Фозиловларнинг Доғистондаги қариндошлари Москвадаги “Мемориал” Инсон ҳуқуқлари марказига ака-ука уйдан эрталабки соат 10 ларда Махачкала чеккасида жойлашган Ленинкент қишлоғида қурилаётган уйнинг томини ёпиш учун чиқиб кетганини маълум қилганлар. Ярим соатдан сўнг улар билан телефон алоқаси узилган. Кечки пайт эса қариндошлардан бири ака-ука кетган машинани йўл ёқасида кўриб қолган. Машина калити автомобиль ичида бўлган, ҳужжатларнинг йўқолгани аниқланмаган. Маҳаллий одамлар эса ака-ука Фозиловларнинг машинаси йўл чеккасида кун бўйи турганини кўрганларини айтганлар.
Жасурбек ва Алишер Фозиловларнинг Доғистондаги оила аъзолари ўзбекистонлик ака-ука махфий хизматлар томонидан ўғирланган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишлари, чунки уларнинг исмлари Ўзбекистон Бош прокуратураси Россияга йўллаган ҳужжатларда келтириб ўтганини айтишган.
Россиялик ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Ўзбекистон томони қашқадарёлик ака-укани диний экстремистик ғояларни тарғиб қилишда айблаб, Россиядан экстрадиция қилишни талаб қилиб келган.
“Жараён”га берган интервьюсида “Мемориал” Инсон ҳуқуқлари марказининг Марказий Осиё бўйича бўлими раҳбари Виталий Пономарёв ака-ука Фозиловларнинг вазияти, Россия расмийларининг ўзбек қочқинларига нисбатан олиб бораётган сиёсати ва шу каби воқеалар ҳақида бафуржа гапириб берди.
Жараён: Жаноб Пономарёв, сизнингча, ўзбек расмийлари нима сабабдан қариндошлари диний экстремистик фаолиятга алоқаси бўлмаганини эътироф этаётган ака-ука Фозиловлар билан қизиқиб қолган бўлиши мумкин?
Виталий Пономарёв: Менимча, бу саволни Ўзбекистон расмийларига берган тўғрироқ бўлади. Ака-ука Фозиловлар – бундай асоссиз айбловлар қурбонига айланган ягона ўзбек қочқинлари эмас.
Кўпинча Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қўлга олинган кишилар ёки гувоҳларга босим ўтказиш орқали у ёки бу меҳнат муҳожирининг диний экстремистик фаолиятга алоқаси борлиги ҳақида ёлғон кўрсатма оладилар. Бу эса ўша муҳожирларни халқаро қидирувга эълон қилиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Мени фикримча, Фозиловларнинг Россия ҳудудидаги ҳатти-ҳаракатларида умуман жиноят состави йўқ.
Жараён: Сўнгги пайтларда расмий Тошкент қўшни мамлакатдаги ўзбек қочқинлари ва муҳожирларини таъқиб қилиш, уларга босим ўтказишни кучайтириб юборди. Уларнинг асосий қисмини қашқадарёликлар ташкил қилаётганини кузатаяпмиз.
Масалан, жорий йилнинг баҳорида Қозоғистон расмийлари асли Қарши шаҳридан бўлган 38 ёшли ўзбек қочқини Хайрулло Турсуновни Олмаотадан Тошкентга экстрадиция қилдилар. Юртида Турсунов 16 йилга қамалди. Сизнингча, ўзбек расмийлари нима сабабдан Ўзбекистоннинг айнан мана шу ҳудудидан келиб чиққан фуқаролари билан қаттиқ қизиқиб қолган бўлишлари мумкин?
Виталий Пономарёв: 2004 йили содир бўлган воқеалардан сўнг Қашқадарё бўйича бир нечта овозаси кетган жиноий ишлар кўриб чиқилди, ўша ишлар доирасида ўнлаб қашқадарёликлар диний экстремистик фаолият юритганликда (аксар ҳолларда шубҳали айбловлар билан) айбланиб қамалдилар ёки қидирувга эълон қилиндилар.
Аммо ҳозир фақат қашқадарёликлар ўзбек ҳуқуқ-тартибот идораларининг босимига учраяпти дейиш нотўғри. Сўнгги бир йил ичида бизнинг ташкилотга ёрдам сўраб мурожаат қилганлар орасида Тошкент, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Сурхондарё ва Ўзбекистоннинг яна бир қанча ҳудудидан келиб чиққан фуқаролар ҳам бор.
Жараён: Жаноб Пономарёв, Россия ҳукуматининг ўзбек қочқинларига муносабати кескинлашишига ва уларнинг гоҳ тергов изоляторлари, гоҳ яшаб турган жойидан йўқолиб қолишларига асосий сабабни нималарда деб биласиз?
