Ғаллаоролда Набижон Жўрабоев устидан суд бошланди

Жорий йилнинг 5 август куни Жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман судида судья Илҳом Розиқов раислигида Набижон Жўрабоевга алоқадор жиноят ишини кўриш бошланди.

Тўрабой (ҳаётда Набижон) Жўрабоевнинг яқинларининг “Жараён”га маълум қилишича бугунги суд маҳкамасида Жўрабоев ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан умуман иқрор эмаслигини баён қилиб, тергов харакатлари бир томонлама олиб борилганлигини айтиб, ҳар бир эпизод бўйича бирма-бир ўзининг айбсизлигини, жиноят содир этмаганлигини исботловчи важларини санаб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, Тўрабой (Набижон) Жўрабоевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бир нечта эпизоддан иборатдир:

1-эпизод: “Жўрабоев Тўрабой 2003 – 2013 йиллар давомида товламачилик йўли билан “Ғаллаоролтумангаз” филиали мансабдор шахслари ҳаракатлари фаолиятига доимий равишда аралашиб, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиб, жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, уларни мулкни топширишга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиб, товламачилик йўли билан мулкни қўлга киритиш мақсадида газ филиали мансабдор шахсларинининг фаолияти устидан тегишли идораларга аризалар ёзмаслик ва уларни текширтирмаслик эвазига газ филиалида ишловчи Нурматов Мирзааҳмад ва тергов давомида шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган шахслардан 150.000 сўмлик газ ҳисоблаш ускунаси, 600.000 сўмлик газ тақсимлаш шкафи, 650.000 сўмлик газ плитаси ва 1.000.000 сўмлик пропан газ балони, жаъми 2.400.000 сўмлик ускуналарни товламачилик йўли билан олиб, яшаш хонадонига ўрнаттириб, газ филиали ходимларидан мулкий наф кўрган”.

2-эпизод: “Тўрабой Жўрабоев такроран жиноий фаолиятини давом эттириб,  2011 йилнинг тахминан март–апрель ойлари давомида товламачилик йўли билан мулкни қўлга киритиш мақсадида Ғаллаорол туман “Ҳамкор–Мадад савдо” хусусий фирма раҳбари Ҳамраев Баҳодирнинг олдига келиб, унга тегишли хўжалик моллари дўкони ва “Акфа” номли ром ва эшик ишлаб чиқариш цехининг фаолияти устидан текшириш ўтказдириш ва бошқа жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, уни мулкни топширишга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиб, уйидаги хаммомига 400 минг сўмлик “Акфа” номли эшикни ўрнаттириб, сўнгра жиноий фаолиятини давом эттирган ҳолда ундан 300 минг сўмлик бўёқ, эмульсия ва бошқа қурилиш молларини ва нархи 1 миллион сўм турадиган “Multisar Vision” номли кузатув видеокамерасини олдириб, товламачилик йўли билан жаъми 1.700.000 сўмлик мулкни қўлга киритган”.

3-эпизод: “Тўрабой Жўрабоев такроран жиноий фаолиятини давом эттириб, 2011 йил декабрь ойининг охирларида, Ғаллаорол туман Дўстлик МФЙ Хунармандлар кўчаси 8-уйда яшовчи фуқаро Ҳакимов Сувонга 8-уйнинг том қисмини туман ҳокимлиги вакилларига шикоят қилган холда уларни қўрқитиб, таъмирлатиб бераман деб, алдаш ёки ишончини суистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида ундан Жамонбоев Абдумалик, Ҳожимуротов Абдуқаҳҳор ва ўзи томонидан йиғилган жаъми 75.000 сўм пулни фирибгарлик йўли билан олиб, пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган”.

4-эпизод: “Тўрабой Жўрабоев такроран жиноий фаолиятини давом эттириб, 2012 йил февраль ойида Ғаллаорол туман “Марказий Дехқон бозори” ҳудудида жойлашган “Тимур”, “Диёр – Аббос” МЧЖ ва бошқа хусусий тадбиркорларга қарашли барча спиртли ичимликлар билан савдо қилувчи дўкон раҳбарлари Бозорбоев Алишер, Пирназаров Рустам ва бошқаларнинг фаолияти устидан бир неча маротаба шикоят аризалари, уларни қўрқитиб, қайта шикоят ариза ёзиб, дўкон фаолиятини тегишли идоралар орқали тўхтатмаслиги эвазига пул ёки бошқа моддий қимматликдаги мулкни унга беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиб, А.Бозорбоев ва Р.Пирназаровлардан гўшт дўкони сотувчиси Исроилов Саид орқали жаъми 300.000 сўм пулни товламачилик йўли билан қўлга киритган”.

