Абдулазиз Маҳмудов: Адолат истаб (видео)

“Энг золим мустабидлик бу қонунийлик сояси ва адолат байроғи остида қилинаётганидир”.

Шарль Луи Монтескье.

СССР фуқаролари сайлаш, меҳнат ва дам олиш, кексалик ва касаллик пайтида моддий жиҳатдан таъминланиш ҳуқуқи ҳамда виждон, сўз, матбуот, йиғилиш ва митинглар ўтказиш эркинлигига эга бўлганлар. Шахс дахлсизлиги ва ёзишмалар сири сақланиши айтиларди.

Бироқ совет режимининг репрессив характери, партия назорати ва “коллектив манфаатлар шахсий манфаатлардан кўра устунроқ”, “жамият инсон учун эмас, балки инсон жамият учун” каби ғоявий шиорлар фуқаролик ҳуқуқлари амалга ошишига тўсқинлик қилиб, коррупциялашган бюрократияни мансаб билан боғлиқ жиноятлар учун жазолашдан муваффақият билан муҳофаза қилиб турган.

Айрим пайтларда инсонни судлаш ёки оқлаш биттагина телефон қўнғироғи орқали ҳал бўларди. Худди бўриларнинг “кучли бор жойда доим кучсиз айбдор” деган принципидек.

Шу важдан қонунийликни сақлаш учун фуқароларнинг мурожаат институти мавжуд эди. Адолатсиз суд ва амалдорларнинг ўзбошимчалигидан арз қилган фуқароларнинг аризалари, юқори мартабали амалдорлар кабинетлари олдидаги турнақатор навбатлар оддий ҳол эди. Ижроия қўмиталари ва партия қўмиталарида турли бўлимлар бўлиб, улар “меҳнаткашларнинг шикоятлари”ни кўриб чиқиш билан шуғулланарди. Мансабдорлар ва халқ депутатларининг фуқароларни шахсий масалаларини кўриб чиқишга ажратилган кун ва соатлари бўларди. Мен зиён кўрса ҳам, турли бюрократик босқичлардан ўтса ҳам, тиниб-тинчимаган ва бошқа инсонларга ёрдам беришни ўз бурчи деб биладиган ҳақиқатпарварларни билардим.

Уларнинг айримлари қўрқмас ва беғараз инсонлар эди. Улар ўзларини хатарга қўйиб, жабрланганларга маслаҳат берар, улар учун юқори инстанцияларга мактублар битар, судларда иштирок этардилар. Улар қонунсизлик ва адолатсизликка қарши кураш дил амри бўлган алоҳида одамлар эди. Бу улар учун ҳаёт мазмуни эди. Моҳиятан, улар норасмий ҳуқуқ ҳимоячилари эди, аммо ўттиз, қирқ йил аввал бунақа тушунчанинг ўзи йўқ эди.

Амалдорлар улардан чўчиб турар, уларни туҳматчилар деб атаб, бундай кишиларни обрўсизлантиришга ва улардан қутилишга ҳаракат қилардилар. Кўпинча оддий инсонлар ҳам улардан нарироқ юришга ҳаракат қиларди. Мантиққа зид бўлса-да, ишчиларнинг аризаларини кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун уларнинг мактублари маҳаллий амалдорларга, кўпинча ўша одамлар устидан шикоят қилган кишилар қўлига қайтариларди. Ҳикоям шу ҳақда.

Адолат излаш билан илк бор 23 ёшимда шуғуллана бошладим. Саккиз ёшимда Октябрь боласи, ўн бир ёшимда пионер бўлдим. Мен совет жамиятидаги ҳақиқат ва адолатга ишонадиган хаёлпараст ва романтик эдим. Бу ҳақда ота-онам билан овозим бўғилгунча тортишардим. Улар эса қатъият билан “яшайвер – кўрасан” ёки “адолат осмонда, калити эса Оллоҳда” дея уқтирардилар. Ўн беш ёшимда комсомол бўлгач, ҳақиқатан ҳам баъзи нарсаларни тушуна бошладим ва аввалгидай қатъият билан баҳслашмай қўйдим.

