Музаффар Сулейманов: Атамбаев ўз фармони билан Асқаровни авф қилиши мумкин эди (видео)
Жорий йилнинг 21 сентябрь куни Бишкекда ҳуқуқ фаоли Тўлейқан Исмоилова раҳбарлигидаги “Бир Дунё – Қирғизистон” ҳуқуқни муҳофаза қилиш маркази томонидан ташкиллаштирилган кинофестивалда жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров ҳақида “Фридом Хаус” халқаро ташкилоти томонидан суратга олинган “Азимжон Асқаров” фильми намойиш қилинди.
Бироқ фильм намойиш қилинишидан бир неча кун аввал ва намойиш куни бир қанча қирғиз сиёсатчилари, жамоат арбоблари ва ўзларини қирғиз “ватанпарварлари” деб атайдиган кишилар фильм намойиши ўтадиган Бишкекдаги “Манас” кинотеатрида ўз норозиликларини билдириб чиқдилар.
Ўз ҳаракатларини улар фильм миллатлараро низони қайта қўзғаши мумкин, дея изоҳладилар. Уларнинг айримлари эса фильмда Қирғизистон ҳуқуқий тизими ночор аҳволда эканига шама борлигини айтиб, шу важдан унинг намойишини таъқиқлаш керак, дея мулоҳаза билдирдилар.
“Жараён” бу борада ўз фикрлари билан ўртоқлашишни сўраб, Нью-Йоркдаги Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Европа ва Марказий Осиё дастури тадқиқотчиси Музаффар Сулеймановга бир неча савол билан мурожаат қилди.
Интервью чоғида Сулейманов Азимжон Асқаров ҳақидаги фильм намойишига қаршилик, қирғиз ҳукуматининг ҳуқуқ фаоли ишини қайта кўриб чиқишга хоҳиш билдирмаётгани ва Асқаровнинг озод қилинишига ёрдам бериши мумкин бўлган омиллар ҳақида сўзлади.
Жараён: Музаффар, нима деб ўйлайсиз, мамлакатда бир инсон тақдири ҳақида ҳикоя қилувчи бу фильм атрофида бу қадар шов-шув кўтарилиши учун жиддий сабаб бормиди?
Музаффар Сулейманов: Менимча, Азимжон Асқаров ҳақидаги фильмнинг намойиш қилинишига қаршилик кўрсатилишига биргина сабаб бўлган – бу ҳукумат ёки унга яқин доираларнинг Азимжон Асқаров ишининг очиқ кўриб чиқилишини истамаслигидир. Низо қайталаниши мумкинлиги тўғрисида сўзлаётганларнинг гаплари ҳеч қанақа асосга эга эмас. Агар ҳақиқатан бунга ишора қилувчи фактлар бўлганида, расмийлар мазкур фильм намойишини таъқиқлаб қўйган бўларди.
Аммо сиз айтган ҳолатда биз “жамоатчилик вакиллари”нинг норозилик билдириб чиқаётганларини кузатаяпмиз. Расмийлар эса, англашимча, балки уларга қўл келаётгани учун содир бўлаётган воқеаларга аралашмаяпти. Фикримча, бу саволингизнинг бир жиҳатини урғулайди – ҳукуматнинг Асқаров ишига муносабати Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тизими чиндан ҳам ночор аҳволда эканини тасдиқламоқда.
Жараён: Жорий йилнинг февраль ойида Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Қирғизистон Бош прокуратурасига ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг ишини жамоатчилик учун очиқ тартибда кўриб чиқишни сўраб, мурожаатнома йўллаганди.
Қўмита мурожаатномасида Асқаровнинг айбсизлиги ҳақида очиқ гувоҳлик беришга тайёр бўлган гувоҳлар (камида тўртта гувоҳ) борлиги айтилганди.
Бироз вақт ўтгач, президент Алмазбек Атамбаев журналистлар билан учрашув чоғида [агар Асқаровнинг айбсизлигини исботловчи] конкрет гувоҳлар бўлса, бу иш қайта кўриб чиқилиши ҳақида гапирганди. Бироқ яқинда Атамбаев бу иш яна кўриб чиқилиши учун сабаб йўқлигини айтди. Натижада Азимжон Асқаров иши қайта кўриб чиқилгани йўқ.
Сизнингча, қирғиз расмийларининг бундай хатти-ҳаракатини қандай изоҳлаш мумкин?
