Тўрабой (Набижон) Жўрабоев судидаги адолатсизлик
31 май куни ноқонуний ҳибсга олиниб, Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а” банди ва 168-моддаси 1-қисми билан айбланган фуқаролик журналистикаси вакили, мустақил ҳуқуқ ҳимоячиси Тўрабой (Набижон) Жўрабоев 23 май кунги бўлиб ўтган суд якунига кўра, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Эслатиб ўтамиз, Тўрабой Жўрабоев мустақил ҳуқуқ фаоли сифатида Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги инсон ҳуқуқларини бузилишларига қарши курашиб келган. У ўз фаолияти давомида асосан ҳуқуқий билими етарли бўлмаган ва бузилган ҳуқуқларини тиклашда муаммоларга дуч келаётган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, коррупция ва бошқа жиноятларга қарши курашиб келган ва мониторинглар олиб борган.
Шунингдек, у 2010 йил февраль ойидан бошлаб Ўзбекистондаги офиси 2005 йилги Андижон фожеаларидан кейин ёпилган ва мамлакатдан ҳайдаб чиқарилган «Озодлик» радиоси билан доимий ҳамкорлик қилиб келган. У ўзининг радио билан ҳамкорлиги давомида маҳаллий ҳокимият амалдорларининг, маъмурий органлар вакилларининг жиноий кирдикорлари ҳақида олиб борган мониторинги натижаларини жамоатчиликка етказган.
Тўрабой Жўрабоев асосан Жиззах вилоятида ва вилоятнинг Ғаллаорол туманидаги инсон ҳуқуқлари муаммолари билан шуғулланган, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари юзасидан Ўзбекистон республикаси президенти, республика бошқарув идораларига, республика прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа масъул идораларга мурожаатлар билан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни талаб қилиш, ушбу муаммолар юзасидан мониторинглар ўтказиш билан шуғулланган. Бундан ташқари, у “Озодлик”нинг халқ орасидаги “мухбири”, журналистикадаги янги йўналиш – Фуқаролик журналистикаси вакили деб тан олинган.
Жўрабоевнинг тергови ва суд жараёни пайтида Жиззахлик ҳуқуқ фаолларига ва Жўрабоевнинг яқинларига нисбатан турли ҳил босимлар бўлдики, натижада улар Жўрабоевнинг жиноят иши бўйича судини мониторинг қилиб бориш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлдилар.
Турмуш ўртоғининг адолатсиз ҳибсга олингани ва унга нисбатан ноинсоний муносабатлар қилинаётганига қарши бонг урган Феруза Маматовага нисбатан ҳам турли босимлар, қўрқитишлар уюштирилди. Бу ҳақда олдинги материалларда баён қилинганди.
Ҳозирда эса Жўрабоев устидан бўлиб ўтган суд жараёни пайтидаги аниқланган ҳақиқатлар ва суднинг адолатсиз, бир томонлама олиб борилганлигини исботловчи далилларни ҳукмингизга ҳавола қиламиз:
12 август кунги суд жараёни
12 август кунги суд жабрланувчи – “Ғаллаоролтумангаз” идорасининг ишлаб чиқариш устаси Мирзааҳмад Нурматовнинг (айблов хулосасини 1-чи вароғида Нурманов) кўргазмасини тинглаш билан бошланди.
У 2005–2008 йилларда “Ғаллаоролтумангаз” идорасининг раҳбари лавозимида ишлаганлигини, Жўрабоевни доимий равишда унга зўравонлик қилиб қўрқитиб келганлигини, ундан қўрққанидан газ плитаси, газ балони, учётчик, газ шкафи ва газ билан таъминлаб келганлигини баён қилган. Адвокатларнинг “Нима учун газ ускуналари ва газ билан таъминлагансиз? Тилингиз қисиқ жойи борми? Сизни қўрқитган экан, нима учун ўша пайтларда маъмурий органларга мурожаат қилмагансиз? Учётчикни қаердан олгансиз?”, деган мазмундаги берган саволларига у: “Учётчикни ўзимни пулимга олганман, ўша пайтда учётчик 15 минг сўм эди”, деб жавоб берган.
