Набижон Жўрабоевга фирибгарлик айби ҳам қўйилди

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида яшовчи 75 ёшли отахон Набижон (Тўрабой) Жўрабоевга товламачилик айбидан ташқари, фирибгарлик айби ҳам қўйилди.

Бу ҳақда “Жараён”га 24 вароқдан иборат бўлган айблов хулосасидан маълум бўлди.

“Шундай қилиб, Жўрабоев Тўрабой ўзининг юқоридаги ғайриқонуний ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси 2-қисми “а” банди ва 168-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятларни қасддан содир қилган”, дейилади Набижон Жўрабоевга нисбатан очилган жиноят иши юзасидан ёзилган айблов хулосасида.

Бундан бир ой аввал Набижон Жўрабоевга товламачилик айби қўйилгани ва у кишига нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилгани ҳақида маълум қилгандик. Жорий йилнинг 3 июнь куни Набижон Жўрабоевга нисбатан қўзғатилган жиноят ишига Ғаллаорол туманидаги иккита дўкон эгасининг кўрсатмаси асос бўлганди.

“Жараён” мухбири 2 август куни Набижон Жўрабоевнинг рафиқаси Феруза Маматова билан телефон орқали суҳбатлашишга муваффақ бўлди. Суҳбат чоғида аёл сўнгги бора эри билан 31 июль, чоршанба куни, тергов изоляторида кўришганини айтиб берди.

– Наби аканинг аҳволи ҳалиям ёмон, у киши озиб кетган. Бундай шароитда ёши кекса одамнинг аҳволи қандай ҳам бўларди. Душанба куни эримни Хавасдан олиб келишибди. Ҳозир у кишини товламачиликдан ташқари яна фирибгарликда ҳам айблашаяпти. Иккита адвокат олганмиз, ўшалар ҳимоя қилади. Аввалги адвокат билан шартномани уздим. Ҳозир Наби акани янги адвокат Ҳудойқулов Раҳимжон ва Жўрақул ака деган адвокат ҳимоя қилаяпти. Наби аканинг ўзига ҳам адвокатлар маъқул бўлди, – деди Феруза Маматова.

Унга кўра, Набижон Жўрабоев устидан суд маҳкамаси 1 август куни Ғаллаорол туман судида бўлиб ўтиши керак эди. Аммо кутилмаганда суд 5 август, душанба куни, соат 15:00 га кўчирилган.

Эслатиб ўтсак, асл исми Тўрабой Жўрабоев бўлган, чор-атрофдагилар эса Набижон Жўрабоев деб таниган жиззахлик 75 ёшли оқсоқол маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан 31 май куни ўз уйидан ноқонуний равишда олиб кетилганди.

22 май куни маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари Набижон Жўрабоев уйида тинтув ўтказиб, унинг паспорти, тегишли идораларга ёзган шикоятлари ва бошқа ёззишмалари сақланаётан папкалари, диктофони ва дискларини олиб кетишганди.

Набижон Жўрабоев хориж оммавий ахборот воситаларининг фаол суҳбатдошларидан бири бўлиб, у киши Ўзбекистон, ҳусусан Жиззах вилоятида содир бўлаётган адолатсизликлар ҳақида журналистларга ўз муносабатини билдириб келган.

Июль ойи бошида “Жараён” мухбири билан телефон орқали суҳбатлашган Набижон Жўрабоевнинг рафиқаси Феруза Маматова май ойи охиридан бошлаб ҳибсда тутиб турилган эрининг саломатлиги оғирлашгани, милиция ходимлари отахонга оила аъзолари олиб келган озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни тергов изоляторига киритишмагани ҳақида маълум қилганди. Шунингдек, аёл  Ғаллаорол туман ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари унинг ўзига ҳам таҳдид қилганларини айтиб берганди.

Маҳаллий ҳуқуқ фаоллари эса, Жиззах ҳуқуқ-тартибот идоралари кекса ёшдаги отахоннинг фаол фуқаролик позицияси туфайли ундан ўч олишаётганини таъкидлашаяпти.

“Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева, Жўрабоев Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги адолатсизликлар, коррупция жиноятларига қарши курашиб, бонг уриб келгани, айнан инсон ҳақлари учун курашганлиги боисидан ҳам муқаддас рўза ойларида қамоқда сақланиб, қийноқларга дучор қилинаётгани ҳақида гапиради.

– Чунки бугунги кунда Ўзбекистон хукумати ҳақиқатни баралла айтишдан чўчимайдиган қарияларни ҳам йўқ қилиш операциясини бошлаган. Бунга мисол қилиб Хасан Чориев, Бобомурод Раззоқовлар устидан олиб борилаётган адолатсиз терговлар ва суд жараёнларини мисол қилиб келтириш мумкин.

Мен Набижон Жўрабоевнинг ҳибсга олиниши сабаби сифатида босқинчилик ва қотиллик жиноятини содир этиб, Абдумутал Жумановни ваҳшиёна ўлдирган кимсалар ҳуқуқ-тартибот органларига алоқадорлиги ва Мутал Жуманов билан Набижон Жўрабоевлар уларнинг жиноятларидан хабардор бўлиб қолганлари учунгина бири ўлдирилиб, иккинчиси эса ғайриоддий тарзда ҳибсга олиниб, ўнлаб “ясама” жабрланувчиларнинг ёлғон кўрсатмалари оқибатида жиноятчига чиқарилганида деб биламан. Қотиллар далилларни йўқ қилдилар, навбат Жўрабоевга, – деди сўзи якунида Мўътабар Тожибоева.

Шу ўринда ҳуқуқ фаоли Тожибоева хоним айтиб ўтган воқеа тарихига озгина тўхталиб ўтсак. Абдумутал Жуманов Жиззах вилоятидаги кунига минглаб зиёратчиларни қабул қиладиган “Садр ибн Абуваққос Авлиё” зиёратгоҳининг назоратчиси бўлиб ишлаган. Маҳаллий аҳолига кўра, зиёратчилардан келиб тушадиган эҳсон пуллари вилоятдаги ҳайрия ишларига сарфланиш ўрнига, маҳаллий ҳоким Эшонқулов томонидан ўзлаштириб борилган.

Бу эса, табиийки, зиёратгоҳ назоратчисининг норозилига сабаб бўлган. “Озодлик” радиосига 2010 йил 1 июль кунги берган интервьюсида Набижон Жўрабоев 23 июнь куни Абдумутал Жуманов маҳаллий ҳоким Илҳом Эшонқулов томонидан калтаклангани ва унга жавобан у ҳам хокимни калтаклагани, хозиргача хибсда сақланаётгани,доимо маҳаллий амалдорнинг босими остида бўлиб келгани ҳақида гапирганди.

Абдумутал Жуманов жорий йилнинг 20 май куни кечаси ўз уйида уч нафар номаълум шахс томонидан ўлдириб кетилган. Ўлдириб кетилишидан бироз олдин эса “Садр ибн Абуваққос Авлиё” зиёратгоҳининг бошқарувчиси вазифасига тайинланган. Абдумутал Жумановнинг ўлимидан сўнг содир этилган босқинчилик ва қотиллик жинояти юзасидан жиноятчиларни топиб жавобгарликка тортилишини талаб қила бошлаган Набижон Жўрабоевни хонадонини 22 июнь кунги Ғаллаорол туман прокурорининг Жўрабоев хонадонини тинтув қилиш қарорига мувофиқ тинтувдан ўтказилган. Орадан 9 кун ўтгач, яъни 31 май куни Набижон Жўрабоев ҳибсга олинди.

Набижон Жўрабоевнинг ҳимояси билан шуғулланаётган кишилар эса, унинг ҳибсга олинишига кекса отахоннинг ҳокимнинг камчиликлари тўғрисида юқори инстанцияларга ёзган шикоят хатлари, журналистларга берган интервьюлари  ва унинг маҳаллий амалдорларни тинимсиз танқид қилиб келгани сабаб бўлганини айтишмоқда.

 

Асад БОЙМУРОДОВ

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.