Урганчдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари Сергей Наумов сақланаётган жойни яширишда давом этмоқдалар
Бу орада журналистлар ва ҳуқуқ фаоллари Наумов туҳмат қурбони бўлгани ҳамда ҳибсдалик чоғида унга нисбатан қийноқ қўлланаётган бўлиши мумкинлиги юзасидан хавотир билдирмоқдалар.
Мустақил журналист Сергей Наумовнинг ўз уйидан милиция ходимлари томонидан олиб кетилганига роппа-роса тўққиз кун бўлди. Ўшандан буён Хоразм ҳуқуқ-тартибот идоралари журналист ҳақида бирор-бир расмий маълумот тақдим этганлари йўқ.
Урганч шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари эса ўзларига қўнғироқ қилган журналистлар, ҳуқуқ фаоллари ҳамда Наумовнинг дўстларига “бундай киши вақтинчалик сақлаш изоляторида йўқ”лигини айтиш билан кифояланмоқдалар.
Душанба, 30 сентябрь куни Хоразмдаги “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубов яна бир карра Урганч шаҳар ички ишлар бошқармасига бориб келди. “Жараён” журналисти билан суҳбатда ҳуқуқ фаоли бу ҳақда қуйидагиларни айтиб берди:
– Мен бугун эрталаб Сергей билан учрашиш мақсадида Урганч шаҳар ички ишлар бошқармасига келдим. Мен у айнан шу ерда сақланаётганига аминман, чунки у жиноий иш бўйича эмас, балки маъмурий қонунбузарлик асосида судланган. Ҳозир бизда тушлик вақти, мен ҳанузгача шу ерда ўтирибман, мени роса сарсон қилишаяпти. Улар менга раҳбарлари ва терговчи йўқлигини айтишмоқда. Мен бу ишга терговчининг нима алоқаси борлигини тушунмаяпман, ахир суд бўлиб ўтган бўлса.
Мен судга ҳам бориб келдим, аммо у ерда менга раҳбарият қандайдир тадбирда эканини айтишди. Мен Сергей билан учрашиш учун ҳамма тадбирлар тугашини кутишга тайёрман. Чунки мен унинг тақдиридан хавотирланаяпман. Бугун мен нима бўлганда ҳам у билан учраштиришлари учун қўлдан келганини қилишга ҳаракат қиламан, – деди Ҳайитбой Ёқубов.
Эслатамиз, 21 сентябрь оқшомида милиция ходимлари Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ва эгология муаммоларини яқиндан ёритиб келган 50 ёшли урганчлик мустақил журналист Сергей Наумовни яшаб турган уйидан олиб кетганлар. Ўшандан бери унинг қаердалиги ноаниқлигича қолмоқда.
Аммо журналистнинг ҳамкасблари ва дўстлари ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбалари орқали Сергей Наумов кўчада аёл кишига гўё қўл кўтаргани учун Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 183-моддаси (“майда безорилик”) бўйича судлангани ва унга 12 суткалик ҳибс шаклидаги жазо тайин қилинганини билишга муваффақ бўлгандилар. Судда Наумовга адвокат берилмагани ҳам маълум бўлганди.
Сергей Наумов билан бир неча йил давомида яқиндан ҳамкорлик қилиб келган “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева хоним ҳибсда сақланаётган журналистнинг тақдиридан хавотир билдиради. Унинг айтишича, ҳибсдаги журналистга нисбатан қийноқ қўлланилган бўлиши мумкин.
– Бунингдек маъмурий ишларни расмийлаштиришда одатда маҳаллий маъмурий органлар билан ҳамкорлик қиладиган енгил табиатли аёллар – фоҳишалар, қўшмачилар, наркотик савдоси билан шуғулланувчи шахслар ва маъмурий органлар учун ишловчи агентлардан фойдаланилади. Биз ўз фаолиятимиз давомида айнан шундай усуллар билан ҳибсга олинган ва кейинчалик қотиллик, номусга тегиш ва зўравонлик, диний экстремизмга алоқадор жиноятларини содир этганлигини тан олишга мажбур қилинган ва ваҳшиёна қийноқларга солинган инсонлар тақдири билан танишганмиз ва уларнинг ҳимояси учун курашганмиз.
Сергей Наумов адвокатлари билан учраштирилмаслиги сабабларидан асосийси эса журналистни ҳибсга олган пайтларида унга нисбатан қийноқ қўлланилган бўлиши мумкинлигидир. Унга қўлланилган қийноқ натижасида олган жароҳатлари изи йўқолмагунча ҳибсда сақлашни давом эттириб, уни ҳеч кимга кўрсатмасликлари мумкин, деб ўйлайман, яъни Сергей Наумовни нафақат адолатсиз судлов қурбони, балки қийноқ қурбонига айланганлиги ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас, – деди таниқли ҳуқуқ фаоли.