“Газ балони ўрнатиб берганман”, деган важи бўйича газ балонини сиғими қанчалиги ва русуми қанақа бўлганлиги ҳақидаги саволга у: “Русумини билмайман, сиғими 20 литрлик”, деб жавоб берган. Шунда Набижон ака ҳам, судда қатнашаётган унинг укаси Зоир ака ҳам Нурматовни ёлғон гапираётганлигини, чунки газ балони 20 литрлик эмас, 10 литрлик эканлиги ва бу газ балонини Зоир ака Тошкентдаги бозордан сотиб олиб, таксичилар орқали акасига бериб юборганини айтган.
Набижон Жўрабоев Нурматовдан: “Сизни устингиздан ёзилган шикоятлар юзасидан бирор орган томонидан текширишлар ўтказиб, муҳокамалар қилинганми?”, деган саволига Нурматов: “Билмайман, эсимда йўқ”, деб жавоб берган. “Жўрабоевнинг хонадонига ГРПни ўрнатилгани ҳақида айтгансиз, ГРПни тузилиши ва русуми қанақа эди?”, деб берилган саволга Нурматов жавоб бера олмаган. Газ плитаси билан балонга алоқадор саволларга ҳам Нурматов мужмаллик билан “Билмайман, газ плитаси билан балонга алоқам йўқ”, деб жавоб бериш билан чегараланган.
Адвокат Нурматовга: “Шикоят аризангизда “Газ плитаси ва балон газ туман идораси томонидан берилган”, деб ёзгансизку, тан оласизми?”, деб берган саволига у : “Газ плитаси билан балон Набижон акани ўзиники, биз унга олиб бермаганмиз буларни”, деб жавоб берган, яъни шикоят аризасида келтирган важлари, тергов пайтидаги ва суднинг бошида берган қўргазмаларини рад қилган.
Набижон Жўрабоев «Мирзаахмад Нурматов райгаз идораси бошлиғи вазифасида ишлаган пайтда туманда газдан қарздорлик миқдорини 1 миллиард 700 миллион сўм даражасига кўтарилиб кетишига сабаб бўлган, шу қарздорлик сабабли Нурматовни Ғаллаорол туман хокими ўринбосари қилиб қўйишди. Агар қарздорлик 3 миллиард сўм бўлганида эди, туманга хоким қилишарди» деган мазмунда 2009 йилда Муштумга чиқарганман” деган. Судья Нурматовдан «Муштумга чиқарилганингиз ростми?» деб сўраганида Нурматов “тўғри” деб жавоб берган.
Нурматов Мирзааҳмад танишларига: “Набижон акага қарши ариза ёзиб бер дейишганди, ёзиб бердим, “мана бундай мана бундай нарсалар олган” деб, аслида мен унга ҳеч нарса бермагандим”, деганини ўз оғзидан эшитган фуқаролар Набижон акани ҳимоя қилиб Нурматовни ёлғон гапирганини, ўзи тан олганлигини айтиш учун судга гувоҳлик беришга боришган, лекин уларни суд сўроқ қилмаган.
Жабрланувчи Қувондиқов Аброр ўз қўргазмасида Тоштемирова Сайёра “20 минг сўм бермасанг, устингдан шикоят қиламан”, деб шантаж қилгани ва улар ўртасидаги можородан хабардор бўлгани учун қўққанидан Набижон Жўрабоевга 200 минг сўмга ҳаражат қилиб берганини айтган.
Адвокатни Қувондиқовга: “Тоштемирова сенга шантаж қилган бўлса, нимага маъмурий органларга мурожаат қилмадинг?”, деган саволига Қувондиқов: “Қаерга қандай мурожаат қилишни билмадим”, деб жавоб берган. “Ўзингга ҳақ бўлсанг, нима учун Жўрабоевга 200 минг сўмлик ҳаражат қилиб бердинг?”, дейилган саволга эса: “Хотиним ва оиламдагилар эшитмаслиги учун ҳаражат қилиб беришга мажбур бўлдим”, деб жавоб берган.
Жўрабоев эса Қувондиқовни кўргазмаси туҳматдан иборатлигини, Қувондиқов Аброр ва Сайёра Тоштемирова билан алоҳида- алоҳида бўлиб ўтган суҳбат диктофонда борлигини, бу диктофон 22 май кунги тинтув пайтида бошқа ҳужжатларга ва дискларга қўшиб Ички ишлар бўлимига олиб кетилганнини, ўша ҳужжатларни ва дискларни, диктофонни судга тақдим қилинишини ва диктофондаги ёзувни суд қатнашчиларига эшиттиришларини талаб қилган ва шундагина бор ҳақиқат юзага чиқишини айтган. Лекин судья тергов органи томонидан судга диктофон тақдим қилинмаганини айтиш билан чегараланган, холос.
