Ҳуқуқ фаоли Бобомурод Раззоқов тўрт йилга қамалди
Жорий йилнинг 24 сентябрь куни Бухоро вилояти Жиноят ишлари бўйича Жондор туман суди “Эзгулик” жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси, 60 яшар Бобомурод Раззоқовни тўрт йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.
60 яшар Бобомурод Раззоқовнинг ўғли Шуҳратнинг айтишича, Бухоро вилояти Жиноят ишлари бўйича Жондор туман суди отасини Жиноят кодексининг 135 – моддасининг “а” ва “е” бандларига кўра (“одам савдоси”) айбдор деб топган ва тўрт йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.
Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Бухоро вилояти бўлим раиси Бобомурод Раззоқов шу йилнинг 10 июль куни вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.
Сўнг эса унга нисбатан жиноий иш очилгани маълум бўлганди. Бобомурод Раззоқов устидан жиноят иши фуқаро Гулшан Каримованинг шикоят аризаси асосида очилган эди. Даъвогар Каримова ўз аризасида гўё Бобомурод Раззоқов уни Дилфуза Равшанова исмли шахсга мажбурлаб бериб юборганини, ўз навбатида, Равшанова жабрланувчи Каримовани эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаган.
Аммо Раззоқовнинг ҳамкасблари ҳуқуқ фаолига нисбатан очилган жиноий иш унинг касбий фаолияти билан боғлиқлиги ва сиёсий қарашлари сабаб уюштирилган туҳмат эканини билдириб келишади.
Бундан аввал Бобомурод Раззоқов журналистларга ўзига нисбатан маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан босим ўтказилаётгани, улар ҳуқуқ фаолидан “Эзгулик”даги ишини тўхтатишини ва хорижий оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилмасликни талаб қилаётганларини айтган эди.
Қайд этиш жоизки, Бобомурод Раззоқов сохта айблов асосида қамалган Ўзбекистондаги илк фуқаролик жамияти вакили эмас. Мустақил журналист ва ҳуқуқ фаолларини “зўрлаш”, “фирибгарлик”, “иқтисодий жиноятларни содир этиш” каби уйдирма айбловлар асосида қамаш ўзбек расмийларининг энг севимли амалиётларидан биридир.
Асад БОЙМУРОДОВ
Fikr bildirish