Ўзбек суди Турсуновни рецидивист дея тан олди ва ўн олти йилга озодликдан маҳрум қилди

“Жараён” журналистлари ўзларининг Ўзбекистондаги манбалари ёрдамида жорий йилнинг баҳорида Алматидан Тошкентга экстрадиция қилинган қочқин Хайрулло Турсунов устидан чиқарилган ҳукм нусхасини қўлга киритишга муваффақ бўлдилар.

“Жараён”га ҳукм нусхасидан маълум бўлишича, 38 ёшли Хайрулло Турсунов устидан суд маҳкамаси Қашқадарё вилоят жиноят ишлари бўйича судида судья А. Элмуродов раислигида очиқ режимда бўлиб ўтган. Турсуновга нисбатан суд ҳукми 2013 йилнинг 6 июнь куни ўқилган.

“Х.Турсуновга узил-кесил 16 (ўн олти) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлансин. Х.Турсунов Ўзбекистон Республикаси ЖК 34-моддаси 3-қисмининг “а” бандига асосан ўта хавфли рецидивист деб топилсин. Жазо махсус тартибли колонияда ўтаттирилсин. Жазо муддати 2012 йил 7 апрель кунидан бошлаб ҳисоблансин”, дейилади Хайрулло Турсуновга нисбатан чиқарилган ҳукм нусхасида.

Турсуновга Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича айблов билдирилган:

155-моддасининг 1-қисми, 156-моддаси 3-қисмининг “д” банди, 159-моддаси 3-қисмининг “а,б” бандлари, 216-моддаси, 223-моддаси 2-қисмининг “б” бандива 244/2-моддасининг 1-қисми.

Эслатиб ўтсак, Турсунов муқаддам 2003 йилда Ўзбекистонда террорчилик ва конституциявий тузумга тажовуз қилганликда айбланганди. Ўзбек расмийлари уни ва яна ўн саккиз нафар диндорни террористик гуруҳларда иштирок этганликда айблаб, ўн икки йилга озодликдан маҳрум қилишганди.

Бироқ 2004 йилнинг февраль ойида Турсунов амнистия туфайли озодликка чиқади.

Бу сафар эса ўзбек суди Хайрулло Турсуновни бир гуруҳ шахслар билан жиноий тил бириктириб, уюшган гуруҳга бирлашиб, унинг манфаатларини кўзлаб, терроризм, яъни халқаро муносабатларни мураккаблаштириш, давлат суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини бузиш, хавфсизликка путур етказиш, уруш ва қуролли можаролар келтириб чиқариш, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириш, миллий, этник ва диний адоватни тарғиб қилиш, Ўзбекистон республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш, диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ва бошқа таъқиқланган ташкилотлар тузиш, уларнинг фаолиятига раҳбарлик қилиб, фаол иштирок этиш, ғайриқонуний диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш ҳамда қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш каби жиноятларни қасддан содир этган, дея топди.

Алоҳида қайд этиш жоизки, Хайрулло Турсуновга нисбатан чиқарилган суд ҳукмининг нусхасида 2011 йили Алматидан Тошкентга экстрадиция қилинган йигирма тўққиз нафар ўзбек қочқинининг баъзилари ва уларнинг аёллари ҳақида ҳам гап кетган. Ўзбек томонига кўра, Х.Турсунов Л.Назаров, У.Турсунов, М.Ғуломов ва бошқалар билан жиноий тил бириктириб Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида диний экстремистик ва фундаменталистик ғоялар билан йўғрилган “Эркаклар” ва “Аёллар” диний жамоатини ташкил қилган ва унга раҳбарлик қилиб келган.

Жумладан, суд ҳукмида Қозоғистондан экстрадиция қилинган йигирма тўққиз нафар қочқиннинг бири бўлмиш С.Хуррамовнинг дастлабки тергов пайтида берган кўрсатмалари ҳам келтириб ўтилган. Унда Хуррамов Алмати шаҳрида Остонов Улуғбек, Ғуломов Муҳиддин, Турсунов Хайрулло ва бошқалар билан биргаликда диний экстремистик, фундаменталистик ғоялар билан йўғрилган “Эркаклар” ва “Аёллар” жамоатини тузишганлиги, “Эркаклар” жамоатига Хайрулло Турсунов, “Аёллар” жамоатига эса “Умида” исмли аёл раҳбарлик қилиб келганини маълум қилган.

“Жамоат йиғилишларида Ўзбекистон республикаси ўрнига Ислом давлати ўрнатиш кераклиги, Ўзбекистоннинг сиёсий тизими нотўғрилиги, Ўзбекистонда диний эркинлик йўқлиги, сиёсий тизим фақат диндорларга қаратилганлиги, шу сабабли барчалари бошқа давлатларга ҳижрат қилишлари, жиҳод қилишга ҳар доим тайёр туришлари кераклиги ҳақида даъватлар қилиб келинганлиги ҳақида кўрсатма берган”, деб кўрсатилган С.Хуррамовнинг кўрсатмалари Турсуновга нисбатан чиқарилган суд ҳукмининг нусхасида.