Бундан кўриниб турибдики, 22 май кунги тинтув пайтида Набижон акани уйидан олиб кетилган дискларни ва олинган ашёвий далилларни тергов органи судга тақдим қилмаган, яъни ашёвий далиллар йўққа чиқарилган, Қувондиқов Аброрни Набижон Жўрабоевга туҳмат қилаётганлигини исботловчи Тоштемировани Қувондиқов зўрлагани ҳақида гапириб бергани ва Қувондиқовни бу кирдикорни содир қилганлиги ҳақидаги Жўрабоев билан қилган суҳбати ёзилган дискни судга тақдим қилиниши ҳақидаги адвокатларнинг ва Жўрабоевнинг қонуний талаблари суд томонидан инобатга олинмаганлиги, суднинг Жўрабоевни иши бўйича буюртмани бажарганлиги, қонунга итоат этмаганлигини исботлайди.
Судья Жўрабоевга: “Қувондиқовни кирдикори бўйича нимага маъмурий органларга мурожаат қилмадингиз?”, деб берган саволига Жўрабоев: “Зиёратгоҳларни назорат қилиб борувчи “Олтин Мерос” жамғармасининг раҳбари Ўрол акага телефон қилиб айтганман ва у зиёратгоҳга келиб, буни муҳокама қилган”, деб жавоб берган. Агар суд ишни адолатли ўтганида эди, “Олтин Мерос” жамғармасининг раҳбарини судга гувоҳ тариқасида чақиртирилган бўларди.
Жабрланувчи “Диёр Аббос” МЧЖ раҳбари “А-гоол» спиртли ичимликлар дўкони эгаси Бозорбоев Алишер Набижон Жўрабоев ароқ магазинларини очилишига қарши шикоятлар қилгани ва магазинлар ёпиб қўйилгани, кейин Баҳтиёр бориб Набижон ака билан гаплашиб келганидан кейин 800 минг сўмни Набижон акага бериш учун тўплаганликларини айтиб кўргазма берган.
Набижон ака эса Бозорбоевнинг кўргазмаси нотўғрилигини, дўкондорларга “Мани сизлар билан ишим йўқ, мен ҳокимни президент қарорига зид иш қилаётганига қарши курашяпман. Лекин шу масалани кўтарганимдан кейин кимдир, балким сизлар томондан бўлса керак, уйимга ўт қўйиб кетилди. Президентнинг 605-сонли қарорига биноан, спиртли ичимликлар сотиш дўконлари аҳоли гавжум жойдан, мактаб, коллеж, бозор ва стадионлардан 500 метр узоқликда бўлиши кераклиги, бозорнинг қоқ ўртасидаги ароқ магазинлари президент қарорига зид эканлигини, ҳокимдан шу қарорни таъминлашини талаб қилганман, холос, сенлар билан ишим йўқ”, деганлигини айтди.
Ўша куни суд ўз ишини 13 август куни давом эттиришини эълон қилиб, мажлисни ёпди.
13 август кунги суд жараёни
13 август куни 10да бошланиши керак бўлган суд икки соат кечикиб бошланган. 12 август куни суд биносига хоҳлаган инсонларни ҳеч бир тўсиқларсиз киритишган бўлса, 13 август кунги судга Абдувоҳидов Шаҳобнинг топшириғи билан суд идораси қоровуллари бўлмиш милиционерлар Тўрабой Жўрабоевнинг яқинларини ҳеч бир нарсасиз – яъни сумкаларини олиб қўйиб, ручка ва қоғозларсиз киритишган.
Кечаги суд жараёнида ўзларини қаерга уришни билмай турган ароқ савдоси билан шуғулланувчи жабрланувчилар бугунги Абдувоҳидов Шаҳобни йўл йўриқларидан кейин дадилланиб, Жўрабоевга туҳмат қилишни давом эттирган. Ароқ магазини дўкондорларидан бирига адвокат “Шахсан ўзингиз кимга ва қанча бердингиз?”, деган саволига 200 минг сўм пулни Бозорбоев Алишерга берганликларини, Набижон ака билан гаплашмаганлигини, мулоқотда бўлмаганлигини, уни биринчи марта магазинда тўпланган пайтларида кўрганлигини, Жўрабоевга пул берилганлигини, кўрмаганлигини айтиб жавоб берди. “Жўрабоев шунча йиллардан буён сизларни устингиздан ёзиб безовта қиляпти экан, нима учун олдин маъмурий органларга мурожаат қилмасдан, қамалиб қолганидан кейингина, қонуний чора кўришни сўраб, ариза бердингиз?”, дейилган саволга: “Мен бу кишидек ёзувчи эмасман”, дейиш билан чекланган, холос.
