Ўзбекистон: Расмийлар диндорларга босимни кучайтирмоқда

Ўзбекистонда турли конфессияга мансуб диндорларни таъқиб қилиш кўлами сезиларли даражада кенгайди.

Кузатувчилар муқаддас Рамазон ойи кунлари расмийларда тажанглик ҳолати кучайганини қайд этмоқдалар. Шу кунларда Қашқадарё, Жиззах ва Тошкент вилоятларида махфий хизматлар томонидан “тарбиявий суҳбат” ўтказиш учун 15-20 ёшлардаги мусулмон йигитлар қўлга олинган.

Ўгит-насиҳатлардан сўнг улар қўйиб юборилган. “Жараён” журналисти суҳбатдошининг таъкидлашича, “эндиликда итоаткор даҳрийлар сони кўпайган”.

Бу йигитларнинг қўлга олинишига уларнинг бор-йўғи ўз тенгқурлари билан Ислом ҳақида сўзлашганлари сабаб бўлган. “Жараён”даги маълумотларга кўра, бундай ҳуркитиш акциялари чақимчилик учун пул оладиган айғоқчиларнинг аризаларидан сўнг ўтказилади. Улар ўз хизматлари учун 50 доллардан 150 долларгача, баъзан эса бундан ҳам кўпроқ олишлари айтилади. Манбаларимиз “диндорлар ишлари” бўйича махсус режа мавжудлигини таъкидламоқдалар: айғоқчилардан ойига камида ўнта чақув хати талаб қилинади.

Тошкентдаги олийгоҳларнинг бирида ўқийдиган Шавкат М. исмли (суҳбатдошнинг фамилияси унинг хавфсизлиги нуқтаи назаридан кўрсатилмади – “Жараён”) талабани жиззахлик милиция ходимлари икки соат давомида тергов қилиб, унинг диндорлик даражаси билан қизиққанлар. Талабанинг қўлга олинишига эса унинг бозордаги сотувчига: “Мусулмонлар ўз биродарлари ҳисобидан бойлик орттиришлари мумкин эмас” қабилида айтган танбеҳи сабаб бўлган. Диндор йигитнинг сотувчи билан одоб-аҳлоққа оид даҳанакиси унинг қўлга олинишига асос бўлган.

Форум 18 нинг хабар қилишича, ҳозир болаларга Қуръондан сабоқ берган Мирмуҳиддин ва Сирожиддин Мирбайзаевлар устидан қўзғатилган жиноий иш тергови олиб борилмоқда. Судланган мусулмонлар қамоқда тез-тез ақл бовар қилмас қийноқларга дучор қилинади.

“Жараён”нинг Тошкентдаги мухбири насронийлар таъқиб қилинишига оид янги фактлардан хабар қилди. Жорий йилнинг 14 июнь куни Урганчдаги темир йўл вокзалида Хоразм вилоятининг Хонқа туманида истиқомат қиладиган Сардор Норматов қўлга олиниб, милиция ходимлари томонидан қаттиқ калтакланганди. Йўловчи аёллардан бири унга қайнсинглисининг илтимосига кўра инглиз тили дарслари ёзилган флешкани етказиб берган. Сардор флешкани олгач, унинг олдига уч киши келиб, йигитдан шахсини тасдиқловчи ҳужжат кўрсатишни талаб қилган. Йигит ҳужжатини кўрсата олмагач эса уччовлон уни “сен жуда шубҳали шахс экансан” дея вокзал биносига олиб кириб кетишган.

Флешка компьютерда текшириб кўрилгач, Сардор рост сўзлагани аниқланган, шунга қарамай, қўлга олганлар йигитни шаҳар милиция бўлимига олиб кетишиб, ўша ерда уни дўппослай бошлаганлар. Сардорни “қандайдир қалин китоб билан” бошига, сўнг эса мушт билан кўкрак қисмига уришган ва тепкилашган. Йигитни дўппослаган фуқаролик кийимидаги кишининг исм-шарифи Машарипов Шуҳрат бўлиб, у тўхтовсиз “барча сектантларни қамоққа тиқиши”ни айтиб, таҳдид қилган.

