«Биз сизга сиёсий сабаблар туфайли қамалганга ўхшаётган ўзбекистонлик уч маҳкумнинг соғлиғи ва аҳволи ҳақида маълумот сўраб ёзмоқдамиз», – деб ёзади сенаторлар Каримовга.
Сенаторларга кўра, қамоқхонада бу сиёсий маҳбусларнинг уччаласи ҳам малакали тиббий ёрдам йўқлигидан азият чекмоқдалар ва ўта қийин шароитда сақланмоқдалар.
61 ёшли ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Турғунов, 50 ёшли журналист Дилмурод Саидов ва 63 ёшли журналист Солижон Абдураҳмонов узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилинганлар. Нуфузли ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳар уччала сиёсий маҳбус сохта айбловлар билан ва халқаро ҳуқуқ меъёрлари бузилган ҳолда судланганларини таъкидлайдилар.
Дилмурод Саидов, Аъзам Турғунов, Ғайбулло Жалилов ва Солижон Абдураҳмоновни ҳимоя қилаётган Freedom Now ҳуқуқни муҳофаза қилиш халқаро ташкилоти адвокати Патрик Гриффит «Жараён»га берган интервьюсида америкалик сенаторларнинг Ўзбекистон президентига мурожаат қилиш сабаблари, уларнинг нима сабабдан бу уч маҳкумни танлаб олганлари, бу мактуб икки томонлама алоқаларда қандай акс этиши мумкинлиги ва бошқа кўплаб масалалар ҳақида сўзлаб берди.
Жараён: Июнь ойи охирида АҚШ Конгрессининг ўн икки нафар эътиборли сенатори Ўзбекистон президентига ёзган мактубида Ислом Каримовни уч сиёсий маҳбус – журналистлар Дилмурод Саидов ва Солижон Абдураҳмонов ҳамда ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Турғуновни «зудлик билан ва ҳеч қандай шарт-талабсиз» қамоқдан озод қилишга чақирди.
Сизнингча, америкалик сенаторларнинг мазкур мурожаати нима билан боғлиқ ва пировардида бундан нимани кутиш мумкин?
Патрик Гриффит: АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқиш санаси яқинлашгани сайин икки мамлакат ҳукуматлари ўртасидаги ҳамкорлик тобора тиғизлашиб бораяпти. Сенаторлар бу каби яқинлашув Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш борасида алоқалар теранлашиши учун баҳона бўлиши керак, деб ҳисоблаган бўлишлари мумкин.
Бундан нима кутиш мумкинлигини айтиш қийин. Албатта, ишлар кўнгилдагидек кетадиган бўлса, мазкур мактубда номлари зикр этилган ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларнинг озод бўлишини кўришни истардик. Аммо бундай бўлиш эҳтимоли кам. Ўтмишда ҳукуматлараро алоқалар яхшиланиши асносида қамоқдаги ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил журналистларнинг озод қилиниши кузатилган. Шу важдан ҳам, ҳеч бўлмаганда, улардан биттаси озод қилинишини кутиш асоссиз бўлмайди.
Айрим шахслар озод қилинишидан ташқари, сенаторларнинг бу мурожаати Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумий вазият, хусусан эса, ҳукуматнинг ҳуқуқ ҳимоячилари ва сиёсий мухолифат аъзоларига нисбатан муносабати ижобий томонга ўзгаришига хизмат қилишини истардик.
Жараён: Сенаторлар президент Каримовдан айнан уч сиёсий маҳбус – Дилмурод Саидов, Солижон Абдураҳмонов ва Аъзам Турғуновни озод қилишни сўраганлар. Уларнинг мактубида бу одамларнинг соғлиғи ўта ночорлиги, шунинг учун ҳам уларни озод қилиш зарурлиги айтилган. Бироқ ҳозирги пайтда Ўзбекистон қамоқхоналарида сиҳат-саломатлиги ҳавас қилиб бўлмайдиган ўнлаган сиёсий маҳбус азият чекмоқда. Нима учун сенаторлар улар орасидан айнан шу уч кишини танлаб олди?
Патрик Гриффит: Ўзбекистон қамоқхоналарида сиёсий маҳбуслар жуда кўплиги ҳақиқатан сир эмас. Боз устига, Ўзбекистон аҳлоқ тузатиш муассасаларидаги шарт-шароит ўта аянчли бўлганидан кўпчилик маҳкумларнинг аҳволи ўта танглашган.
Сенаторлар бу уч ҳолатни танлаб олганларига булар ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъқиб қилиниши ва қамалиши билан боғлиқ умумий вазиятни тамсил этиши сабаб бўлган бўлиши мумкин. Бу ишлар ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб қилиш ва қамаш мақсадида тез-тез фойдаланиб туриладиган айбловлар характерини кўрсатибгина қолмай, судгача бўлган тергов чоғида қийноқлар ва аёвсиз муомала, ҳимоя ҳуқуқининг ёмон таъминлангани ҳамда жазо муассасаларидаги ёмон шарт-шароит дохил маҳбусларга нисбатан ҳақсиз муносабатни ҳам намоён этади.