Судда кўргазма берган жабрланувчи – “Темур” МЧЖ раҳбари Пирматов (айблов хулосасининг 2–3 вароқларига ишонилса “Пирназаров”, айблов хулосасининг 7-вароғига ишонилса Пиримқулов) Рустам дўкони қонуний эканлиги, лицензияси борлиги, яширин ароқ қилиб сотмаслиги, ҳамма иши жой-жойида эканлиги ҳақида гапирди. Лекин адвокатнинг унинг кўргазмаларини нотўғрилигини исботловчи Ғаллаорол туман давлат солиқ идораси томонидан “Темур” МЧЖда ўтказилган текширишда аниқланган савдо дўконида касса аппаратлари бир марта урилиб, бир марта урилмаслиги каби камчиликлар баён қилинган қонунбузилишлар ҳақидаги 2 вароқдан иборат текширув хулосасини ўқиб берганидан кейин мум тишлаб қолган. Прокурор давлат солиқ идорасининг текшириш хулосани олиб ўқиб кўргандан кейин адвокатлар ушбу текширув хулосасини жиноят ишига қўшиш ва ҳуқуқий баҳо беришни сўраб, судга мурожаат қилишган қилишган.
Жабрланувчилардан бири – «Шахнозаой» кўп тармоқли хусусий фирмаси раҳбари ва шу фирмага қарашли “Шахноза” спиртли ичимликликлар савдо дўкони эгаси Ҳожиев Нуриддин ўрнига дўкон сотувчиси келиб, судда гувоҳлик берган ва дўкон эгалари тўпланган жойга борган Набижон акани “Сизлардан мен пул талаб қилаётганим йўқ, мен ҳокимиятдан президентнинг 605-сонли қарорини бажарилишини талаб қиламан, холос” деганини эшитганлигини айтган. Ҳожиев Нуриддин ҳисобидан Алишерни столи устига 200 минг сўмни у қўйиб кетганини, пулни Набижон акага берилганини кўрмаганлигини ва кейин 100 минг сўмни Алишер қайтариб олиб келганини кўрганлигини айтган.
“А-гоол” номли спиртли ичимликлар дўкони сотувчиси бўлмиш гувоҳ Бердиев Баҳтиёр судда кўргазма бериб, 300 минг сўм пулни Саид қассобга олиб бориб берганлигини ва унга бу пулни Бозорбоев Алишер бериб юборганлигини айтганини билдирди. “Жўрабоев сизлардан пул сўрадими?”, деган саволга: “Йўқ, биз ўзимиз келишдик беришга”, деб кўргазма берган.
Жўрабоев эса “23 февраль куни бозордаги Саиддан гўшт олдим ва қўшним Баҳтиёр орқали 3 пачка 1000 сўмликни бериб юбордим, чунки 24 февраль куни туғилган куним эди”, деган.
Судга терговда Жўрабоевга қарши гувоҳлик берган “Уйғониш Зафар” ТЧХ раҳбари бўлиб ишлаган Мангитова Лолани ўрнига, уни эри Мангитов Ботир қатнашиб, гувоҳлик кўргазмаси беришга ошиққан ва у: “Кўчаларимизда ароқлар, пиволар ҳеч қандай лицензиясиз сотилмоқдаку, тўйхоналар солиқларни тўламай яширадику, эски паркни жойлари бузилиб ётибдику, шуларни ёзсалар бўлмасмиди?”, деб жаврай бошлаганини эшитган Жўрабоев: “Нима учун менга туҳмат қилган Лола Мангитовани ўзи судга келиб терговда берган кўргазмаларини тасдиқламайди? Бу ер карвонсаройми, истаган одам келиб фикр билдирадиган?”, деб эътироз билдирганидан кейин суд Мангитов Ботирни суд залидан чиқариб юборишга мажбур бўлган.
Шундан сўнг, суд 14 август куни тушдан кейин давом эттирилишини айтиб, танаффус эълон қилган.