Шунга қарамай, идеаллик қидириб, йигирма ёшимда КПССга аъзо бўлдим. Бу Совет армиясида муддатли хизмат ўтаган жойим – Ашхобод яқинида жойлашган 10823-сонли ҳарбий қисмда содир бўлди. Мен айнан партия ичида, коммунистлар орасида ҳақиқат ва адолатни топаман, деб ўйлардим. Аммо мен партия сафига киргач, айрим “коммунистлар”ни ичдан билгач, ўша пайдаги “Партия давримизнинг ақли, шаъни ва виждони” каби асосий шиоридан шубҳалана бошладим.

Армиядаги хизмат тугагач, мен Ашхободда қолдим ва Горький номидаги Туркманистон Давлат университетининг филология факультетига ўқишга кирдим, нигилист талабалар билан дўстлашдим. Биз биргалашиб душманларимизнинг радио овозлари, айниқса “Озодлик” радиоси орқали эшиттириладиган Солженициннинг “Гулаг архипелаги”ни эшитардик.

Унинг “Иван Денисовичнинг бир куни” ва “Раковий корпус” каби ёзув машинкасида босилган ва титиғи чиқиб кетган асарлари нусхаларини ўқирдик. Совет режимини танқид қилардик, университетда эса қонунга бўйсунувчи талабаларга айланардик. Зеро, амалдаги ҳокимиятга нисбатан хайрихоҳлик ва иккиюзламачилик оддий ҳол эди. Бироқ иккинчи курсда ўқиётганда, бу 1973 йил эди, келажак тақдиримни бутунлай ҳал қилган қароримни қабул қилишга мажбур бўлдим.

Совет ҳукумати даврида Туркманистонда асосан фақат қўл билан териладиган ингичка толали пахта ўстириларди. Республика аҳолиси камлигини ҳисобга олганда, ишчи қўллар мутлақо етишмасди ва ҳар йили кузда “оқ олтин” йиғиб-териб олишга барча мактаб ўқувчилари, ўрта ва юқори ўқув юртларининг талабалари жалб қилинарди.

1973 йил кузи ҳам истисно бўлмади. 16 сентябрь куни факультетимизни Тежен туманида жойлашган “Ленин йўли” колхозига олиб кетишди ва бизни биргина ҳожатхонаси бўлган, шоша-пиша тозаланган ташландиқ ферманинг оғилхонасига жойлаштиришди. Раҳбарият учун биз сигирдан кўра кўпроқ аҳамият касб этмасдик. Димоғни ёрувчи гўнг ҳам ҳайвонларча турмушимиздан далолат бериб турарди.

Пахтада йигитлар ва қизлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни яшириш жуда қийин, миллий гуруҳнинг иккинчи курс талабалари бўлган бизлар Шерапов Абдураҳмон ва Непесова Ойнаботларнинг ишқидан хабардор эдик. Ниҳол каби нозик қиз ва кенг елкали, гавдали йигит бошқалардан ажралиб, ёлғиз тонггача суҳбатлашар эдилар. Улар турмуш қурмоқчи эканларини ҳеч кимдан яширмасдилар. Бироқ бу ҳақда юқори мартабали милиция ходими бўлган Ойнаботнинг отаси қаердандир хабар топиб, қизни уйга – Ашхободга олиб кетиб қолди. Шундан сўнг Абдураҳмон ҳам қизга совчи юбориш учун юртига – Хўжамбасга ота-онасини олиб келиш учун кетди.

Шундан кейин унинг бошига кетма-кет мусибатлар ёғила бошлади. Маълум бўлишича, Непесовлар Ахалтекин отлари каби зотдор текинликлар уруғидан, Шераповлар эса “ғариб” эрсарлар уруғидан экан. Одамларнинг айтишича, икки оиланинг ижтимоий келиб чиқиши орасида осмон билан ерчалик фарқ бўлган. Шунинг учун ҳам қизнинг оиласи совчиларни қабул қилмаган, қиз эса уйдан севгилисининг олдига қочиб кетган. Кейин Абдураҳмонни боплаб дўппослаб, зўрлаш моддаси бўйича жиноий иш очишган. Марказий Осиё халқларига хос бўлган думбулона трайбализм севишганлар тақдирини барбод қиларди.

