Туркманистон президенти: Шавла кетса, кетсин…

21 июль куни навбатдаги байрамни – Туркманистон Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт саноати ходимлари кунини нишонлади. Байрам арафасида тиббиёт соҳасидаги янги объектлар пойдевори қўйилиши ва очилиши бўйича тантанавор тадбирлар бўлиб ўтди. Ашхободликларга бу тантаналар ғам-андуҳ, руҳий зўриқиш ва таҳқирланишдан бошқа нарса ҳадя қилгани йўқ.

Малакали стоматологлар етишмаётган (бошқа мутахассисларни ҳам етарли деб бўлмайди) бир пайтда Ашхободда улкан олти қаватли Стоматологик марказ очилди.

Замонавий ускуналар билан жиҳозланган бу марказда кунига 400-450 киши юқори сифатли ёрдам олиши кўзда тутилган. Бироқ «бунақанги ёрдамни ким кўрсатади?» деган савол очиқлигича қолмоқда. Фуқаролик жамияти фаолининг таъкидлашича, «ўз касбининг усталари йўқлиги ва қимматлиги туфайли одамлар бу марказга боришни истамай, хусусий шифокорларга боришни афзал билишади».

Янги марказ очилишидан бир ой олдин расмийлар бу «якка тартибдаги шифокорлар»га қарши ҳақиқий овни бошлаб юборди. Кам сонли хусусий клиникалар ёпилди, уйда касал қабул қиладиган шифокорлар киши кўрмас бўлдилар. Бу қўрқитиш акциялари чоғида фожеа юз берди. Президент Қурбонқули Бердимуҳаммедов қачонлардир ўзининг устози деб билган профессор К. Пашаев юраги бу ўзбошимчалик ва таҳдидларга дош беролмади. У ўзининг оқибатсиз шогирдига профессионал шифокорлар ҳамжамиятининг муаммоларини етказолмай, оламдан ўтиб кетди. Қарийб бир миллион аҳоли яшайдиган шаҳар бу каби марказлаштириш туфайли, моҳиятан, мутахассислардан маҳрум бўлди. 45 та хусусий клиникадан фақат бир-иккитасигина ишлаш учун рухсатнома олишга муваффақ бўлди, холос.

«Жараён»нинг Ашхободдаги манбасига кўра, шу кунларда жазирама иссиқ одамларнинг тинка-мадорини қуритди. Ўнлаб одам офтоб уриб, турган жойида йиқилиб қолди. Суҳбатдошга кўра, «оқ халатли соғлиқни сақлаш ходимлари ўз иш жойлари ва касалларни ташлаб қўйиб, каллаи саҳардан йўл бўйи ва объектлар олдида ҳозир бўлиб туришди. Хўжакўрсин «шод-хуррамлик, «миллат раҳбари»га мажбурий муҳаббат изҳори» учун улар жазирама авжига олган паллада 5-6 соат офтоб тиғи остида туришди. Аёвсиз қуёш жондан азиз «Арқадағ»нинг (Туркманистон президентининг хос унвони, «Туркманлар таянчи» маъносида) саломатчилигига зиён етказмаслиги учун президент ва маросимнинг бошқа юқори лавозимли иштирокчилари учун бу ерда махсус чодир қурилганди.

Йўл ёқалаб турган тиббиёт ходимлари ҳушидан кетиб қолдилар ва уйларига базўр етиб олдилар. Дам олиш кунлари бўлган 20-21 июль кунлари уларга уйларида ҳордиқ чиқариш имконини бермадилар, улар бу кунлари маросимда иштирок этиш ва чапакбозлик қилишга мажбур бўлдилар.

Табрик нутқида президент тиббиёт ходимларини ўзи билганча рағбатлантирган бўлди: «Аминманки, бу байрам шарофати билан севимли Ватанимизнинг шаҳар ва қишлоқларида ташкил қилинаётган мусиқали чиқишлар, кўргазма ва анжуманлар бахтиёр туркман халқи, шу жумладан, инсон саломатлигини мустаҳкамлашга ўзларининг бутун куч, тажриба ва қобилиятларини бахшида қилаётган соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари илҳомини янада жўш урдиради!»

Афтидан, туркман президенти ҳали кўп маротаба аҳли жаҳонни ўз донолиги билан лол қолдиради. Унинг салафи ҳам ана шундай теран мулоҳазалилиги билан ажралиб турарди. Биринчи туркманбоши Сапармурод Ниёзовнинг сўзи эндиликда янги мазмун касб этган: «Ёшлигимда мен кучукларни кузатардим. Ғажисинлар учун уларга суяк ташлашарди. Аминманки, сизларнинг ичингиздан тишлари тўкилиб кетганлар суяк ғажимаган. Менинг маслаҳатларимга қулоқ тутинг!»

Ҳозирда расмийлар туман поликлиникаларидаги стоматологик бўлимларни ёпиб, у ерда ишлайдиган барча ходимларни марказга кўчириш тараддудида юрибдилар. Аммо бу ҳам кадрлар муаммосини ҳал қилолмайди. Ҳатто юқори малакали кадрлар ва суперзамонавий жиҳозлар бўлган тақдирда ҳам хизмат ҳақининг қимматлиги аксар аҳолини марказдан бездиради. Ашхободлик суҳбатдош бунга бир мисол келтиради: «Янги кўз институтида дастлабки ташхис қўйишнинг ўзи юз доллардан ошиб кетади, бу ўртача нафақа пулидан ҳам кўп».

Янги стоматология марказининг биноси улкан тиш шаклида қурилган (ғазаби жўш урган эл: «Бу кетишда гинекология, урология ва проктология марказлари биноси қанақа шаклда бўларкан», дея киноя қилишни бошлаб юборган).

Марказ очилиш маросимида қатнашган International Property Awards халқаро ташкилотининг президенти Стюард Шилд, ашхободликнинг таъбирича, Туркманистон президентининг «нўноқона меъморий ҳавас»ини дастаклаб, Стоматологик марказга мисли кўрилмаган архитектура ва тараққиёт учун иккита беш юлдузли сертификат топширди. Расмий оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишича, бу қарорни 90 мамлакатдан тушган 2 мингта лойиҳани кўриб чиқмиш 65 нафар халқаро эскпертдан иборат, Буюк Британия Лордлар палатаси вице-спикери, лорд Бейтс бошчилигидаги комиссия қабул қилган.

Туркманистон расмийлари мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммоларни ўжарлик билан тан олишни истамаслигига мисоллар кўп. Улар мамлакатда ОИТВ-ОИТС, гиёҳвандлик тарқалиб, ошқозон-ичак касалликлари кўпайиб бораётганини қатъиян рад этиб келадилар. Шунингдек, улар кам таъминланган фуқаролар соғлиғи мониторинг қилинишига турли йўллар билан тўсқинлик қилишга уриниб келадилар.

Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш йўлидаги асосий тўсиқ Туркманистон президенти сиёсий режимининг ўзи бўлиб ҳисобланади. 2009 йили «Чегара билмас шифокорлар» халқаро тиббий гуманитар ташкилотининг Туркманистондан чиқиб кетиши углеводородларга бой бу мамлакат соғлиқни сақлаш тизимида ёппа муваффақиятсизликлар борлигини кўрсатди. Қизиқ, Қурбонқули Бердимуҳаммедов бу йил ЮНЕСКОнинг Ибн Сино номидаги Олтин медалига қайси хизматлари учун сазовор бўлди экан?

Лола АНАЯТОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.