Бу билан у моҳиятан Набижон акага даъвоси йўқлигини билдирди, дейди Набижон Жўрабоевнинг рафиқаси Феруза Маматова.
Унинг айтишича, бугунги маҳкамада гувоҳ Сайёра Тоштемирова ҳам Набижон Жўрабоевга даъвоси йўқлигини маълум қилган.
Душанба куни бўлиб ўтган суд мажлисида фақат Акмал Ҳамроев деган йигит Набижон акага кузатув камераси олиб келиб берганини айтган. Бироқ, Маматовага кўра, Акмалнинг 1 миллион сўмга камера сотиб олиб, Набижон Жўрабоев уйига олиб келиб бергани ҳақидаги гаплари туҳматдан бошқа нарса эмас.
– “Камерани қайси пайтда олиб келиб бергансан?” деган саволга Акмал жавоб беролмади. Камера қайси пайтда олингани ва ўрнатилганини мана мен биламан. Аслида у камерани биз ўз пулимизга – 847 минг сўмга олганмиз, – деди Феруза Маматова.
Маматованинг айтишича, Акмал Ҳамроев суднинг бошқа саволларига ҳам жўяли ва аниқ жавоб қайтаролмаган.
Аввалроқ Набижон Жўрабоев устидан арз қилган Сувон Ҳакимов, Абдумалик Жомонбоев, Абдуқаҳҳор Ҳожимуродов ва Мирзааҳмад Нурматов ўз даъволаридан бутунлай ёки қисман воз кечгани ҳақида хабар қилинганди.
Бироқ, маълумотларга кўра, бу гувоҳлардан баъзилари маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари айрим ходимларининг дастаги билан яна ўз сўзидан тонишга ҳозир бўлиб турибдилар.
Маҳкамада иштирок этган гувоҳларга кўра, “Ғаллаоролтумангаз” идораси ходими Мирзааҳмад Нурматовҳатто 14 август куни Феруза Маматова устидан “Менга Интернет орқали туҳмат қилди” мазмунида судга ариза топширган. Бироқ суд бу аризани кўриб чиқишни кейинга қолдирган.
Феруза Маматова Мирзааҳмад Нурматовга нисбатан туҳмат қилмаганини, аксинча, “туҳмат қилди” дейиш билан унинг ўзи Маматовага нисбатан туҳмат қилаётганини айтди.
75 ёшли Набижон Жўрабоев шу йилнинг 31 майидан буён ҳибсда сақланмоқда. Ўнга яқин даъвогар аризаси асосида “товламачилик” ва “фирибгарлик”да гумонланиб судланаётган Жўрабоев устидан маҳкама 5 август куни бошланган.
Набижон (Тўрабой) Жўрабоев устидан навбатдаги суд маҳкамаси 24 август куни давом этиши кутилмоқда.
Асад БОЙМУРОДОВ
Fikr bildirish