Москвадаги текшир-текшир навбати аэропортларга кўчди
Ноқонуний меҳнат муҳожирларини аниқлашга қаратилган оммавий рейдлар Москва ва Санкт-Петербург шаҳарлари бозорларидан аэропортларга кўчгани маълум бўлди.
Бу каби рейдлардан моддий ва маънавий зарар кўрганлардан бири бухоролик Зулайхо исмли аёл “Жараён” мухбирига қуйидагиларни гапирди:
– Питерда анча йилдан буён яшаб, савдо қиламиз. Икки ойдирки, бу текшир-текширларнинг орқасидан тинчимиз бузилган, бу ерда ишлашнинг умуман иложи қолмади. Биз бир неча киши Белоруссияга ўтиб кетишни ният қилдик. Бухородан укам келишини кутиб тургандим. Анови куни укамни Домодедово аэропортидан орқага қайтариб юборишди, сабабини мен билолмадим.
Укам бечора қарзга билет олиб келган эди. Энди нима дейсиз, роса куйиб қолдик. Питердаги рейдларда ўзим роса зарар кўрдим, телефонимни ўғирлатиб қўйдим, дўконимизни ёпиб қўйишди, ичкарида қолган мева-чевалар ачиб, анча пулга куйиб қолдик. Бу йилги сезонда Бухорада қолган болаларимга мактаб учун уст-бош ҳам қилолмадим, – дея хуноб бўлди бухоролик муҳожир аёл Зулайхо.
Шу йилнинг 27 июль куни Москванинг “Матвеевская” бозорида тарвуз сотаётган асли доғистонлик, аммо Россия фуқароси бўлган 34 ёшли Магомед Расулов пойтахт жиноят-қидирув бўлими оператив ходими Антон Кудряшовнинг бошини уриб ёрганидан кейин мазкур бозорда полиция ва ОМОНнинг меҳнат муҳожирларга қарши қаратилган махсус рейдлари бошлаб юборилган эди.
Маълум бўлишича, полиция ходими Кудряшов бозорга 15 яшар қизни зўрлаганликда гумонланаётган Магомед Расуловни ҳибсга олгани борганида, уни Расуловнинг яқинлари дўппослаган.
Кўп ўтмай, Россия ҳудудини тарк этмоқчи бўлган Магомед Расулов ва унинг турмуш ўртоғи Ҳалимат Расулова қўлга олинди.
Айнан шу воқеа ортидан Россия ҳудудида “ноқонуний муҳожирларни аниқлаш”га оид оммавий рейдлар ўтказилиб, шу кунгача минглаб ўзбекистонлик, тожикистонлик, қирғизистонлик, озарбойжонлик, туркиялик, ҳиндистонлик ва вьетнамлик фуқаролар қўлга олинди. Тасдиқланган маълумотларга кўра, улардан айримлари катта жарималар эвазига қўйиб юборилган ва бошқа қисми эса ватанига деппортация қилинган.
Кўриниши осиёлик бўлган меҳнат муҳожирларини тутиш кўлами кенгайиши ортидан дастлаб Москва шарқида 600 дан ортиқ кишини ўзи ичига олган лагерь қурилди.
Россиянинг шимолий пойтахти Санкт-Петербургдаги ноқонуний меҳнат муҳожирларини сақлаш марказида эса бўш жой қолмагани туфайли қўлга олинган муҳожирлар полиция автобусларида тонг оттиргани ҳолатлари кузатилди.
Бундай воқеаларга бевосита гувоҳ бўлган “Мемориал” ташкилоти фаоллари Андрей Якимов ва Майрам Самикова “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти номига йўллаган хатларида Россиянинг тегишли идоралари олиб бораётган бу тадбир доирасида кўплаб ҳуқуқбузарликлар кузатилаётганини билдирган эди. Улар Россия расмийларини муҳожирларга қарши кампания олиб боришда айблайди.
“176 киши учун мўлжалланган бу марказда айни пайтда 300 дан ортиқ киши сақланмоқда. Улар орасида қонуний регистрациядан ўтганлар ҳам бор”, деб ёзган “Мемориал” ташкилот фаоли Андрей Якимов.