Музаффар Сулейманов: Ростини айтсам, уларнинг бундай хатти-ҳаракатини қандай изоҳлаш мумкинлигини билмайман, бу ҳақда фақат тахмин қилиш мумкин, холос. Шунингдек, мен президент Атамбаевга Асқаров адвокатлари билан воситачиларсиз учрашишни, унга чиқарилган ҳукмни ўз кўзи билан ўқиб кўришни ва бизники каби халқаро ташкилотлар чиқарган ҳисоботларга эътибор қаратишни тавсия қилган бўлардим. Асқаровнинг ҳимоячилари ҳам, биз ҳам ҳозиргача расман сўроқ қилинмаган гувоҳлар борлиги ҳақида қайд этибгина қолмай, балки Асқаров ишини ўрганишда унинг ноқонуний қўлга олингани, унга нисбатан қийноқ қўлланилгани, адвокат берилмагани, асоссиз айбловлар юклангани ва шу каби кўплаб процессуал қонунбузарликларга йўл қўйилганини бетўхтов такрорлаб келаяпмиз.
Буларнинг барчаси янги очилган томонлардир. Биз улар ҳақида февраль ойида Бош прокурор Саляновага йўллаган мурожаатномамизда келтириб ўтганмиз, ҳатто унга янги очилган томонлар бўйича Асқаровнинг ишини қайта кўриб чиқишга имкон берувчи Қирғизистон Жиноят-процессуал кодексидаги моддаларни ҳам эслатиб ўтганмиз. Бироқ ҳали ҳам “эски ҳаммом, эски тос”лигича турибди.
Афтидан, қирғиз расмийларининг Асқаров ишини қайта кўриб чиқмасликларига жиддий сабаблар бор, бўлмаса, улар нимадан қўрқишади? Агар улар Асқаров ҳақиқатан ҳам айбдорлигига ишонсалар, агар уларда унинг айбини исботловчи далиллар бўлса, расмийлар ҳуқуқ ҳимоячисининг иши очиқ ва адолатли йўсинда кўриб чиқилишидан ҳеч нарса йўқотмайди. Ҳозирча эса биз президентнинг Асқаров ишини у эмас, балки суд ҳал қилиши мумкинлиги тўғрисидаги баёнотларини эшитаяпмиз, холос.
Жаноб президент, Қирғизистон судлари ўз айтадиганини айтиб бўлди – улар Асқаровга сиз лавозимга ўтирмасингиздан аввал ҳукм чиқариб бўлганлар. Агар сиз суд Асқаров айби ҳақида қарор бериши керак, деб ўйласангиз, марҳамат қилиб, шу томон қадам ташланг. Сизга мурожаат қиларкан, биз Сиздан тинмай Бош прокуратура терговчилари адолатсиз судланган журналист ва ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ишидаги қонунбузарликлар бўйича фактларни кўриб чиқишларини тезлатишни сўраяпмиз!
Қонунбузарликлар бўйича тергов бошлаш орқалигина Асқаров ишини суд инстанцияларига қайтариш мумкин. Бундан ташқари, Сиз ўз фармонингиз билан Асқаровни авф қилишингиз мумкин эди – бу қадам Сизга яқинда берган интервьюингизда айтганингиздек, “кўздаги чўп”дан қутилишга ёрдам берарди.
Жараён: Агар Қирғизистон расмийлари Асқаров ишини қайта кўриб чиқиш учун ўзида сиёсий ирода топа олса, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳуқуқ фаоли фойдасига гувоҳлик беришга тайёр гувоҳларни судга олиб кела оладими?
Музаффар Сулейманов: Агар Қирғизистон ҳукумати Асқаров иши бўйича ўзида ирода топа олса, улар Асқаровнинг адвокатлари билан барча масалалар, жумладан, гувоҳлар масаласида ҳам тиғиз ва очиқ ишлашлари лозим бўлади. Биз эса уларга имкон қадар ҳар қанақа ёрдамни кўрсатишга ҳозирмиз.
Жараён: Айтингчи, Музаффар, агар қирғиз жамияти Азимжон Асқаров ишига нисбатан бу каби оғриқли муносабат билдиришда давом этаверса, бир кун келиб ҳуқуқ фаолининг иши холислик билан қайта кўриб чиқилишига ишонасизми?
Музаффар Сулейманов: Эртага нима бўлиши ҳақида бир нарса дейишим қийин. Халқда “Вақт ҳаммасини ўз жойига қўяди” деган нақл бор. Ўйлашимча, Асқаров ишида ҳам худди шундай бўлади. Бу иш узоққа чўзилмаслигини ва қирғиз расмийлари ўзларининг сўз эркинлиги ва қонун устуворлиги тарафдори эканларини сўзда эмас, балки амалда кўрсатишини истаб қолардик!
Жараён: Интервью учун раҳмат, Музаффар.
Интервьюни София ДАВРОНОВА тайёрлади.
Fikr bildirish