14 август кунги суд жараёни
Судда гувоҳлик берган жабрланувчи Ҳамраев Баҳодир 2011 йилнинг баҳорида 1 миллион сўмга видеокамера олиб берганлигини айтганида, Жўрабоев 847 минг сўмга Тошкентнинг “Ўрикзор” бозоридан ўғли Акмал билан бирга бориб олганлигини, Баҳодир туҳмат қилаётганини айтган. Ҳамраев Баҳодир “Бир миллион сўмга олиб бердим”, дегани видеокамерани рангини ҳам, маркасини ҳам қанақалигини айтиб бера олмаган. “400 минг сўмга Жўрабоевнинг хаммомига акфа эшикни ўрнатиб бердим” дегани бўйича Жўрабоев хаммомни “Акфа” эшигини 280 минг сўмга устага ясатиб, пулини нақд ўзи тўлаганлигини айтган.
Шунингдек, 2011 йилда краска, эмулсияларни Жўрабоев унинг дўконидан олиб кетганлиги, пулини бермаганлиги ҳақидаги кўргазмасига асосан Жўрабоев 2011 йилда Ҳамраев Баҳодирни дўконида краска ва эмулсиялар сотилмаганлиги, атига 2012 йилдан бошлаб бу нарсаларни сотиш бошланганлигини, Ҳамроев Баҳодир айтган краска ва эмулцияларни Баҳодирнинг укасини дўконидан сотиб олганлигини айтган.
Исроилов Саид исмли қассоб гувоҳлик бериб, “Жўрабоев ҳақиқатан ҳам 20 килограмм гўштни олиб кетганлигини, пулини бериб юборишини айтганлигини, “қўшним Баҳтиёрдан бериб юбораман” деди, кейин кўшниси Баҳтиёр 3 та пачкадаги 1000 таликдан 300 минг сўмни олиб бориб берганлигини, Набижон ака бериб юборди” деб айтгани ҳақида кўргазма берган.
Кейин “Саъд Ибн Абу Ваққос” зиёратгоҳида 2009 йиллардан бошлаб қурувчи вазифасида ишлаган Рўзматов Ғулом гувоҳ сифатида кўргазма берди. Унинг кўргазмасига қарши Жўрабоев 10 та тахтанинг ҳар бирини 28 минг сўмдан, жаъми 280 минг сўмга сотиб олиб, пулини нафақа пулидан берганлигини, тахталарни Абдумутал Жуманов кира қилиб келган “ГАЗЕЛ” машинасига солиб олиб кетганлигини айтган.
Гувоҳ Нуриллаев Ваҳоб судда кўргазма бериб, хақиқатан Абдумутал Жумановни илтимосига кўра, гап гашлаклари учун бозорликлар қилиб бериб турганлиги, ҳаражатларига Жумановни ўзи пул берганлигини, Жўрабоев ва Абдумутал Жумановлар муносабатлари яхши бўлганлиги, оилавий борди-келди қилишларидан хабардорлиги, меҳмондорчиликка бориб келиб юришганда, уларни олиб-келиб юрганлиги ҳақида гапирган. Абдумутал Жуманов Жўрабоевга пул берганлигини кўрган-кўрмаганлиги ҳақидаги адвокатларнинг саволларига Жумановни Жўрабоевга пул берганлигини умуман кўрмаганлигини ва бундан хабари ҳам бўлмаганлигини, бу ҳақда умуман эшитмаганлигини айтган.
Абдумутал Жуманов меҳмондорчиликда бўлган пайтларида ўзини олиб кетишни айтиб телефон қилиши ва унинг қўнғироғидан кейин уни олиб кетишини айтган. Жабрланувчи Қувондиқов Аброр ўзини ҳисобидан Жўрабоевга 100 минг сўм пул ҳам берганлигини билмаслигини, 200 минг сўмга ҳаражат қилиб берганлиги ҳақидаги кўргазмаси ҳам, Қувондиқовни ўз пулига бозор қилиб келганлиги ҳақидаги кўргазмаси ҳам ёлғонлигини айтган.
19 август кунги суд жараёни
“Ғаллаоролтумангаз” филиалининг бошлиғи Абдурасулов Зокир 2012 йил апрель ойидан буён ҳозирги вазифасида ишлаётганлигини, Жўрабоев у филиални бошқариб келаётган палладан бошлаб унга нисбатан ҳеч қандай таъқиб ва босим ўтказмаганлигини, қўрқитмаганлигини, ўзига нисбатан зўравонлик қилмаганлигини, лекин газ етказиб бериш бўйича бирор-бир муаммо бўлса, унинг қабулига келиб, муаммони тезлик билан ҳал қилишни талаб қилиб келганлигини ва унинг талабини бажариб келганлигини, лекин ўзидан олдинги раҳбарларга Жўрабоев босим ва таъқиб ўтказиб келганлиги, кўрқитганлигини эшитганлигини айтиб, кўргазма берган.
