Ўзбекистонлик айрим ўқитувчилар ўқувчиларнинг ота-оналари ҳисобидан бойимоқда
Ўзбекистонда пахта теримига оммавий сафарбарлик арафасида республиканинг айрим мактабларида ўқувчиларни “сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиш” кампанияси бошланиб кетгани айтилмоқда.
– Шу ўқув йили бошлангандан бери мактаб директорлари, синф раҳбарлари ота- оналар билан алоҳида суҳбатлар ўтказиб, “яқинда пахта кампанияси бошланади, болангизни теримдан олиб қолиш имкониятингиз бўлса, маслаҳатлашиб олайлик”, деб пора таъма қилмоқда.
Энди сал ўзига тўқроқ оила бўлса, боласини шу мавсум ва ундаги азоблардан қутқариб қолади. Бордию қўли калтароқ бўлса, бола “пучаклар” қаторига қўшилиб, кузак совуғигача пахта даласида ўқишнинг ўрнига меҳнат қилади, – дейди “Жараён”га андижонлик Давлатой Муродова.
Аёлнинг айтишича, ҳар йил Ўзбекистонда пахта теримига оммавий сафарбарлик арафасида шу аҳвол такрорланади.
– Ўтган йил ҳам, мана бу йил ҳам мана шу аҳвол. Аввалги йиллар мен ўзим шахсан синф раҳбари, директор билан гаплашиб, уччала боламга сўраган 400 минг сўмни берганман. Бу пуллар табиийки, мактаб фондига тўпланмайди, балки ўша синф раҳбари ва директор ўртасида тақсимланади.
Пул йўқ бечора оналар сандиғидан битта яхши материални боласининг синф раҳбарига бериб, боласини пахта теримидан қутқариб қолади. Агар синф раҳбари эркак бўлса, унга кафеда ёки ошхонада битта зиёфат қилиб бериш керак. Энди бундай шароит ҳаммада ҳам йўқ. Шу сабабли аксарият оилаларнинг фарзандлари жуда қийин шароитда пахта теришга мажбур қилинади, – дейди суҳбатдошимиз Давлатой.
Аёлнинг мулоҳазасича, ҳар йили пахтага оммавий сафарбарлик мактаб директорлари ва синф раҳбарларига яхшигина хазина тўплаб олишлари учун имконият туғдиради.
– Масалан бир синфда ўттизта бола ўқиса, ўшандан ўнтаси пора эвазига пахтадан олиб қолинади. Пахтага чиқмаган бола номига унинг пахтага чиққан синфдоши терган пахтанинг ярми ёзилади. Шу билан ҳалиги бола пахта терганлар рўйхатига киритилади.
Боланинг ота-онасидан пул олган директор, синф раҳбари шу йўл билан “ишдан ҳайдалиш” таҳдидидан қутилиб қолади. Шунинг билан бирга улар пахта мавсумда яхшигина хазина ҳам тўплайди, – дейди уч боланинг онаси Давлатой Муродова.
Ўзи ҳам бир вақтлар пахта даласидаги азобларни бошидан ўтказган Давлатой эллик кунлаб пахта даласида қолиб кетадиган ўқувчиларнинг ҳуқуқлари ўқитувчилар томонидан поймол қилиниши ҳоллари тез-тез кузатилиб турилишини айтди. –
– Болаларни ҳақорат қилиш, таҳқирлаш ва ҳатто унинг ҳаётини хавф остига солиш ҳолатлари кўп учрайди. Масалан, ўтган йили ўғлимнинг синфдошларидан бири Зуҳра исмли қиз пахта даласида кўричак бўлиб қолганди. Оғриққа чидолмай йиғласа, ўқитувчилар уни дўқ-пўписа қилиб “баҳона қилаяпсан”, деб мажбур пахта тердирган. Қиз оғриқдан бақириб йиғлагандан кейин касалхонага олиб боришган. “Агар кечроқ олиб келганингизда, қизча ўлиб қолиши мумкин эди”, дейишган докторлар, – дейди Давлатой.
У “юқоридагилар” учун пахта планини бажариш болаларнинг билим олиши ва уларнинг саломатлиги масаласидан ҳам муҳимроқ мавзуга айланиб қолаётганидан шикоят қилди.
– “Ўзбек боласи ўқисин, саводли бўлсин”, дейдиган бир жонкуяр йўқ. Менинг шароитим бор, ҳар йил пора бериб болаларимни пахта теримидан олиб қоламан. Биламан, пора бериш жиноят, лекин вазият шуни тақозо қилаяпти, – дер экан Давлатой, ўзбекистонлик ота-оналар пахта теримидан олиб қолган фарзандларига уй шароитида дарсларини давом эттиришлари учун ўқитувчи ёллашини қўшимча.
Айни пайтда Ўзбекистон ташқарисида муҳожирликда бўлиб турган суҳбатдошимизнинг айтишича, шу кунларда Андижон вилоятининг чекка қишлоқларида “ўқувчилар пахта даласига ҳайдалган”.
– Анов куни қишлоқ мактабларида ишлайдиган бир ўртоғим билан телефонда гаплашдик. Қишлоқларда юқори синф ўқувчилари пахта теримига жалб қилинган, деди у. Шароит жуда ёмон, иссиқ овқатнинг тайини йўқ. Шароит ёмонлиги сабабли ўқувчиларлар орасида ичтерлама тарқалган. Ҳамшира бириктирилган, лекин унда ҳатто битта бош оғриқ учун дори ҳам йўқ экан, – дейди ўзидаги маълумотлар билан ўртоқлашган суҳбатдошимиз Давлатой.
Ўзбекистон ҳукумати 2011 йилда “Болалар мажбурий меҳнатини тугатиш тўғрисида” қонун қабул қилган. Шунингдек, 2011-2012 йиллар давомида хусусий фермерларга болалар меҳнатидан фойдаланиш қаттиқ тақиқланди.
Бироқ қонунлар қоғоздан амалга кўчмаётган Ўзбекистонда мажбурий меҳнат, хусусан, болалар меҳнатидан фойдаланилиши ҳеч кимга сир эмас.
Ўзбекистон пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланилгани сабабли бир қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, ҳуқуқ ҳимоячилари хориж ширкатларини ўзбек пахтасидан тайёрланган маҳсулотларга бойкот эълон қилишга чақириб келаётир.
Гулнора РАВШАН
Fikr bildirish