“Эзгулик” фаолига саккиз йиллик қамоқ жазоси таҳдид қилмоқда
Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Бухоро вилоят бўлими раиси Бобомурод Раззоқов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135 – моддаси (“Одам савдоси”) бўйича айбланиб, маҳкамага тортилган эди.
Жорий йилнинг 10 сентябрь куни судда эшитувлар ниҳоясига етди.
Мазкур суд жараёнини бевосита кузатган “Эзгулик” жамияти фаоли, мустақил журналист Абдураҳмон Ташановнинг “Жараён”га билдиришича, маҳкамада қонунбузарликлар кузатилмаган.
– 9 сентябрь куни бўлиб ўтган суд процессида қатнашдим. Раззоқовнинг соғлиғи яхши. Суд адолатли ўтаяпти, деб ҳисоблайман. Судья адвокат ва ҳуқуқ фаолларига кўпроқ вақт бериб, улар келтирган маълумотларни эътиборга олаяпти.
Бироқ аввал айтганимиздек, Бобомурод Раззоқовнинг иши касбий фаолияти билан боғлиқ бўлгани учун ҳам сиёсий хусусиятга эгадир. Ва бундай ҳолатларда барибир охирида ўша сиёсий буюртма асосидаги қарор чиқарилади. Бордию шундай бўлса, фаол Бобомурод Раззоқов саккиз йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин, – дея хавотир билдирди мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов.
Эслатсак, Бобомурод Раззоқов устидан жиноят иши фуқаро Гулшан Каримованинг шикоят аризаси асосида очилган эди. Даъвогар Каримова ўз аризасида гўё Бобомурод Раззоқов уни Дилфуза Равшанова исмли шахсга мажбурлаб бериб юборганини келтирган. Ўз навбатида, Дилфуза Равшанова жабрланувчи Гулшан Каримовани эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаган.
Бобомурод Раззоқовнинг яқинлари ва адвокатларидаги маълумотларга кўра, бундан аввал даъвогар Гулшан Каримова милиция рўйхатида бўлган ва республика Жиноят кодексининг 131-моддаси, фоҳишахона сақлаш, қўшмачилик қилиш билан айбланиб, икки марта судланиб чиққан. Айтилишича, Гулшан Каримованинг маҳалладошлари аёлнинг ахлоқий бузуқлигидан шикоят қилиб бир неча марта турли идораларга аризалар ёзган.
Айблов хулосаси билан танишиб чиққан ҳуқуқ фаоли Бобомурод Раззоқовнинг ўзи ҳам ўзига нисбатан очилган жиноий иш касбий фаолияти билан боғлиқлиги ва сиёсий қарашлари сабаб уюштирилган туҳмат эканини айтган эди.
Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Раззоқов ишини кўриб чиқаётган Жондор туман суди биноси милиция наряди билан ўраб олинган.
– Бу албатта маҳкама жараёнининг тинч ўтиши учун қилинган чора-тадбир. Лекин шуни ҳам айтиш керакки, милиция ходимлари менинг суд жараёнида қатнашишимга халақит бериб турдилар. 9 сентябрь кунги маҳкама давомида сумкамдан Бобомурод Раззоқовни ҳимоя қилиш учун менга берилган ваколатнома, судланувчи масаласидаги илтимосномалар, жумладан, суд жараёнини видео ва аудио мосламалар орқали ёзиб олиш, суд даврида Раззоқовни озодликка чиқариб туриш ҳақидаги илтимосномалар сумкамдан йўқолиб қолди.
Бу ҳужжатларни милиция ходимлари ўғирлаган, чунки мен ташқарида ишим чиқиб қолгани учун сумкамни уларнинг ёнида қолдириб кетган эдим. Яна шуни ҳам айтишим керакки, Бухородан Тошкентга келгунимча мени қора кийимдаги кишилар кузатиб келди. Бобомуродов суди жараёнида менга ҳам босимлар бўлаяпти, – деди “Эзгулик” жамияти фаоли Ташанов.
Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Бухоро вилояти бўлим раиси, 60 ёшли фермер Бобомурод Раззоқов шу йилнинг 10 июль куни вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.
Бунгача “Эзгулик” фаоли Раззоқов Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармаси таъқибига учраганидан шикоят қилган эди.
Жумладан, шу йилнинг 10 июнь куни Раззоқов вилоят Ички ишлар бошқармасининг Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бўлимида тергов қилинганди.
“ИИБ Жиноят қидирув ва терроризмга қарши-кураш бўлим бошлиғи Алишер Андаев мени уч ярим соат давомида тергов қилди ва бир қатор талаблар қўйди. Шулардан энг асосийси – “Эзгулик” дан чиқиб кетишим, хорижий оммавий ахборот воситаларига вилоят ҳақида ҳеч қандай ахборот бермаслигимга оиддир”, деган эди ўшанда Бобомурод Раззоқов.
Бобомурод Раззоқов ўзини тергов қилган Бухоро вилоят милицияси зобити Андаев хуқуқ фаоли уларнинг ишига халақит бераётганини ва агар “Эзгулик”даги фаолиятини тўхтатмаса “бошига қора кунларни солиш” ҳамда оиласи билан таҳдид қилганини гапирган эди.
Гулнора РАВШАН
Fikr bildirish