Бу орада талабалар ётоқхонаси ғазаб ва нафратдан жунбушга келди. Биринчи қават фойесида милиция бошбошдоқлигига қарши стихияли митинг бўлиб ўтди, шундан сўнг талабалар кенгаши йиғилди. Абдураҳмоннинг яқинлари прокуратура остонасига бесамар бош уришда давом этаётгани туфайли биз коллектив хати билан Туркманистон ВЛКСМ Марказий қўмитасига мурожаат қилишга қарор қилдик. Петиция ёзиб, унда юзага келган вазиятни баён қилдик ҳамда Ички ишлар вазирлигининг мансабдор шахси, полковник ва коммунист Непесов Мурод Ашировия мансабини суиистеъмол қилган ҳолда, Туркманистон ССР Конституциясининг VIII боби 99-моддасини бузганини алоҳида таъкидладик. Севишганларнинг ўзаро муносабатига гувоҳ бўлган юз эллик талабанинг имзосини йиғдик.

Талабалар кенгаши раиси сифатида мен зудлик билан бундан деканатни хабардор қилдим. Ҳамма нарсадан хабардор факультет декани, адашмасам, Атаев (кейинчалик унинг тоза қонли теке эканини билиб олдим) мени безовталаниб қабул қилди. “Ҳар қандай ташаббус жазоланиши керак”, деди у маънодор қилиб. Шундан сўнг у менга оталарча бу ишга аралашмасликни, келажагимни расво қилмасликни маслаҳат берди. Тергов эса шитоб билан давом этарди. Ҳар куни гувоҳлар чақирилар, Абдураҳмон атрофидаги доира тобора торайиб бораётганди.

Туркманистон ВЛКСМ Марказий қўмитаси лом-мим демас, бунинг сари ғазабимиз жўшар, эҳтирослар жунбушга келаётганди. Кейин биз янги ариза ёзиб, остига юз саксон талаба имзо чекиб, Туркманистон Компартияси Марказий қўмитасига беш кишидан иборат делегация жўнатдик. Бироқ бу партия органи шикоятимизни кўриб чиқишни лозим топмади. Шундан сўнг биз ўз шикоятимизни КПСС Марказий қўмитаси Бош Котиби Леонид Ильич Брежнев номига жўнатдик, йўлкира учун пул йиғиб, ўз вакилларимизни адолат талабида Москвага юбордик.

Ажаб! Бу сафар ҳокимиятдан садо чиқди… Бир неча кундан кейин делегатларимиз яқинларига қўнғироқ қилиб, уларни КПСС Марказий қўмитасида қабул қилганларини, арзларини диққат билан эшитиб, масалани ўрганиб чиқишга ваъда берганларини маълум қилишди. Талабаларнинг қувончу шодлиги чексиз эди. Бир ҳафтадан сўнг Ашхободга қайтгач, вакилларимиз ўз сафарларининг барча тафсилотларини сўзлаб беришди ва коллектив шикоятимиз СССР Бош Прокуратурасига юборилганини маълум қилишди.

1974 йилнинг 15 январь куни менинг номимга Туркманистон прокуратурасидан мактуб келди:

АШХОБОД ШАҲРИ, ТУРКМАНИСТОН ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИНИНГ 3-СОНЛИ ЁТОҚХОНАСИ

ФУҚАРО МАҲМУДОВГА.

СССР прокуратураси томонидан бизга келиб тушган коллектив аризангиз кўриб чиқилганини маълум қиламан. Шерапов А. хатти-ҳаракатларида жиноят унсури бўлмагани туфайли унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши тўхтатилди.

ТЕРГОВ БЎЛИМИ ПРОКУРОРИ, АДЛИЯ МАСЛАҲАТЧИСИ

С.ШОЙХЕТ, имзо.

– Демак, аризамиз аввал бир неча бор мурожаат қилганимиз Туркманистон прокуратурасига қайта жўнатилган экан. Нега унда улар бу ишни ўзлари ҳал қила қолмадилар? – дея аччиқланди талабалар. – Нега айбсиз инсонни ҳимоя қилиш учун юзлаб кишиларни жалб қилиш, хавотир олиш ва бир неча ой турли инстанциялар бўйлаб юришга тўғри келди?