Жараён: Биз Америкадаги ижроия ҳокимияти Ўзбекистон президенти олдига инсон ҳуқуқларига риоя қилиш борасида муайян талабларни қўйиб, уни имкон қадар асабийлаштирмасликка уринаётганини биламиз. Бу ҳолни НАТО қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши олдидан айниқса яққолроқ кузатиш мумкин. Айни пайтда қонун чиқарувчи ҳокимият, айниқроғи, айрим сенаторлар ва АҚШдаги қатор нодавлат ташкилотлари расмий Тошкентни танқид қилишни тўхтатмаяпти.
Қарор олиш бир одамнинг инон-ихтиёрига боғлиқ бўлган авторитар мамлакатлар сиёсатчилари учун бу каби ҳаракат алгоритми у қадар тушунарли эмас. Уларнинг фикрича, бундай йўл тутиш орқали ғарб мамлакатлари мунофиқона ўйин олиб бораяптилар. Нима деб ўйлайсиз, ғарб сиёсатчиларининг бундай кўп векторли ҳаракатини қайдай изоҳлаш мумкин?
Патрик Гриффит: АҚШда ҳокимият тақсимотида чегаралар аниқ қилиб белгилаб қўйилган. Ижроия ҳокимияти Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни камроқ танқид қилаётгани қонун чиқарувчи ҳокимият қандай ҳаракат қилиши лозимлигини белгилаб беролмайди. Ижроия ҳокимияти Афғонистондан АҚШ аскарларини ўз вақтида олиб чиқиб кетишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатдан ўзини сақлашга жон-жаҳди билан уринаётганига қарамай, сенаторларнинг Ўзбекистон президентига ҳуқуқ ҳимоячиларини озод қилиш илтимоси билан мурожаат қилиши бунга яққон мисол бўла олади.
Жараён: Ўзбекистон президентига мактубда америкалик сенаторлар «уч нафар сиёсий маҳбуснинг озод қилиниши муҳим икки томонлама алоқаларнинг давом этишига кўмаклашиши»ни ёзганлар. Юқорида исмлари зикр этилган сиёсий маҳбуслар озодликка чиқмаган тақдирда, сизнинг фикрингизча, бу ҳолат икки томонлама алоқаларда қандай акс этиши мумкин?
Патрик Гриффит: Мен бу важдан АҚШ ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги алоқаларда сезиларли ўзгариш бўлади, деб ўйламайман. Аммо биз АҚШ ҳукумати Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги вазият масаласини келажакда ҳам кўтаришда давом этишини истардик.
Жараён: 3 июль куни Би-Би-Сининг ўзбек хизматига берган интервьюсида Ўзбекистон сенатининг ҳуқуқ ва суд масалалари бўйича қўмитаси раиси Светлана Ортиқова америкалик сенаторларнинг уч нафар сиёсий маҳбусни озод қилиш талаби билан президент Ислом Каримовга юборилган мактубини «Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашиш», деб атади.
Шунингдек, ўтган йилнинг декабрь ойида журналистларга сўзлаган Ортиқова хоним бир неча нуфузли халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Ўзбекистон расмийларидан амнистия асосида қаторсиёсий маҳбусларни озод этишни талаб қилиб, баёнот тарқатганида ҳам ана шундай мулоҳаза билдирган эди.
Сизнинг Freedom Now ташкилотингиз ўша баёнот ташаббускорларидан бири бўлиб ҳисобланади. Сиз бу рўйхатдаги уч сиёсий маҳбус ишини БМТга тайёрлаб, халқаро ҳуқуқ меъёрларига таянган ҳолда уларнинг ишларини олиб бораяпсиз. Ўзининг сўнгги нутқида Ўзбекистон ва АҚШ расмийлари ўртасидаги муносабатнинг илиқлигини таъкидлаган Светлана Ортиқованинг бу сўзлари ҳақида нима дея оласиз? Америкалик сенаторлар мактубини “Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашиш” дейиш ўринли бўладими?
Патрик Гриффит: Мен бу мактубни Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашиш ўлароқ нисбатлаш мумкин, деб ўйламайман. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича барча асосий шартномаларни, жумладан, Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ва Қийноқларга қарши конвенцияни ратификация қилган. Мазкур ҳужжатлар инсоннинг асосий, дахлсиз ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилади. Бу ҳақ-ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ҳар бир давлатнинг бурчидир. Мактубда сенаторлар Аъзам Турғунов ва Дилмурод Саидов иши бўйича БМТнинг асоссиз ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳи хулосаси дохил нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан тақдим этилган маълумотларга таянганлар.
Ўзбекистон ҳукумати халқаро ташкилотлар баёнотларини эътиборсиз қолдириб келмоқда. Боз устига, ҳукумат БМТнинг асоссиз ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳи тавсияси юзасидан ҳеч қандай чора кўргани йўқ. Сенаторлар мурожаатини айнан шу контекстдан туриб кўриб чиқиш ўринли бўлади. Агар давлатлар фуқароларнинг тамал ҳуқуқ ва эркинликлари мунтазам равишда бузилишига нисбатан бефарқ бўлсалар, инсон ҳуқуқлари бўйича шартномалар шунчаки ўз эътибор-моҳиятини йўқотади-қўяди.
Жараён: Жаноб Гриффит, интервью учун Сизга катта раҳмат.
Freedom Now ҳуқуқни ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти юристи билан София ДАВРОНОВА суҳбатлашди.
Fikr bildirish