– Мен Москвада қонуний регистрациядан ўтганман. Шунга қарамай, мени ҳам ана шу зачисткаларда қўлга олишиб, “сен мигрантлар учун таъқиқланган ҳудуд, яъни Железнодорожная массивида ишладинг” деб, 15 минг рубль жарима боғлади. Мен суднинг бу қарорини бажара олмайман, унақа катта пулим йўқ. Агар тўлай олмасам, депорт қилишлари аниқ, нима қилишимни ҳам билмай, мана бу ерда бошим қотиб ўтирибман, – дейди “Жараён”га исми очиқланишини истамаган жиззахлик йигит.
Хоразмлик Мавлуда Эгамбердиева рейдларда ҳаммадан кўпроқ Петербургдаги муҳожирлар зарар кўрган, деб ҳисоблайди.
– Бу ердаги ҳуқуқни поймол қилиш ва полиция ходимларининг ўзи қонунбузарликка йўл қўйганини тасвирлаб ўтирмайман, чунки бунга асабларим чидамайди. Эринмасангиз, Youtubeда тарқалган видеони томоша қилинг, – дея тавсия берди Мавлуда Эгамбердиева.
Дарҳақиқат, кечган ой сўнгида Youtube порталида пайдо бўлган ва маҳаллий миллатчилар томонидан тасвирга олинган видеони ҳар қандай одам томоша қила олмайди.
“Таёқ кўтарган малласоч ёки русча тозалаш” деб номланган видеода бир гуруҳ питерлик миллатчи ёшлар ўзбекистонлик, тожикистонлик ва озарбайжонликларга тегишли бўлган савдо дўконларини остин-устин қилиб, мева-сабзавотларни оёқлари билан эзаётгани ва баъзи жойларда эса рус қариялари эгасиз қолган дўконлардаги меваларни текинга олиб кетаётгани тасвирланган. Миллатчилар ўзбек, тожик аёлларга жисмоний куч ишлатиб, “йўқол ўз юртингга!” дея таҳқирлашади.
Қизиғи шундаки, миллатчиларнинг бу қўпол ва ғайриинсоний хатти-ҳаракатлари полиция ходимларининг бевосита иштирокида олиб борилмоқда.
Инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилувчи ташкилотлар вакиллари Россия ҳудудида тобора кучаяётган миллатчилик кайфиятини ҳукумат юргизаётган сиёсат билан боғлайди.
Эслатиш жоизки, Москва мэри Сергей Собянин полиция олиб бораётган амалиётларни дастаклаб, “бу амалиётлар етарли эмас, тартиб ўрнатишда давом этиш ва тинимсиз текшириш зарур”лигини таъкидлаганди.
Россия Ички ишлар вазирлиги расмий маълумотларига кўра, Москва ва унинг атрофида икки ҳафта ичида 22 та бозор ёпилган ва у ерда “ноқонуний” ишлаган мингдан ортиқ киши қўлга олинган.
Айтиш лозимки, Россия Федерал Миграция хизмати мамлакатнинг барча минтақаларида ноқонуний мигрантларни вақтинча сақлаш марказларини ташкил қилишни режалаштирган. Айтилишича, янги қонун лойиҳасига кўра, Россия ҳудудида яна 83 та ана шундай марказ ишга туширилади.
Айни пайтда мустақил таҳлилчилар “ноқонуний муҳожирларни тутиш” кампаниясини Москва шаҳар ҳокимлигига сайловлар билан боғламоқда.
Россия расмийлари эса бу тадбирни “ноқонуний миграциянинг олдини олиш” ва “Россия ҳудудида, хусусан, пойтахт Москвада маълум тартиб ўрнатиш” дея изоҳламоқдалар.
Ҳатто Москва мэри лавозими учун курашаётган мухолифатчи Алексей Навальний ҳам сайловда ғолиб чиқса, Россия пойтахтидаги муҳожирлар сонини 70 фоизга қисқартиришни ваъда берган. Шунингдек, Навальний Марказий Осиё ва Кавказ минтақаси мамлакатлари фуқароларига нисбатан виза режимини жорий этиш тарафдори эканини ҳам очиқлаган.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қатор халқаро ташкилотларнинг Россия ҳукуматига кетма-кет мурожаатларига қарамасдан, мамлакатда ноқонуний муҳожирларни тутиш кампанияси давом этаётир. Юзлаб муҳожирлар вақтинча сақлаш марказларида депортация соатларини кутиб яшамоқда. Уларнинг катта қисмини ташкил қилган ўзбекистонликларнинг бугун ўз-ўзига бераётган ягона саволи “Юртимга қайтсам, қандай кун кечираман?” бўлиб қолмоқда.
Гулнора РАВШАН
Fikr bildirish