Каримов ва Путин душманлари бўлган Қўзибой, Баҳодир ва Ҳадича… (видео)

Ўзбекистонлик бечора меҳнат муҳожири икки буюк давлатчининг таъқиб ҳадафига айланди.

Президент Каримов ўз юртдошларини “дангасалар” деб атаб, уларнинг мамлакатдан чиқиб кетишига турли тўсиқлар қўйиб келаяпти, Путин эса коррупцияга ботган ҳамтовоқлари ёрдамида концентрацион лагерлар барпо қилиш амалиётини муваффақият билан ўзлаштириб бормоқда.

Россия полицияси ва Федерал миграция хизмати томонидан туртиб-суртилаётган беш миллион қўзибой, баҳодир ва ҳадичалар мусофирчиликда мутелик билан қувғинни бошдан кечираяптилар, айни дамда улар Каримовнинг Жиззахда айтган сўзларини сотқинлик ва ошкора сурбетлик, дея баҳоламоқдалар.

“Жараён” мухбири Қорақалпоғистонда яшовчи Қўзибой М.нинг (унинг фамилиясини оила аъзоларининг илтимосига кўра келтирмаймиз) уйида бўлиб қайтди. Ўзбеклар, тожиклар, вьетнамликлар ва бошқаларни “овлаш” ва қўлга олиш авжига минмиш Москвадаги воқеалардан чўчиб қолган меҳнат муҳожирининг оила аъзолари биз билан истамайроқ суҳбатлашдилар. 76 ёшли оила бошлиғи ўғлининг Подмосковьеда қийналиб пул топаётгани ва набиралари отасиз ичикаётганлари ҳақида гапириб берди.

Россиядан келаётган пуллар эвазига улар уйларини битказаяптилар. “Наҳот Каримов ўғлимга иш топиб бера олса?” дея савол ташлайди кекса отахон ва ўз саволига ўзи жавоб беради: “50 доллар эвазига ҳеч ким фермернинг хизматини қилишни истамайди. Бу ерда заводлар йўқ, пахта бор, холос. Ўғлим яхши ғишт терувчи уста ва унга қурилишда 500-700 доллардан ҳақ тўлашаяпти. Ҳозир у дам олиш кунисиз ишлаяпти, эрталабки соат 8 дан кечки 8 гача. Мен уни болалигидан меҳнатга ўргатганман, шунинг учун менинг болам дангаса эмас. Ўзи шу Каримовга ўзбеклар керакмикин?”.

21 июнь куни Жиззах вилоятига сафари чоғида президент Ислом Каримов Россияда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини “дангасалар” деб атаган, уларнинг меҳнат муҳожиротида юришларини эса ўзбек халқи учун иснод ва жирканч ҳолат эканини айтганди. Каримов: “Ўзбекистоннинг ўзида ҳеч ким очликдан ўлаётгани йўқ”лигини айтиб, “бунақаларни дангаса дейманки, катта пул тезроқ топиш учун у ёққа (Россияга демоқчи – Жараён) бориб, шарманда қилади ҳаммамизни”, дея қўшимча қилганди.

Қайд этиш жоизки, бу “дангасалар” ўтган йили Ўзбекистонга 6 миллиард доллардан кўпроқ пул юборган ва бу пуллар мамлакатни ижтимоий бўҳрондан сақлаб қолганди.

Қўзибойнинг рафиқаси Нигора маҳаллий мактабда дарс беради. У қайнотасининг рухсати билан Каримовнинг айтганларига нисбатан ўз муносабатини билдиришга рози бўлди. Унинг сўзлари видеокамерага ёзиб бўлингач, аёл русчалаб: “Каримов яхшиси ўз қизларига ақл ўргатсин”, дея қўшиб қўйди.

“Жараён” мухбири бу хонадонни тарк этаётган пайтда Россиядан қўнғироқ бўлиб қолди. Қўзибой яқинларига “ҳозирча ишлари жойида”лигини айтди.

Ортиқ ОЛЛОБЕРГАНОВ

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.