Адвокатларнинг “Сиз райгаз ҳисобидан Жўрабоевни 2400 минг сўмлик газ балон, газ шкафи, учётчик ва газ плитаси олиб кетганлигини даъво киляпсиз. Агар райгазни ҳисобидан кетган бўлса, райгазнинг бухгалтерия балансида бу сумма бир неча йиллардан буён камомад тарзида кўриниши керак ва шундагина бу ташкилот балансидаги камомад суммани Жўрабоев тўлаши керак бўлади. Райгаз томонидан шунча суммадаги нарсалар Жўрабоевга берилганлигини даъво қиладиган бўлсангиз, мана шу 2400 минг сўмлик нарсалар райгазни балансидан кетганлигини ва бу камомадни исботлайдиган райгазни балансини тергов органига ёки судга тақдим қилишингиз керак эди.
Агар райгазнинг балансида камомад кўрсатилмаган бўлса, унда бу нарсаларни райгаз ҳисобидан кетганлигини исботлайдиган асосингиз борми? Агар даъво қилмай, ўзиники дейдиган бўлсангиз, Жўрабоевнинг устидан ёзган аризангиз ва терговдаги кўргазмаларингиз ёлғон бўлиши керак”, деган фикрларига нисбатан Абдурасулов Зокир ташкилотни балансида камомад йўқлигини, кимнинг ҳисобидан олиб берилганлигини билмаслигини айтган.
Тоштемирова Сайёра эса судда Жўрабоевни танимаслигини, ҳеч қандай даъвоси йўқлигини, жиноят иши материаллари орасидаги аризасини қайтариб беришини талаб қилиб, йиғлаган. Феруза Маматова эса Тоштемирова Сайёрага нисбатан Қувондиқов Аброр зўравонлик қилгани ҳақида Абдумутал Жумановни хотинидан эшитганлигини айтиб, кўргазма берган. Жўрабоев эса яна қайтадан суддан 22 май кунги тинтув пайтида олиб кетилган диктофонни, 3 та дискни ва бошқа ҳужжатларни судга олиб келиб эшитишни талаб қилган. Лекин суд яна Жўрабоевнинг талабларини инобатга олмаган.
Гувоҳ Ҳамраев Акмал кўргазма бериб, Жўрабоевга видеокамерани олиб келиб бериб, ташлаб кетганлигини, ундан кейинги ишлардан хабари йўқлигини айтганида, Жўрабоев Ҳамраев Акмални кўргазмаси ёлғонлигини, чунки Акмал видеокамерани олиб келганидан кейин Ботир исмли йигит билан биргаликда видеокамерани ўрнатганликларини, регулировкани Акмал қилиб турганлигини, бу ҳақда судда қатнашаётган Ботир гувоҳлик бериши мумкинлигини айтди. Лекин Жўрабоевнинг гувоҳ Ботирни сўроқ қилиш талабидан кейин суд танаффус эълон қилди ва танаффусдан кейин ишни кўришни 23 август куни давом эттириши ҳақида эълон қилган.
23 август куни давом этган суд жараёни шу куни якунига етган.
Судда иштирок этаётган прокурор вакили ўз музокарасида Жўрабоевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши материаллари ўз тасдиғини топганлигини айтиб, Жўрабоевга нисбатан 10 йиллик қамоқ жазоси беришни сўраган.
Суд эса Жўрабоевни 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм чиқарган. Суддан кейин шу кунни ўзида Жўрабоевни Хавасдаги тергов изоляторига олиб кетишган. Шу куни кийим-кечаклар ва озиқ-овқатларни бериш учун Феруза Маматова 4 соатдан ортиқ кутган.
Охири кундуз соат 17дан бошлаб 21гача кутиб, 10 минутгагина учрашишга руҳсат олган. Жўрабоев суд давомида ўзининг айбсизлигини исботлаш учун барча қилган ҳаракатлари оқибатсиз қолганидан руҳий тушкунликка тушиб кетган.
«Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти мониторинг ўтказиш гуруҳи
Fikr bildirish