5-эпизод: “Тўрабой Жўрабоев такроран ўз жиноий фаолиятини давом эттириб, 2013 йил апрель ойи охирларидан 10 май кунига қадар Ғаллаорол туманидаги “Саъд Ибн Абу Ваққос” зиёратгоҳи бошқарувчиси Жуманов Абдумутални устидан шикоят қилиш, жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, яшаш хонадонига озиқ-овқат маҳсулотлари ва хўжалик молларини олиб бориб беришини талаб қилиб, А.Жумановдан ўз уйига “Саъд Ибн Абу Ваққос” зиёратгоҳида ишловчи Нуриллаев Ваҳоб жаъми 270 минг сўмлик гул ва озиқ-овқат маҳсулотларини, Рўзматов Ғулом орқали эса жаъми 200 минг сўмлик 10 дона ёғоч тахталарни олиб келтириб, умумий суммаси 470 минг сўмлик мулкни товламачилик йўли билан қўлга киритган”.

6-эпизод: “Тўрабой Жўрабоев такроран ўз жиноий фаолиятини давом эттириб, 2013 йил 18 май куни Ғаллаорол туманидаги “Саъд Ибн Абу Ваққос” зиёратгоҳи ҳисобчиси Қувондиқов Аброрга унга таниш бўлган Тоштемирова Сайёранинг номусига текканлигини айтиб ва С.Тоштемирова А.Қувондиқовнинг устидан шикоят қилиб гапирган сўзлашувларини эшиттириб, уни қўрқитиб, уни жавобгарликка торттирмаслик ва оиласига хабар бериб шарманда қилмаслиги эвазига пул ва хонадонига озиқ-овқат махсулотларини олиб бориб беришини талаб қилиб, А.Қувондиқовдан ўз уйига 200.000 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини ва 100.000 сўм пулни, камида 300.000 сўмлик мулкни товламачилик йўли билан қўлга киритган”.

Бугунги суд жараёнида ўндан ортиқ жабрланувчилардан атига учтаси таси – Тўрабой Жўрабоевни Жиноят Кодексининг 168 моддаси 1- қисми билан айбланишига асос бўлган жабрланувчилар Ҳакимов Сувон, Жомонбоев Абдумалик, Ҳожимуродов Абдуқаҳҳрлар иштирок этганлар, холос.

Ушбу эпизод бўйича асосий жабрланувчи Сувон Ҳакимов уларни Жўрабоев қўрқитиб, пул талаб қилмаганлигини, 2011 йил декабрда улар яшайдиган том тешиклиги учун уни таъмирдан чиқариб беришни сўраб бир неча марта туман ҳокимиятига ва бошқа маъсул идораларда қилган мурожаатлари оқибатсиз қолганлиги учун Тўрабой Жўрабоевдан ушбу масалага ёрдам беришини сўраб мурожаат қилганликларини, бутун бошли уй аҳлининг муаммосини ҳал қилиб бериши, керакли идораларга кира қилиб бориши ва бошқа ҳаражатлари учун учта қўшни ўзаро келишиб 25  минг сўмдан жаъми 75 минг сўм пулни тўплаб, Тўрабой Жўрабоев билан учрашиб муаммо ёзилган қоғоз билан биргаликда қоғозга ўралган 75 минг сўм пулни стол устига қўйиб чиқиб кетганлиги, Набижон ака пул ҳақида улар билан умуман гаплашмаганлигини, улардан пул талаб қилмаганлигини, улар ўз хоҳиши билан ҳаражатлар учун деб тўплаган пулларини огоҳлантирмасдан ташлаб чиқиб кетганлигини айтиб, судда кўргазма берган.

Қолган икки жабрланувчилар Жомонбоев Абдумалик, Ҳожимуродов Абдуқаҳҳорлар ҳам Тўрабой Жўрабоев билан умуман пул ҳақида гаплашмаганликларини, Жўрабоев уларни умуман қўрқитмаганлигини, пул талаб қилмаганлигини айтиб, судда кўргазма берганлар.

Адвокатларнинг айблов хулосасидаги уларнинг Набижон Жўрабоев улардан пул талаб қилиб, қўрқитганлиги ҳақида берган кўргазмасига ойдинлик киритишни сўраб берган саволларига улар бу воқеа 2011 йилнинг декабрь ойида бўлганлиги, лекин 2013 йилда, орадан икки йилга яқин муддат ўтиб кетгандан кейин, яъни Тўрабой Жўрабоев қамоққа олинганидан кейин, уларни кечаси 22дан кейин туман Ички ишлар бўлимига олиб келишиб, Тўрабой Жўрабоевнинг устидан шикоят ёзиб беришни талаб қилганликларини, кечаси эканлиги учун уларнинг айтган нарсаларини қоғозга тушириб берганликларини, лекин Тўрабой Жўрабоев бизни пул беришга мажбур қилган, қўрқитган деб кўргазма бермаганликларини, уларни Тўрабой Жўрабоевга ҳеч қандай даъволари йўқлигини айтишган.

Тўрабой (Набижон) Жўрабоев устидан навбатдаги суд маҳкамаси 12 август куни соат 14да давом этади.

Мўътабар ТОЖИБОЕВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.