Таҳқирлашлар олти соат давом этган. Кечқурун эса дўппосланган Сардорни Хонқа туманига олиб кетишган. Тинтув учун ҳеч қанақа рухсатномага эга бўлмаган милиция ходимлари унинг уйида сақланаётган барча китобларни кўздан кечириб чиқишган. Улар насроний йигитнинг “жиноий” фаолиятига далил ўлароқ Сардорга тегишли иккита китоб, компьютер ва мобил телефонни мусодара қилишган.

Улар кетишгач, уйдагилар “Тез ёрдам” чақиришган ва машина Норматовни касалхонага олиб кетган. Касалхонада шифокор 02 га қўнғироқ қилганидан кейин милиционерлар келган. Улар оғриқдан иҳраб ётган Сардорни милиция бўлимига олиб кетишган ва йигит у ерда ситамгарлар устидан ариза ёзган. У касалхонага қайтиб келганидан кейингина тиббий ёрдам олишга муваффақ бўлган.

Мия чайқалишидан даволаниш учун Сардорга бир неча ҳафта керак бўлди. Ҳозир милиция ва прокуратура ўз шарафини ҳимоя қилиш учун Сардорни насронийликка оид адабиётларни тарқатганликда айбламоқчи бўлиб турибди. Унга йирик миқдорда жарима солишлари мумкин. Бу эса хазинаси бўшаб ётган мамлакатда Фемида томонидан белгиланувчи суюмли жазо турига айланиб қолган.

Хоразм милицияси Ўзбекистон қонунларини четлаб ўтган ҳолда диндорларни таъқиб қилиш бўйича катта тажриба орттирган. 2009 йили республикада ўн нафар фуқаро узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ўшанда расмийлар диндорларни “Нурчилар” диний оқимига аъзоликда айблаб чиққандилар. Уларнинг ҳаммаси олий маълумотли кишилар эди, улардан бирортаси соқолли мутаассиб эмасди.

Нашримиз аввалроқ Ўзбекистоннинг чекка ҳудудида протестант мазҳабига мансуб насронийларга қарши авж олган чинакам ов ҳақида материал чоп этганди. Шу ўринда МХХнинг Хоразм бошқармаси зобити Аҳмад Сотволдиевнинг маҳалла фуқаролари мажлисида Шарофат Алламовага қарата: “Сизга ўхшаган насронийларнинг ҳаммасини битта жойга тўплаб, ёқиб юбориш керак” деган гапини эслатиб ўтиш жоиз. Алламова ишида юристлар тергов чоғида содир этилмиш ўнлаб қонунбузарликни қайд этгандилар.

Ўзбекистон расмийлари турли халқаро давраларда БМТ, АҚШ ва Европа Иттифоқидан бўлган ҳамкорларни авраб, мамлакатда диний ҳуқуқ ва эркинликларга риоя қилинаётганини урғулашдан чарчамайдилар. Бироқ ёппасига коррупция ҳукм сураётган, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тобора сусайиб бораётган ва фуқаролик жамиятига автократик босим ўтказиш авж олиб бораётган шароитда ҳозирча расмийларнинг ўзлари ундириб-улғайтираётган латент экстремизм кучайиб бораяпти, холос.

Мақола нашрга ҳозирланаётган пайтда “Жараён” мухбирлари яна Сардордан хабар олди. Маълум бўлишича, милиция қутқуси сабаб отаси уни хотини ва боласи билан бирга уйдан ҳайдаб чиқарибди. Сардор ишлаган ташкилот раҳбари эса тунда унинг олдига келиб, ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишни талаб қилибди…

Ортиқ ОЛЛОБЕРГАНОВ

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.