Виталий Пономарёв: Махфий хизматларнинг ўзбек мусулмон қочқинларига эълон қилган ови 2012 йилнинг ёзида Татаристондаги террорчилик хуружларидан сўнг Россияда бошланган ва кун сайин ошириб борилаётан йирик аксилмусулмон кампаниясининг бир қисмидир. Марказий осиёлик муҳожирлар қулай нишонга айландилар, сабаби уларнинг ҳуқуқлари Россия фуқароларига нисбатан яхши ҳимоя қилинмагандир.
Қайд этишим лозимки, Россия ва Ўзбекистон махфий хизматларида “Исломга қарши курашувчи” малакали кишиларнинг каттагина доираси шаклланган бўлиб, улар кўпинча ўз хотиржамлигини ҳақиқий террорчилик ҳаракатини бартараф этиш билан эмас, балки натижада “экстремистлар” даврасини асоссиз равишда кенгайишига олиб келаётган афсонавий таҳдидни фош қилиш билан боғламоқдалар.
Жараён: Биз Россиядаги ўзбек қочқинларини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган “Мемориал” ва бошқа инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг ҳам Россия ҳукумати томонидан босимларга учраётганидан хабардормиз. Мана шу босим ва таъқиблар бўйича мисоллар келтира оласизми?
Виталий Пономарёв: Деярли ҳар ҳафта оммавий ахборот воситалари тобора янги ва янги фактлар ҳақида хабар қилмоқда. Масалан, 23 июль куни Россия Федерал хавфсизлик хизмати, прокуратура ва солиқ хизмати кутилмаганда “Мемориал”нинг Сочидаги офисини текшира бошлади – бу воқеа офис вакили прокуратурага олимпиада объектларидаги қурилиш ишларида ишлаётган меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётгани ҳақида ариза топширган куннинг эртасига содир бўлди. 4 июль куни эса ўзбекистонлик бошпана сўровчиларнинг бири иши туфайли Брянск вилоятига етиб келган бизнинг ходимимиз Баҳром Ҳамроев қарийб тўққиз соат давомида полиция бўлинмасида тутиб турилган…
Кремль ташаббуси билан “чет эллик агентларни” аниқлаш кампанияси бошлангандан сўнг кўп ташкилотлар жуда кўп вақтларини судда ишларининг кўриб чиқилиши, текшираётган идора талабига асосан ҳужжатларни тақдим этиш ва ҳоказо ишларга сарфлашга мажбур бўлмоқда. Уларнинг баъзилари шу куз қайта рўйхатдан ўта олмасликлари мумкинлигини ҳам истисно қилиб бўлмайди. Умуман айтганда, бу ҳуқуқ билан эмас, балки сиёсат билан боғлиқ масаладир.
Жараён: Ва сўнгги савол. Сизнингча, Кремль Россия ҳудудидан бошпана излаётган ўзбек қочқинлари ҳамда уларга ҳуқуқий ва бошқача кўмак кўрсатаётан ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларига нисбатан ўз сиёсатини ўзгартириши учун нима содир бўлиши керак?
Виталий Пономарёв: Бунинг учун халқаро босим ҳамда Россия ичидаги жамоатчилик ва диний ташкилотларнинг фаол позицияси муҳим. Қочқинларни ўғирлаб кетиш, ноқонуний экстрадиция қилиш ҳолатлари ҳар томонлама текширилиши, айбдорлар эса жазоланиши шарт. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг алоҳида ишлар бўйича қарорлари ижобий, бироқ чекланган таъсирга эга бўлаяпти.
Агар қайта кўриб чиқилиши Ўзбекистонни тўхтатиб турган Минск конвенцияси Россиянинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий халқаро мажбуриятларига зид келса, у ҳолда бу конвенциядан чиқиш керак. Бироқ, ростини айтганда, ҳозирча президент Путин маъмурияти юзага келган вазиятни стратегик равишда қайта кўриб чиқишга тайёрлигига умид жуда кам. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларига ўтказилаётган босимларга келсак – бу уларнинг қочқинлар ва бошпана изловчилар билан олиб бораётган иши билан эмас, балки мамлакатимиздаги демократиянинг кейинги тақдири билан боғлиқ масаладир.
Жараён: Жаноб Пономарёв, интервью учун Сизга катта раҳмат.
Москвалик ҳуқуқ ҳимоячиси Виталий Пономарёв билан София ДАВРОНОВА суҳбатлашди.
Fikr bildirish