Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси фаоли устидан жиноят иши очилди
Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси фаоли Шуҳрат Рустамов республика Жиноят кодексининг 139 моддаси (“туҳмат”) қилганликда айбланмоқда.
– Жиноят иши Тошкент шаҳар, Шайҳонтоҳур туман Ички ишлар бошқармаси томонидан шу йилнинг 30 май куни қўзғатилган.
Мен бу ҳақда 23 август куни хабар топдим. Отделга чақиришди, “нима гап экан”, деб борсам қарор билан таништиришди. Жиззах вилояти Зомин туман прокуратурасининг сўрови билан шу туман ҳокимига туҳмат қилганликда айблашган.
“Бунақа қарорларингнинг менга тиши ўтмайди, президентга ариза ёзаман”, деб чиқиб келдим. Ўша куннинг ўзида республика президенти номига ариза ёздим. Орадан ўн кун ўтди, жавоб йўқ. Мана бугун, 9 сентябр куни яна такроран ариза юбораяпман, – деди душанба куни “Жараён”га гапирган ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов.
Альянс фаоли Рустамов ўзига нисбатан очилган жиноят иши жиззахлик фермер Алиқул Саримсоқовнинг иши билан боғлиқлигини айтди.
– Менга очилган иш жиззахлик фермер Алиқул Саримсоқовнинг иши билан битта ипга боғланган. Зомин туманинг Тешик-тепа қишлоғида яшаётган бу йигит 30 оилага уй қурдириш учун 15 миллион сўм тўплаган, ўша ер аҳолиси ва ҳукумат одамлари билан келишилган тарзда. Кейин шу пулнинг ярмини Зомин туман ҳокимлигининг участка учун ер ажратиш бўлимга топшириб “қолган пулни ер ажратилиб, қарор чиққандан кейин топширамиз”, деган.
Хуллас, шу орада пул олган маҳаллий мулозимлар Саримсоқовни роса сарсон қилиб участка ажратиш ишини пайсалга солган. Ундан пора сўрашган, лекин бу адолатли йигит уларга пора бермаган. Оыибатда жанжал катта бўлиб кетди ва 2009 йилда Саримсоқовни сохта айбловлар билан қаматишди. Олти ойлик қамоқдан кейин у амнистияга тушиб, озодликка чиқди.
Адолат ўрнатиш учун ҳуқуқий ёрдам сўраб, менга мурожаат қилди. Мен уни ҳимоя қилдим. Энди туман прокурори ва унга ҳамтовоқ маҳаллий мулозимлар бу ишда Саримсоқовдан кўра мен кучлироқ эканимни, уларнинг жиноятлари фош бўлиб қолишини тушуниб етди ва бунинг олдини олиш учун мени “жиноятчи” қилишга ҳаракатлар бошлади, – дейди ҳуқуқ фаоли Рустамов.
Суд Шуҳрат Рустамовни айбдор, деб топса, ҳуқуқ фаол йирик миқдорда жаримага тортилиши ёки уч йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Бироқ, Шуҳрат Рустамов ишнинг маҳкамагача етиб бормаслигига ишонади.
– Ҳозир Ўзбекистонда мана шунақа, аввал иш қўзғатиб қўйиб, кейин ўшанга далил исбот тополмай, юқоридагилар билан пастдагилар келишган ҳолда ишни аста- секин “сўндиради”. Яъни юқорига ёзилган аризага жавоб берилмайди, пастдагилар ҳам шу билан жим-жим бўлиб кетишади ва иш муҳлат ўтгани учун ёпилади.
Булар менга тиш қайраб, иш қўзғаб қўйишди, мен ҳам ўз ҳуқуқларим учун курашаман, жим ўтирмайман. Негаки, менга қўйилган айб мутлоқо асоссиз. Ҳар ҳолда мен қаттиқ турсам, менга ноқонуний иш очган одамларнинг ўзи 331-модда билан жавобгарликка тортилиши мумкин, – дейди ҳуқуқ фаоли Рустамов.
Эслатсак, ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов ўтган йилнинг ёзида ҳам туҳматда айбланиб, маҳкамага тортилган ва суд залидан озод қилинган эди.
2012 йилнинг ноябрида эса у ўнга яқин ҳуқуқ фаоллари билан Тошкентда йиғин ўтказмоқчи бўлган чоғида ҳибсга олиниб, Шайҳонтоҳур туман Ички ишлар бошқармасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасида бир муддат ушлаб турилиб, кейин қўйиб юборилган эди.
Ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов сўнгги вақтлар Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф доира вакиллари ва уларнинг яқинлари ҳамда ҳуқуқ фаолларининг ҳақ- ҳуқуқларини ҳимоя қилаётгани ортидан ўзига нисбатан босимлар янада кучайганини айтди.
Гулнора РАВШАН
Fikr bildirish