ром ясатганмиз, аммо пулини берганмиз. Лекин улар туҳмат қилишяпти, ҳайрон бўлиб ўтирибман шунга. Бир-икки магазинчи туҳмат қилиб, ёзиб берган. Уларни ҳам мажбурлашган-да – товарларини олиб қўйишган, улар ўзларидан қўрқиб, мажбурликдан ёзиб беришган, – дейди Феруза Маматова.
75 ёшли отахоннинг рафиқаси бундан уч-тўрт кун аввал унинг уйига келган ва ўзини катта терговчи дея таништирган Бобобеков исмли бир милиция ходими Набижон Жўрабоев яшаб келаётган ҳовли, газ плитаси, газ баллонини ва газ ҳисоблагичларини суратга олиб кетганини ҳам қўшимча қилди.
Феруза Маматова Ғаллаорол туман ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари унинг ўзига ҳам таҳдид қилганларини айтиб берди.
– Менга уч-тўрт кун тазйиқ бўлди. “Сениям қамаймиз”, дейишди. “Телефонингни синдириб ташла”, дейишди. “Ҳаммага Наби акани яхши, деб айтасан, агар бировга телефон қилсанг ёки ошналари билан гаплашсанг, сени ҳам қамаймиз олиб бориб”, дейишди. Мени ҳам отделга чақиришди, “телефонингни синдирасан, Наби акага қийин бўла бўлмаса”, дейишди. Шунга мен олиб қўйдим телефонимни. “Бирор жойга мурожаат қилсанг, ҳаммаси бизни қўлимизда”, дейишди. Қўрқдим “Наби акага бирор нарса қилишади”, деб. Шунинг учун мен бир ойдан бери журналистлар билан боғлана олмадим, ўзимдан қўрқиб, Наби акага бирор нарса қилиб қўядими, деб.
Бир ойдан бери ана чиқади, мана чиқади, деб туришди, аммо гапирмай турганимнинг фойдаси бўлмади. Терговчи: “Суд бўлади”, деди. Суратга олиб кетган газ плитаси, баллонларни йўқотмай, ушлаб туринг”, деди. 50 минглик плита – уни ҳам бизга кимдир олиб берганмиш. Эрим ўзи сотиб олиб келган уни. Кейин айтмоқчи, холодильнигимизнинг документларини ҳам олиб кетиб қолди, уни ҳам биров олиб берганмиш бизга. Уларни чеклари бор, уни ўзи Жиззахдан сотиб олиб келган. Энди қўрқиб ўтирибман: “Ишқилиб, уни бировнинг номига расмийлаштириб, эримга айб қўйишмасин” деб, – дейди Феруза Маматова.
75 ёшли Набижон Жўрабоевнинг рафиқаси 11 июнь куни Тошкентга – Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидовнинг идорасига ёрдам сўраб мурожаат қилгани, аммо бу ҳам ҳеч қандай ижобий самара бермаганини таъкидлайди.
Мавзуни ёритиш чоғида “Жараён” мухбири Набижон Жўрабоевнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун унинг оила аъзолари томонидан ёлланган адвокат Қўлдош ака билан ҳам телефон орқали боғланди.
– У кишининг (Набижон аканинг) соғлиғи яхши, ҳозир жигари озроқ безовта қилиб турибди. Ҳозир эҳтиёт чорасини ўзгартириш учун облпрокуратурага, район прокуратурасига илтимоснома киритганмиз, – дея жавобни қисқа қилди Набижон Жўраевнинг адвокати.
Мақола чоп этиш учун ҳозирланаётган пайтда Феруза Маматова “Жараён”га бу адвокат хизматидан воз кечилганини, Набижон акани ҳимоя қилиш учун бошқа адвокат ёлланганини маълум қилди.
Набижон Жўрабоев Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани ва қўшни туманларда содир бўлаётган адолатсизликлар юзасидан Ўзбекистон ва хориждаги оммавий ахборот воситаларига ўз муносабатини билдириб келган.
Набижон ака билан содир бўлган воқеани ўрганган маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари Жиззах ҳуқуқ-тартибот идоралари 75 ёшли отахоннинг фаол фуқаролик позицияси туфайли ундан ўч олишаётганини таъкидлашмоқда.
Fikr bildirish