Москвада Сергей Наумов ҳимоясига пикет ўтказилди
2 октябрь куни соат 14 да Москвада ўн кун муқаддам безориликда айбланиб, Урганчда қўлга олинган ўзбекистонлик мустақил журналист Сергей Наумов ҳимоясига пикет ўтказилди.
Мазкур акцияни Ўзбекистон элчихонаси олдида ўтказишни таъқиқлаган Москва мэрияси таъқиқ элчихона олдида ўтказилаётган “йўл таъмири” билан боғлиқ, дея изоҳлаган. Кейинроқ пикет иштирокчилари шу кунларда Ўзбекистон элчихонаси олдида йўл таъмирига оид ҳеч қанақа иш олиб борилмаётганини қайд этдилар.
Норозилик тадбирининг санаси ва соатигина ўзгаришсиз қолди.
Асосан “Марказий Осиёдан бўлган сиёсий муҳожирлар жамияти” томонидан уюштирилган пикет барибир бўлиб ўтди, фақат у “Полянка” метроси олдидаги йўлакда ўтказилди.
Норозилик акциясида москвалик журналистлар, Сергей Наумовнинг дўстлари ва ҳамкасблари иштирок этдилар. Ўнлаб одам Москва аёзида бир-бири билан навбат алмашган ҳолда метро олдида қўлларида “Ўзбекистон! Ўрта асрларга юз тутма!”, “Сергей Наумовга озодлик!”, “Наумов безори эмас, журналистдир!”, “Фотоаппаратли одам давлат душмани эмас”, “Ўзбекистон, чеҳрангни кўрсат!”, “Наумов озод қилинсин, Матёқубова исловотхонага жўнатилсин!” каби шиорлар ёзилган плакатларни кўтариб турдилар.
Шундан сўнг “Жараён” журналисти пикетчилар орасида қўлига плакат ушлаб олган нозиккина ёш қиз пайдо бўлганини кўрди. У Урганчда ҳибсга олинган Сергей Наумовнинг қизи Людмила эди. Унинг сўзларига кўра, Москвада отасининг ҳимоясига пикет ўтказилаётганини билган заҳоти қиз бошқа шаҳардан бу ёққа ошиғич етиб келибди.
Людмила Ўзбекистон элчихонаси олдида бир кишилик пикет ўтказишга қарор қилибди – Россия қонунларига кўра, бунинг учун ҳукумат ва мэриядан рухсат олиниши шарт эмас. “Сергейни тезроқ озод қилинг, у ҳеч кимнинг кўкрагига дахл қилган эмас!” деб ёзилганди Людмиланинг плакатида. У мазкур плакатни бир тўда полициячилар орасида бир ўзи мағрур кўтариб турибди.
“Жараён” билан суҳбатда Людмила сиёсий тадбирларда ҳеч қачон иштирок этмаганини ва ҳамма вақт ижтимоий жиҳатдан пассив одам бўлганини эътироф этди.
– Энди шахсан ўз бошимга иш тушганида мен бу ёққа келдим ва шу ерда турибман. Мен отамнинг мобил телефонига қўнғироқ қилдим, аммо ундан жавоб бўлавермади. Ўзбекистондаги яқинларим ҳам у билан учраша олмаган ва ундан ҳали-ҳануз дарак йўқ, – деди Людмила Наумова.
Унинг сўзларига кўра, қиз Ўзбекистон элчихонаси биноси олдида турганида уни суратга олган бир дароз кишидан бошқа ҳеч ким унинг олдига чиқмаган.
Бу орада “”Полянка” метроси олдида асосий норозилик акцияси бўлиб ўтди.
Йўлакдан ўтиб бораётган москваликлар ва пойтахт меҳмонларининг баъзилари плакат кўтариб турган кишиларга қизиқиш билан қарар, айримлари эса лоқайд нигоҳ ташлаб ўтиб кетардилар.
Пикетчиларга олдига яқинлашиб, “Наумов ким ўзи?” дея савол берган ёши ўтинқираган хоним совуқда плакат кўтариб турган кишиларга саломатлик тилади ва улар билан ҳамдард эканини билдирди.
Пикетчиларда бири чор-атрофдагиларга варақа тарқатиб чиқди. Унда Наумов билан боғлиқ вазият қисқача баён қилинганди. “Журналистнинг ҳамкасблари Сергей Наумовга нисбатан босим сиёсий сабабга кўра ўтказилаяпти, деб ҳисоблайдилар ҳамда унинг зудлик билан озод қилинишини ва ўзгача фикрловчи барча кишиларга нисбатан ўтказилаётган қатағонлар бас қилинишини талаб қиладилар”, деб ёзилганди варақада.
Пикетда сўзга чиққан “Марказий Осиёдан бўлган сиёсий муҳожирлар жамияти” раҳбари, таниқли ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев мазкур тадбирдан мақсад Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган сиёсий маҳбусларнинг барчасини озод этиш талаби эканини айтди.
– Биз ўзбек расмийлари бунга бирор-бир реакция қилишига умид қилмаётган бўлсак-да, жилла қурса, бу муаммога Россия ва жаҳон ҳамжамияти эътиборини жалб қилишни ўйлаяпмиз, – деди Баҳром Ҳамроев.
Мазкур пикетни ёритиш чоғида “Жараён” мухбири кўрган энг ажабланарли нарса шу бўлдики, Москва мэрияси Ўзбекистон элчихонаси биноси олдида пикет ўтказишни таъқиқлашига баҳона бўлган йўл таъмири ишлари дипломатик миссия биноси олдида эмас, балки айнан “Полянка” метроси олдида ўтказилаётганди.
Муҳаммад ВАФО
Fikr bildirish