Расулжон Тожибоев қўйиб юборилди

29 август куни уйидан милиция ходимлари томонидан тутиб кетилган ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоеванинг укаси Расулжон Тожибоев қўйиб юборилди.

“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоеванинг айтишича, укаси Расулжон Тожибоев Тошкент шаҳар Юнусобод туман Ички ишлар бўлимида тўрт соатдан ортиқ ушлаб турилгач, қўйиб юборилган.

– Милиция уйига келиб чақирган, укам чиқса, қўлини қайириб олиб кетишган. Паспортимни олволай деса, унашмаган. Орадан 3 соатлар ўтгандан кейин хотини паспортини олиб келиб бергандан кейин милиция бўлимида бошлиқни хонасига олиб киришибди. Бошқа тутиб келинганларга жарималар ёзиб ёки ёнларидаги пулларини олгач, чиқариб юборишибди. Расулжонни эса шунчаки чиқариб юборишибди, лекин уни расмга туширишибди.

Яхши олиб кетишаётганда қўл телефони чўнтагида бўлган экан. Дарҳол менга телефон қилди. Кетаётганларида уни тутиб кетаётганларни бошлиғига берди телефонни. Нима учун тутиб кетаётгани сабабини сўрасам, бармоқ изларидан намуна олишга топшириқ бўлганини айтди, аммо фамилиясини сўрасам, айтмади, – деди Мўътабар Тожибоева.

Эслатсак, бундан аввал “Жараён” 29 август куни, маҳаллий вақт билан соат 13:00ларда Мўътабар Тожибоеванинг укаси Расулжон Тожибоев вақтинча яшаб турган дўстининг уйига келган милиция ходимлари уни Тошкент шаҳар Юнусобод туман Ички ишлар бўлимига олиб кетганлари ҳақида хабар қилганди. Ҳуқуқ фаоли укасининг тутиб кетилгани сабабини ўзининг касбий фаолияти билан боғлаганди.

– Бу ерда тушунмай турганим – Расулжонни гўёки кўчада тутиб олишгандек автобусга солиб олиб кетишган – автобусда эса яна йигирмага яқин одам бўлган. Автобус ичида ўтирганларнинг ҳаммаси кўчада тутилган кишилар бўлган. Аммо аслида укамни кўчада тутишмаган-да, уни уйига келиб олиб кетишган ва паспортини олишига рухсат беришмаган. Менимча, бундай йўл тутиш орқали менга босим ўтказишмоқчи бўлишган, – дейди Мўътабар Тожибоева.

Шунингдек, ҳуқуқ фаоли укаси Расулжон Тожибоевнинг ғайриқонуний тарзда тутиб кетилиши ва унинг ҳуқуқларининг топталишига бефарқ бўлмасдан, уни дарҳол озод этиш учун ҳаракат қилган касбдошлари – ҳуқуқ фаоллари ва журналистларга ўз миннатдорчилигини билдиради.

– Лекин Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик байрами арафасида мамлакат фуқаролари бўлмиш вилоятлардан Тошкентга иш топиш, оиласини боқиш ниятида келиб, оғир меҳнат қилишга мажбур бўлган инсонларнинг ҳаракатланиш ҳуқуқларини бузиб келаётган ҳукумат куч ишлатар тизимларининг бунингдек ноқонуний ҳатти-ҳаракатларига нисбатан халқаро ташкилотлар ўз муносабатини билдиришлари керак, деб ҳисоблайман.

Чунки биргина Расулжонни ҳеч бир ҳужжат расмийлаштирмасдан “суҳбатдан ўтказиб” қўйиб юборишга мажбур бўлишибди. Расулжоннинг кўз ўнгида йигирмага яқин вилоятлардан келган ва уст-бошидан ночор ҳолатда яшаётган инсонлар эканлиги яққол кўриниб турган бошқа тутиб борилган кишиларнинг ҳар бирига қарши жарима қоғозлари расмийлаштириб, уларнинг ҳар бирини 91 минг сўмдан жаримага тортишибди, – дейди сўзи якунида Мўътабар Тожибоева.

Ислом Каримов режимининг ашаддий танқидчиларидан бири бўлган Мўътабар Тожибоева бир неча йилдан бери муҳожиротда Францияда яшайди. Ҳуқуқ фаоли айнан касбий фаолияти сабаб 2006 йили қамоққа олиниб, шафқатсиз қийноқларга дучор қилинганди.

София ДАВРОНОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.