Нега жимсиз?
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг Россия зиёлиларига мурожаати
Ҳурматли жаноблар!!!
Биз сизларга – олимлар, ёзувчилар, рассомлар, бастакорлар ва артистларга мурожаат қилаяпмиз, чунки сизларни Россия зиёлилари ичида энг сара кишилар, деб ҳисоблаймиз ва сизни биладиган омма фикрингизга қулоқ беришига умид қиламиз.
Сизларга кун сайин кучайиб бораётган аксилмуҳожирлик жазавасини тинчитишда ёрдам беришингизни сўраб, мурожаат қилаяпмиз.
Жамиятимиз ҳаддан ортиқ нафрат гирдобига гирифтор бўлдики, ундан қутулишнинг ягона йўли – бу фуқаролар урушидир. Мамлакат портлаш ёқасига келиб қолган, бунинг учун битта гугуртни чақиш кифоя ва ўша “гугурт” энг тез аланга оладиган материал бўлмиш миллатлараро муносабатлар бўлиб қолиши мумкин.
Ҳокимият ўзи етиштирган ксенофобиядан фойдаланган ҳолда, норозилик кайфиятини ўзидан нари қилиб, уни “1-рақамли душман” – муҳожирларга бурмоқдалар. Жамият онги сурбетларча найранг билан бошқарилаяпти ҳамда бугунги кунда сиёсий ўйинларга алоқаси бўлмаган, жамият танийдиган ва ҳурмат қиладиган инсонларнинг хушёр торттириб қўядиган овозларига катта эҳтиёж бор. Бироқ бундай овозлар, афсуски, янграмаяпти.
Биз сизларни тушунамиз: сизга бугунги кунда Россияда миграция тиқиб қўйилган тор кўчадан чиқиш йўлини таклиф қилиш қийин. Мамлакатимизга яхши ҳаётдан эмас, балки оилаларининг тирикчилиги учун пул топиш мақсадида келаётган миллионлаб муҳожир яширин секторда ишлашга мажбур бўлаётгани ўтакетган бемаъниликдир. Бироқ улар мамлакатларидан мутлақо қонуний равишда, визасиз режим асосида чиқиб кетаяптилар, бизнинг мамлакатга келгандан сўнг эса тузоққа тушаяптилар: гарчи иш ҳар доим бўлса-да, улар учун қонуний равишда рўйхатдан ўтиш, ишлаш учун рухсатнома олиш имконсиз.
Қарабсизки, ноқонуний меҳнат муҳожири тайёр. Ноқонуний миграция барча жабҳаларда коррупция учун Клондайк экани ҳаммага маълум. Бунақада ебтўймас порахўрлар ўзлари учун фойдали бўлган ишга қарши жиддий кураш олиб борармиди? Элни гўллашга келганда эса улар бунга доим тайёр турадилар.
Ноқонуний миграцияга қарши олиб борилаётган ҳозирги “кураш” шунчаки яқинлашиб келаётган сайловлар олдидан ўтказилаётган пиар акция, холос. Хўш, нима бўлди ўзи? Шундай шов-шув кўтарилдики, гўё ўзга сайёраликлар қўшини (бир тўда чигирткалар) пойтахтга ёпирилгандай. Аслида эса Матвеевский бозорида оддий муштлашув содир бўлди, холос.
Доғистонлик савдогарлар полициячини дўппослашди, яъни бир россиялик иккинчи бир россиялик билан ёқалашди, аммо зудлик билан барпо этилган (концлагерь тартибидаги) лагерга юзлаб вьетнамликларни қамаб қўйишди ва бутун мамлакат бўйлаб тожик – ўзбек – қирғизлар овланмоқда. Вьетнамликларни эса (аниқки, улар мамлакатимизга қачонлардир виза асосида келишган, аммо бу, кўриб турганимиздек, уларнинг ноқонуний муҳожирга айланишига тўсиқ бўлгани йўқ) энди самолётда ватанларига жўнатишаяпти (айтганча, бу ишлар бюджетдан олинган пуллар эвазига, яъни биз – солиқ тўловчилар пули эвазига амалга оширилмоқда).
Бу орада сайловолди пойгаси иштирокчилари, ўзаро зиддиятни унутиб, бир овоздан Марказий Осиё мамлакатлари билан виза тизимини жорий қилишни талаб қила бошлашди. Аслида улар Россиянинг бу мамлакатлар билан реал чегараси йўқлигини, чегара масканлари ва ҳоказоларни қуриш учун эса мамлакатнинг бир йиллик бюджети миқдоридаги пулни сарфлашга тўғри келишини билишади, аммо бу факт негадир сиёсатчилардан ҳеч бирини қизиқтираётгани йўқ.
Хуллас, мен нима дейману, қўбизим нима дейди, дегандек бўлаяпти. Ўз навбатида, “келгиндилар”га нисбатан нафрат кўзини кўр қилган электорат бу бемаъниликни пайқамаяпти. Кўплар хурсанд бўлаяпти: “Расмийлар жилла қурса сайлов олдидан муҳожирларни бир ёқли қилишга киришди” деб. Ҳокимият буни қонуний равишда амалга ошираяптими-йўқми, умуман олганда, электоратга бунинг фарқи йўқ: “Ҳаммани ҳайдаб солиш керак! Нима, биз руслар ўзимиз фаррошлик қила олмаймизми?!”.
