Ўзбекистонда милиция мустақил журналист Сергей Наумовни тутиб кетди
21 сентябрь куни Урганчда милиция ходимлари мустақил журналист Сергей Наумовни тутиб кетгани маълум бўлди.
Бу ҳақда “Жараён”га журналистга яқин бўлган манба хабар қилди. Унга кўра, Наумов 21 сентябрь, куннинг иккинчи ярмида унга ўзининг қўл телефони орқали СМС хабар юбориб, милиция ходимлари томонидан тутиб кетилгани ҳақида маълум қила олган.
Манбанинг айтишича, Сергей Наумов ундан тутиб кетилган кунининг ўзидаёқ, Тошкент вақти билан соат 21ларда алоқага чиқмаса, бонг уришни ва унинг милиция ходимлари томонидан қўлга олингани ҳақида барча маълум қилишини илтимос қилган.
Манба журналист Ўзбекистондаги навбатдаги пахта кампанияси вақтида Хоразм вилоятидаги пахта далаларининг бирида одамларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилиниш ҳолатлари бўйича мониторинг ўтказиш чоғида қўлга олинган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Наумов СМС хабар юборган қўл телефони ва унинг Урганчдаги танишлари телефонлари ҳозиргача хизмат кўрсатиш доирасидан ташқарида.
Қайд этиш жоизки, Сергей Наумов Ўзбекистон ичида яшаб, ўз ҳаёти учун катта хафв билан дунёдаги энг ёпиқ мамлакатлардан бирида инсон ҳуқуқларининг бузилиш ҳолатлари билан боғлиқ муаммоларни ёритиб келаётган кам сонли мустақил журналистлардан биридир.
“Жараён” журналист тақдирини диққат билан кузатиб боради ва унинг қўлга олиниши билан боғлиқ бўлган тўлиқ тафсилотларни ўз ўқувчилари эътиборига ҳавола этишга ҳаракат қилади.
София ДАВРОНОВА
Fikr bildirish