2006 йили Ўзбекистонда жиззахлик мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаров олти йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Жиззах шаҳар суди уни Ўзбекистон республикаси Жиноий кодексининг 165-моддаси (“Товламачилик”) бўйича айбдор, деб топганди.
Журналист устидан жиноий иш қўзғатилишининг асосий сабаби эса қуйидагича бўлган: 2006 йилнинг 14 сентябрь куни Улуғбек Ҳайдаров автобус бекатида транспорт кутиб турган пайтда унинг ёнига келган Раҳима Абдуллаева исмли аёл журналистнинг чўнтагига бир пачка пул солиб қўяди. Аммо бегона аёлнинг ёмон ниятини дарров фаҳмлаган Ҳайдаров чўнтагидаги пулни олиб ташлашга улгуради. Шунга қарамай, у ўша ернинг ўзидаёқ милиция ходимлари томонидан ҳибсга олинади ва Жиззах шаҳар ички ишлар бошқармаси тергов ҳибсхонасига жойлаштирилади.
Расмий Тошкент ва Европа Иттифоқининг инсон ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича мутасаддилари билан бўлиб ўтган узоқ муддатли музокаралар ва икки ойлик қамоқдан сўнг Улуғбек Ҳайдаров озодликка чиқарилади. Айни пайтда у ўз оиласи билан Канадада муҳожиротда яшамоқда.
“Жараён” журналисти билан суҳбатда Ҳайдаров ҳамкасби Сергей Наумов худди ўзи каби Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари хизматидаги ёлланма аёллардан бирининг туҳмати сабаб қамалган бўлиши мумкинлигини назардан соқит қилмайди.
– Ўзбек ҳукумати мустақил журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячиларининг овозларини тўсишда ёлланган аёллардан фойдаланади доим. 2004 йилнинг январь ойида кеч соат 9 ларда, уч нафар аёл мен ва Жамшид Мухторовга ташланишиб, ўзлари милиция чақиришиб, “бизга тегажоғлик қилишди”, деб айюҳаннос солишганди. Ундан сал олдинроқ эса бир гуруҳ аёллар ҳуқуқбон Бахтиёр Ҳамроевнинг уйига бостириб кириб, шу хонадонда меҳмон бўлиб келган Буюк Британия элчихонаси вакиллари кўз ўнгида Бахтиёр ака ва мени калтаклашганди. Ва ниҳоят, 2006 йилнинг 14 сентябрида Раҳима исмли аёл ортимдан пойлаб келиб, чўнтагимга пул тиқиб қўйиб, “мендан пул талаб қилди”, деб даъво қилганди.
Ҳукумат бу практикани бугун ҳам давом эттираяпти. Куни кеча хоразимлик журналист Сергей Наумов ғойиб бўлди. Сўнгги маълумотларга қараганда, уни ҳам бир аёлнинг бўйнидан тилла занжирини узиб олганликда айблашаяпти. Сергей Ўзбекистон ичида қолаётган саноқли мустақил журналистлардан бири эди. Мен аминманки, ўзбек ҳукумати пахта йиғим-терими мавсумида содир бўладиган ноҳақликларни яшириш мақсадида Наумовни овозини бўғди, – деди Улуғбек Ҳайдаров.
Эслатиб ўтамиз, яқинда мухолифатдаги “Бирдамлик” ҳаракатининг раиси Баҳодир Чориевнинг отаси, 71 ёшли Ҳасан Чориев ва “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Бухоро вилоят бўлими раиси 60 ёшли Бобомурод Раззоқов узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар. Ҳуқуқ фаоллари бу икки киши ҳам ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари хизматидаги ёлланма аёллар туҳмати боис қамалганини иддао қилишмоқда.
Бобомурод Раззоқов устидан жиноят ишининг очилишига фуқаро Гулшан Каримованинг шикоят аризаси сабаб бўлган. Даъвогар Каримова ўз аризасида Бобомурод Раззоқов уни гўё Дилфуза Равшанова исмли шахсга мажбурлаб бериб юборганини, ўз навбатида, Равшанова жабрланувчи Каримовани эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаганини ёзган.
71 ёшли Ҳасан Чориев эса 19 ёшли қизни зўрлаганликда айбланиб, беш йилу икки ойга озодликдан маҳрум қилинган.
София ДАВРОНОВА
Fikr bildirish