Муҳожирлар етказаётган зарар ҳақидаги ғазабнок ток-шоулар ҳамма каналларда тўлиб кетди, газеталар эса бир-бири билан пойгалашгандек, жиноятчилик ошгани ва мигрантларнинг касал юқтириши ҳақида оммани қаердандир олинган рақамлар билан гангитмоқда (одамни қўрқитадиган бу маълумотлар Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги статистикасига зид келиши билан ҳеч кимнинг иши йўқ).
Бироқ негадир шов-шув кетидан қувиб юрган журналистлардан ҳеч бири бир экзотик фактни эсга олгани йўқ: ахир асоратдаги вьетнамликлар (дафъатан) аниқланган фабрика ва чодирлардан иборат концлагерь ўтган йили кўнгиллилар ишчиларини қулликдан озод қилган “Озиқ-овқатлар” дўкони ўрин олмиш машҳур Гольяново тумани ҳудудида жойлашган.
Ўша воқеа жуда катта шов-шувга сабаб бўлганди, бироқ “Гражданское содействие” қўмитаси юристларининг профессионаллиги ва қатъиятига қарамай, бу ишни ҳалигача судгача етказишнинг имкони бўлмаяпти. Демак, 10 йил давомида ўша “Озиқ-овқатлар” дўконига “ҳомийлик” қилиб келган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳозирга келиб қулликка қарши курашишаётган экан (айтганча, бу дўкон ва унинг хўжайинларининг ишлари ҳали ҳам беш).
Эътибор қилинг: мамлакатимиз бутун дунё кўз ўнгида қулдорлик давлатига айланиб бораяпти, расмийлар эса қурбонларнинг ўзини бу шармандагарчиликнинг айбдори қилиб кўрсатмоқдалар.
Гарчи қурувчи муҳожирларнинг ҳужжатини тортиб олиб, оғир меҳнати учун бир тийин ҳам тўламай кўчага ҳайдаб чиқариш каби кўплаб ҳодисаларни билсак-да (жабрланувчиларни ўзимиз прокуратурага олиб боргандик), қулдорлар устидан бирор шов-шувли маҳкама жараёни ўтказилганини эслай олмаймиз.
Жаноблар, бу қулларга ҳечам раҳмингиз келмаяптими? Нафсиламрини айтганда, бугунги кунда марҳаматли бўлишга, муҳожирлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақириш шамолга қарши туфлашдек гап. Боз устига, эндиликда гап муҳожирлар ҳақлари хусусида эмас, ўз фуқароларимиз ақлининг хиралашиши ва мамлакат келажаги ҳақида кетаяпти.
Электорат онгига ҳеч бўлмаса биттагина рақамни етказа олсайдик: Россиянинг меҳнатга лаёқатли аҳолиси (ҳар йили!) миллион кишига камаймоқда. Муҳожирлар ўзига хайрихоҳроқ бошқа мамлакатларга кетиб қолсалар, Россиянинг аҳволи нима бўлади? Кўплаб тадқиқотларда исбот қилинишича, муҳожирлар келмай қўйса, Россия иқтисодиёти абгорлашиб қолади ва биз, россияликларнинг ҳар биримиз бугунгидан кўра камбағалроқ яшай бошлаймиз. Бугунги кунда муҳожирларнинг иқтисодиётимизга қўшган улуши ялпи ички маҳсулотнинг 7 фоизини ташкил қилади.
Бу орада кампания кўлами кенгайиб бораяпти, полициячиларнинг шафқатсиз дафи Россиянинг кўплаб шаҳар ва қишлоқлари бўйлаб ёйилди. Оммавий ахборот воситалари спорт шарҳловчиларига хос ишқибозлик билан қўлга олинганлар сони, халқ дружиналарининг жасорати (уларни Федерал миграция хизмати ёрдамга чақирган), мудҳиш маҳаллий ташаббуслар ҳақида хабар қилмоқда.
Масалан, Кронштадтда одам кўп тўпланадиган жойларда аноним хатлар учун қутилар ўрнатилди, бепул телефон линияси жорий этилди – “келгиндилар” ҳақида хабар қилинг, қўрқманг! Муҳожирлар кийимига қандайдир белги ёпиштириш керак, дейишгача бориб етишди (сариқ рангли юлдуз бўлса, киройи иш бўлса керак). Буларнинг барчаси миллатга илҳом баҳш этиб, уни жипслаштириш орқали ҳокимият тепасига келган Гитлернинг омма муҳаббатини қозониш услубини ёдга солади.
Наҳотки, сиз, ҳурматли илм-фан ва маданият арбоблари, мамлакатимиз осмони заҳарли ва бадбўй қора тутун билан қоплаганини сезмаяпсиз? Нега жимсиз? Матбуот ва телевидениенинг ўтакетган бебошлиги сизда норозилик уйғотмаяптими? Нега ўзингиз сизга минбар беришларини талаб қилмаяпсиз? Сиз бўлмасангиз, яна ким ёлғонлардан чарчаган ватандошларимизни ҳушига келтириши мумкин? Ё сиз ҳам чарчаб, умидсизликка тушдингизми? Бироқ шу кунда виждонли инсонларнинг сукут сақлаши тўғри бўлмайди. Чунки эртага сизни ҳеч ким эшитмаслиги мумкин.
Людмила Алексеева, Москва Хельсинки гуруҳи
Светлана Ганнушкина, “Гражданское содействие” қўмитаси
Лидия Графова, “Кўчиш-кўчириш ташкилотлари форуми”
Сергей Ковалёв, Сахаров маркази
Арсений Рогинский, “Мемориал” халқаро жамияти
Fikr bildirish