Аммо унда биз ёш эдик ва совет режимининг қонун-қоидалари қанақалигини билмасдик. Бу воқеа кенг жамоатчиликка ошкор бўлгани сабабли маҳаллий амалдорларнинг жиноий ишни тўхтатишдан бошқа чоралари қолмаганди.

Абдураҳмон ва Ойнабот эсон-омон турмуш қуриб олдилар ва мендан ўзларини олиб қоча бошладилар. Кейин эса кўнгилсизликлар бошланди. Деканат талабалар йиғилишини ўтказди, унда талабалар кенгашига қайта сайлов бўлди, кейин эса мени умуман талабалар ётоқхонасидан бадарға қилишди. Шундан сўнг мени университет парткомининг навбатдаги йиғилишига чақиришди ва талабалар кенгаши раиси лавозимидан суиистеъмол қилганим боис ҳайфсан эълон қилишди. Бир сўз билан айтганда, рус филологияси факультети декани Атаевнинг аввалроқ айтганлари рўёбга чиқди.

Ўшандан кейин мен Абдураҳмонни бошқа ҳечам кўрмадим. Мен унинг милицияга ишга киргани, юридик факультетга ўқишга ўтиб кетгани, хотини билан шаҳардаги квартирада яшаётгани ва ишлари юришиб кетганини эшитганман. Балки ҳозир у генерал бўлгандир.

Ўша пайтдан бери кўп йиллар ўтди. Мен қишлоқ жойлардан Тошкент ва Москвага адолат истаб келган ва ҳафталаб, баъзан эса ойлаб юқори раҳбарларнинг қабулини кутиб ўтирган шикоятчиларни кўп маротаба видеога олганман. Бу материалларим “Кремль остонасида”, “Паркентдаги хунрезлик”, “Қабулхона” ва бошқа шу каби ҳужжатли фильмларим учун асос бўлди.

1991 йили Совет Иттифоқи қулади. СССРнинг собиқ республикалари демократик давлатларга айланди. Туркманистон ва Ўзбекистон эса сўнгги йигирма йилдан ошиқ вақт мобайнида Марказий Осиёдаги энг нохуш давлатларга айландилар. Бу икки давлат миллий тикланиш ниқоби остида бир-бири билан инсон ҳуқуқлари бузилиши ва феодал муносабатларни қайта тиклаш соҳаларида кимўзарга пойгалашиб келмоқда.

Шу йил ёзида биометрик паспорт олиш учун Фитрат кўчаси, 180 “А”-уйда жойлашган Миробод туман паспорт столида ақл бовар қилмайдиган навбатларда туришимга тўғри келди ва ўша пайтда ўзимни ҳақ-ҳуқуқсиз суваракдек ҳис қилдим. Аммо узоқ кутилган ҳужжатни қўлга киритгач, мен атрофдагилардан бу паспорт бракка чиқарилгани, халқаро сертификациядан ўтмагани ва яқин орада ўзгартирилиши лозимлигини эшитиб, ҳафсалам пир бўлди. Қандай шармандалик! Маҳаллий ишбилмас кадрларимиз бамисоли И. Криловнинг “Квартет” масалидаги Эшак, Эчки ва Айиқни эслатадилар.

Менга Тожикистон ва Туркманистондаги қариндошларимни зиёрат қилиш учун виза керак бўлди. Жорий йилнинг 5 июль куни мен Тошкент шаҳар Миробод туман ОВИРига керакли ҳужжатларимни топширдим. Уч ҳафта ўтгач эса улардан хорижга чиқишим таъқиқлангани ҳақида жавоб олдим. “Шаҳар ОВИРидаги Нурия опага боринг”, деди менга инспектор. Нурия опанинг ёнига бориб ўтирмадим. 12 август куни ОВИР бошлиғи, майор Латипов Мамаражап Мамашарипович қабулига бордим ва хорижга чиқишим таъқиқлангани сабабларини ёзма равишда изоҳлаб беришни сўрадим.

У менга республика ОВИРига талабнома юборишини, у ердан эса бир ойдан сўнг албатта ёзма жавоб берилишини айтиб, умидлантирди. Бу сансалорлик узоқ давом этишини кўнглим сезиб турибди. Дарҳақиқат, ҳақиқат осмондаю калити Оллоҳда экан.

Абдулазиз МАҲМУДОВ

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.