Ҳуқуқ фаолининг акаси Қўралбой Раҳимов ҳам юқорида айтилганларни тасдиқлар экан: “Икки ҳафтача бўлиб қолди Эргашбой озод бўлди, лекин Шуҳрат Рустамов ва журналистлар билан гапирмайсан” деб тилхат олишганми ёки йўқми бу менга қоронғу”, дея билдирди.
Шу йилнинг 9 июнь куни Эргашбой Раҳимовнинг Манғит қишлоғидаги уйига борган милиционерлар Амударё туман Ички ишлар бўлим бошлиғи уни суҳбатга чақираётганини айтиб ҳуқуқ фаолини ўзлари билан бирга олиб кетганлари ва ўша ерда ноқонуний ҳибсга олингани хабар қилинганди.
Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси вакили Шуҳрат Рустамов ҳуқуқ фаоли Эргашбой Раҳмовнинг ҳибсга олинишини унинг фаолияти билан боғлиб, у жорий йилнинг февраль ойида юртдоши Солижон Абдураҳмонов ҳимояси учун Тошкентдаги тадбирларда иштирок этганидан кейин унга нисбатан тазйиқлар кучайганини билдирганди.
Эргашбой Раҳимовнинг ҳибсга олиниши ортидан Ўзбекистон президенти номига йўллаган мурожаатномасида Шуҳрат Рустамов Эргашбой Раҳимовнинг ноқонуний ҳибсга олингани, суд айблови ва рухсатисиз уни вақтинча сақлаш ҳибсхонасида ушлаб туриш муҳлати тугаган бўлишига қарамай, у озодликка чиқарилмаётгани каби қатор қонунбузарликларни санаб ўтган эди.
– Шуҳрат аканинг ўша мурожаатномасидан кейин Тошкентдан туман катталарига қанақадир буйруқ келган. Булар укам Эргашбойни Амударё туман Ички ишлар қамоқхонасида бир кун сақлаб кейин уни Нукус Ички ишлар бўлим қамоқхонасида ўн кун, ундан кейин Беруний туман Ички ишлар бўлим қамоқхонасида яна йигирма кун сақлаб, яъни биздан яшириб турган. Бу ишларидан ҳеч қандай натижа чиқмаган, яъни укамни йўқотиб юбориш қўлларидан келмагандан кейин ноилож қўйиб юборишган. Амударё туман суди ҳам укам Эргашбойнинг ишига отвод берган, – деди сешанба куни “Жараён” мухбири билан суҳбатлашган Ўралбой Раҳимов.
Суҳбатдошимизнинг гапига қараганда, ҳуқуқ фаоли Эргашбой Раҳимов вақтинча сақлаш қамоқхонасида сақланган чоғида унга ҳеч қандай босим ёки қийноқ қўлланилмаган.
– Укамнинг саломатлиги яхши, ҳозир уйда, бекор. Ҳеч ким билан гаплашмайди, телефонлардан ҳам кўнгли совуб кетганга ўхшайди, – деди Ўралбой Раҳимов.
Гулнора РАВШАН
Fikr bildirish