Москвадаги сиёсий муҳожирлар жамияти Ўзбекистон элчихонасини пикет қилмоқчи
Москвадаги “Марказий Осиёдан бўлган сиёсий муҳожирлар жамияти” Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси биноси олдида пикет ўтказиш учун пойтахт мэриясига ариза топширди.
Шу йилнинг 2 октябрь куни Москва вақти билан соат 14 да “Марказий Осиёдан бўлган сиёсий муҳожирлар жамияти” Погорельский тор кўчаси, 12-уйда жойлашган Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси биноси олдида пикет ўтказмоқчи бўлиб турибди.
Жамият Ўзбекистон ҳукумати томонидан мустақил журналистлар, ҳуқуқ фаоллари ва дин арбобларга қарши олиб борилаётган сиёсий қатағон тўхтатилишини талаб қилиш ниятида.
Пикетнинг асосий ташкилотчиси бўлмиш “Марказий Осиёдан бўлган сиёсий муҳожирлар жамияти” президенти, Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари жамияти вакили Баҳром Ҳамроев “Жараён”га берган интервьюсида пикетчиларнинг асосий талаблари ҳақида сўзлаб берди.
– Биз Ўзбекистон Республикаси элчихонаси олдида норозилик тадбири ўтказиш учун ариза топширдик. Уни бизнинг Сиёсий муҳожирлар жамияти ўтказмоқда, бироқ пикетда ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи бошқа ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этадилар. Умид қиламизки, унга оддий ўзбекистонликлар ҳам, зиёлиларимиз ҳам қўшиладилар.
Мазкур норозилик тадбирини ўтказишга журналист Сергей Наумовнинг асоссиз равишда ҳибсга олиниши ва судланиши туртки бўлди. Аммо биз жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан бу мамлакат фуқароларининг ўғирланаётгани, уларга қарши қийноқлар қўлланилаётгани, уларнинг узоқ муддатларга қамалаётгани ҳақида ҳам эслатиб қўймоқчимиз. Бу ишларга чек қўйилиши лозим! Ўзбек расмийларининг ўзбошимчалигига қачонгача жим қараб турамиз ахир? Қачонгача Европа давлатлари бу режим билан ўйин ўйнашда давом этади, – дея билдирди Баҳром Ҳамроев.
Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган сиёсий муҳожирлар жамиятининг аъзолари ана шу тариқа Ўзбекистонда ноқонуний судланган сиёсат ва жамоат арбоблари, тадбиркорлар ва диний раҳбарларнинг барчасига ўз бирдамлигини изҳор қилмоқчилар.
– Биз аризамизда “Пикетда ўттиз киши иштирок этади”, деб кўрсатдик. Аммо Москва мэрияси ўттиз кишининг ҳаммаси пикетда иштирок этишига рухсат бермаган тақдирда ҳам, биз улардан пикетда ҳеч бўлмаганда йигирма киши иштирок этишига рухсат олишга эришмоқчимиз. Шуни қўшимча қилмоқчиманки, бундай пикетлар Россия пойтахтидагина эмас, бошқа шаҳарларда ҳам ўтказилади, – деди Баҳром Ҳамроев.
Суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, “Марказий Осиёдан бўлган сиёсий муҳожирлар жамияти” раҳбарияти, Ўзбекистонда мустақил журналист Сергей Наумов Озодликка чиқарилмаса ва оммавий сиёсий қувғинларга чек қўйилмаса, Ўзбекистон элчихонаси олдида яна бир қатор пикет ва норозилик тадбирлари ўтказишни режалаган.
Қайд этиш жоизки, сўнгги пайтларда Ўзбекистонда қатор ҳуқуқ фаоллари ва жамоат арбоблари турли айбловлар билан судланган ёки улар устида тергов ишлари олиб борилмоқда.
2013 йилнинг 20 сентябрь куни Чилонзор туман жиноий ишлар суди томонидан “безорилик”, “туҳмат” ва “Интернетда нотўғри фактларга асосланган мақолалар эълон қилиш”да айбланаётган “Эрк” партияси вакили Фахриддин Тиллаев иши кўриб чиқила бошлаган.
6 август куни “Бирдамлик” ҳаракати раҳбари, сиёсий диссидент Баҳодир Чориевнинг 72 ёшли отаси Ҳасан Чориев “жинсий тажовуз” учун 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
24 сентябрь куни Бухорода яна бир ҳуқуқ фаоли – “Эзгулик” жамиятининг маҳаллий бўлими раҳбари, 60 ёшли Бобомурод Раззоқов 4 йилга қамалди.
Эслатиб ўтамиз, хоразмлик мустақил журналист ва блогер, 50 ёшли Сергей Наумов шу йилнинг 21 сентябрь куни ўз хонадонидан милиция ходимлари томонидан олиб кетилган. Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари журналистлар ва халқаро ташкилотлар вакилларига Наумовнинг қаерда сақланаётгани ҳақида ҳалигача маълумот беришдан бош тортиб келмоқда. Бироқ журналистнинг дўстлари ва ҳамкасблари Урганч шаҳар ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбаларидан Сергей Наумов шаҳар ички ишлар бўлими қабул-тақсимот пунктида ушлаб турилганини аниқлашга муваффақ бўлган.
Ҳуқуқ муҳофазаси билан шуғулланувчи айрим ташкилотлар маълумотларига кўра, журналист Сергей Наумов “майда безорилик”да айбланиб, 12 суткага ҳибс этилган.
Наумовнинг дўстлари ва сафдошлари таъкидича, Ўзбекистонда пахта кампанияси бошланиши билан журналист материаллар йиғиб, бу борада Хоразмдаги вазиятни ўргана бошлаган. “Айнан шу билан журналист ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари диққатини ўзига жалб қилган бўлиши мумкин”, демоқда улар.
Сергей Наумов атрофидаги вазият юзасидан ҳуқуқни ҳимоя қилувчи нуфузли халқаро ташкилотларнинг бир қанчаси хавотир билдириб чиққан.
Муҳаммад ВАФО
Fikr bildirish