Аммо Хайрулло Турсуновнинг ўзига нисбатан билдирилган бу айбловларнинг барчасини рад қилган.

“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоева, Хайрулло Турсуновнинг яқинлари билан мулоқот чоғида судда Турсунов ўз ҳимояси учун ҳаракат қилмагани, яъни ўз тақдирига лоқайдлик билан муносабатда бўлгани маълум бўлганини айтади.

– У адвокатининг ва яқинларининг ўз ҳимояси учун судда ошкора гапириши кераклиги ҳакидаги фикрларига ҳам қулоқ солмаган. Бу ўзининг ҳимояси учун тинимсиз курашган ва Қозоғистон қамоқхонасида туриб ўз айбсизлигини исботлашга ҳаракат қилган Хайрулло Турсуновга умуман ўхшамайди. Собиқ маҳкума ва Ўзбекистон қамоқхонасида қийноқ усулларини кўрган ва ўша усуллар билан қийноқларга солинган маҳкума сифатида мен Хайрулло Турсуновга кучли босим ўтказилгани ва у ўз ҳимояси учун курашмасликни, умуман ўзини ҳимоя қилмасликни талаб қилинганига ва шу мақсадда унга ўта ваҳшиёна қийноқ қўлланилганига ишонаман, – дейди Мўътабар Тожибоева.

Шунингдек, у ҳозирда Хайрулло Турсунов каби диний эътиқоди учун Ўзбекистон ҳукуматининг таъқибларига учраётган мусулмонлар ҳимоя қилинмаётганидан таассуф билдирди.

– Хайрулло Ўзбекистон ҳукумати аталмиш қийноқ механизми билан юзма-юз ёлғиз қолган ва унга энди уни ҳеч қандай куч ҳимоя қила олмаслигини “тушунтиришган”. Диний эътиқод тутқунларини ҳимоя қилиш ҳакида қанчалар бонг урилмасин Хайрулло Турсунов сингари диний эътиқоди учун Ўзбекистон ҳукуматининг таъқибларига учраган мусулмонлар ҳимоя қилинмаяптилар. Буни мисоли тариқасида айтишим мумкинки, Хайрулло Турсуновни ҳимояси учун маблағ беришларини сўраб, айнан диний эътиқоди учун таъқибга учраган шахсларни қўлловчи жамғармаларга қилган мурожаатларимиз натижа бермади. Ҳанузгача улардан на рад жавоби, на қониқарли жавоб ололганимиз йўқ. Ҳудди шундай вазият Қозоғистонда ҳибсга олинган йигирма тўққиз нафар қочқин билан ҳам содир бўлганди. Бу эса жуда ҳам ачинарли ҳолдир, – деди Мўътабар Тожибоева.

Асли Қарши туманининг Яккаёғоч қишлоғидан бўлган Хайрулло Турсунов 2012 йилнинг апрель ойида поездда оила аъзолари яшаётган Россияга кетаётган пайтда Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрида ҳибсга олинганди. Унинг қўлга олинишига Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Турсуновни қидирувга берганлари асос бўлган.

Ўзбекистонда унга оғир жиноятлар содир этганлик, жумладан, конституциявий тузумга тажовуз, террорчи гуруҳларга аъзолик ва Олмаота шаҳрида тузилган ноқонуний диний жамоатга алоқадорлик каби айбловлар қўйилган. Шу боис Ўзбекистон томони Хайрулло Турсуновни Қозоғистондан экстрадиция қилишни сўраб келган.

Қарийб бир йил давомида Хайрулло Турсунов аввал Ақтўбедаги, сўнг эса Алматидаги вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида тутиб турилди.

Бу орада “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги бошқармасига бошпана изловчи Хайрулло Турсуновнинг иши бўйича якка тартибдаги шикоятни жўнатганди. Шу йилнинг 28 февраль куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари олий комиссарлиги бошқармаси “Ўтюраклар клуби” раҳбари Мўътабар Тожибоева номига мактуб йўллаб, унда Хайрулло Турсунов иши бўйича ташкилот тайёрлаган шикоят қабул қилингани, улар шикоят кўриб чиқиладиган муддат давомида ўзбек қочқинини Ўзбекистонга қайтиб юбормасликни, яъни эстрадиция қилмасликни сўраб, Қозоғистон расмийларига мурожаат қилганларини билдиргандилар.

Аммо, БМТ талабига қарамай, жорий йилнинг 13 март куни расмий Остона Хайрулло Турсуновни Тошкентга экстрадиция қилди.

Асад БОЙМУРОДОВ

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.