Мустақил журналист Сергей Наумов озод қилинди

Бироқ айрим ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда мустақил журналистга қарши жиноий таъқиб бошланиши мумкинлигидан хавотирланмоқдалар.

Пайшанба, 3 октябрь куни қатор оммавий ахборот воситалари урганчлик мустақил журналист Сергей Наумов 12 кунлик маъмурий ҳибсдан сўнг озод қилингани ҳақида ёзиб чиқдилар.

3 октябрдан 4 октябрга ўтар кечаси “Жараён” мухбири Сергей Наумов билан боғланишга муваффақ бўлди. Сайтимиз мухбири билан суҳбатда хоразмлик журналист қуйидагиларни айтиб берди:

– Ҳибсхонадаги шарт-шароит ҳақида айюҳаннос солиб ўтирмайман, зеро, аҳволи бундан-да беш-баттар журналистлар бор. Мени урмадилар, дуруст муомала қилдилар. Аммо мени вақтинча сақлаш изоляторига деярли ялангоёқ ва енгил кўйлакда олиб келгандилар. Шундан эски дардларим қўзғади, – деди журналист.

Айни пайтда, Сергей Наумов сўзларига кўра, Урганч ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳалигача унга паспортини қайтариб бермаганлар, ваҳоланки, бунақа пайтда одатан паспорт эгасига қайтариб берилиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, 50 ёшли ургенчлик мустақил журналист Сергей Наумовни маҳаллий милиция ходимлари 21 сентябрь оқшомида яшаб турган уйидан олиб чиқиб кетгандилар. Журналист ўзининг қўлга олингани ҳақида мобил телефон орқали бир неча ҳамкасбига хабар қилишга улгуриб қолган.

Шу кунгача Урганч шаҳар милицияси, Миллий хавфсизлик хизмати ва прокуратураси Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва энг муҳим экологик мавзуларни қамраган юзлаб мақолалар муаллифи бўлмиш Наумовнинг қаерда сақланаётгани ҳақида журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларига ҳеч қанақа расмий маълумот бермаган.

Сергей Наумов қўлга олинган кунлари унинг фақат айрим ҳамкасблари маҳаллий куч ишлатар тизимлардаги ўз манбалари ёрдамида журналист гўё урганчлик Дилором Матёқубовага шилқимлик қилгани ва сўккани учун Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасига (“Майда безорилик”) мувофиқ, суд ҳукми билан 12 кунга ҳибс этилганидан хабар топгандилар.

Судда Сергей Наумовга адвокат берилмаган. Журналистнинг ўзи унга юкланаётган барча айбловларни рад этган.

Инсон ҳуқуқлари муҳофазаси ва журналистларни ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи кўплаб нуфузли халқаро ташкилотлар мустақил журналистнинг қўлга олиниши юзасидан хавотир изҳор қилиб, ўзбек расмийларидан Наумовни зудлик билан озод этишни талаб қилиб чиққандилар.

Бу орада 2 октябрь куни Москва марказида журналистнинг ҳамкасблари, дўстлари ва яқинлари унинг ҳимоясига пикет ўтказиб, турли-туман ноқонуний йўллар билан Ўзбекистондаги фуқаролик жамиятининг кам сонли вакиллари овозини ўчиришга уринаётган мустабид режим хатти-ҳаракатларини қоралаб чиқдилар.

Қайд этиш жоизки, қўлга олинишидан бир неча кун аввал журналист Сергей Наумовнинг электрон почтаси ва мобил телефонига номаълум шахслардан турли таҳдид тўла хабарлар келган. Бу таҳдидларнинг барчаси унинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлган.

Сергей Наумовнинг озод қилиниши борасида сўзларкан, “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева дунёдаги энг мустабид мамлакатлардан бирида яшаб, фаолият юритаётган мустақил журналистнинг кейинги тақдири юзасидан хавотир билдирди.

– Сергей Наумовнинг 12 суткалик қамоқдан кейин озод қилингани қувонарли ҳол, албатта. Лекин Ўзбекистон ҳукумати мустақил журналистни маъмурий жавобгарликка тортиб, қамоқ жазоси қўллаб, яна бир марта ўзини бутун дунё олдида шарманда қилди.

Ҳукуматнинг бу иши яна бир эркин овозни буткул бўғиш учун қилинган биринчи қадам, деб ҳисоблайман. Мени яқин муддатларда Сергей Наумовга нисбатан жиноят иши қўзғатишлари мумкинлиги хавотирга солмоқда, – деди Мўътабар Тожибоева.

Ҳуқуқ фаоли ҳозирги пайтда Ўзбекистонда мустақил журналист Сергей Наумов хавфсизлигига реал таҳдид борлигини қўшимча қилди ва халқаро ташкилотларни унинг кейинги тақдирига бефарқ қарамасликка чақирди.

София ДАВРОНОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.