Чунки Ўзбекистонда бундай қочқинлар ҳукумат назорати остидаги адолатсиз судлар томонидан сийқаси чиққан айбловлар асосида ҳукм қилиниши, қийноққа солиниши, таҳқирланиши, баъзан эса қамоқда қўлланиладиган қийноқ оқибатида вафот этиши аниқ. Владимир Путин Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятдан ва сиёсий режимнинг табиатидан яхши хабардор бўлган инсондир. Шунингдек, у ҳозиргача умумий ҳисоби аниқ бўлмаган Ўзбекистонга мажбуран бериб юборилган ўзбек қочқинлари ҳақида билмаган бўлиши мумкин эмас.
Иккинчидан: Россия расмийлари Страсбург Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш суди чиқарган қарорга қарамай, ўзбек қочқинларини Ўзбекистонда мавжуд репрессив режим қўлига топширгани бўйича кўплаб ҳолатлар қайд этилганди.
Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, Владимир Путиннинг “Россия мамлакатимиздан бошпана излаётган қочқинларни ҳеч қачон бериб юбормаган ва бериб юбормайди ҳам”, дея айтганлари ҳаммага ҳам тегишли эмас ва шу кунгача бу баёнот юртида қалбакилаштирилган ва сиёсийлаштирилган айбловлардан қочиб Россия Федерацияси ҳудудида бошпана излаган ўзбек қочқинларига нисбатан тааллуқли бўлмаган.
Сўнгги мисоллар: 2013 йилнинг 13 июль куни Доғистон (Россия Федерацияси) ҳудудида Ўзбекистоннинг Қарши шаҳридан бўлган 23 ёшли Алишер Фозилов ва унинг 30 ёшли акаси Жасурбек Фозиловлар йўқолиб қолди. Ёки жорий йилнинг июль ойи бошида Ўзбекистонда қидирувга берилган ва Россиядан Тошкентга экстрадиция қилинган 38 ёшли Абдусамад Мирзаев билан боғлиқ бошқа бир воқеани келтириш мумкин. Иккала ҳолатда ҳам Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари уларнинг Ўзбекистонга бериб юборилиши учун атайин шароит яратиб, бу орқали халқаро ҳуқуқ меёрларини қўпол равишда бузганлар. Шу кунгача Россия ҳукумати инсон ҳуқуқлари, ҳусусан қочқинлар ва бошпана изловчи шахслар ҳуқуқларининг риоя қилинишига нисбатан ҳурмат кўрсатмаганлар.
Келтириб ўтилган мисоллар – бу фақат кенг жамоатчиликка маълум бўлган ҳолатлар, холос. Аммо Ўзбекистонда ўзгача фикрловчиларни таъқиб қилиш ҳолатларининг кўлами ва Россиянинг бепоён кенгликларидаги кўплаб ўзбек қочқинларининг сонини ҳисобга олган ҳолда айтиш мумкинки, аксар ҳолларда инсонларнинг Ўзбекистонга ноқонуний равишда экстрадиция ёки депортация қилиш ҳолатлари жамоатчилик эътиборидан четда қолиб кетмоқда.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Россия ҳукуматини бирор-бир кишини юртига бериб юбормасликка даъват қилмайди. Аксинча, ташкилот Россия Федерацияси расмийларини мамлакат ҳудудидан бошпана излаётган кишиларни ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва маҳаллий қонунларга амал қилишга даъват қилади.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Россия ҳукумати кўплаб ўзбек қочқинларини юртига экстрадиция қилиш орқали инсон ва қочқинлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро қонуннинг кўплаб моддаларини бузганлигига аминдир. Шундан келиб чиққан ҳолда, биз, Россия расмийлари мамлакат ҳудудидан бошпана излаётган ўзбек қочқинларига нисбатан ўз сиёсатини қайта кўриб чиқиши ҳамда Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий конъюнктурадан қатъий назар бу кишиларнинг ҳимоясини таъминлаши керак, дея ҳисоблаймиз.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти
Париж, Франция
28 июль 2013 йил
Fikr bildirish