Домодедоводаги полициячилар ўзбек қочқини ва унинг вояга етмаган фарзандларини экстрадиция қилмоқчи
Россия ҳудудидан бошпана сўраётган беш нафар ўзбекистонлик қочқин бир кундан ошиқ вақт мобайнида Москвадаги Домодедово аэропортининг полиция бўлимида сақланмоқда.
Жорий йилнинг 4 октябрь куни Домодедово аэропортининг божхона назорати ва қўриқлаш бўлими ходимлари ўзбекистонлик ёш она ва унинг тўрт нафар вояга етмаган фарзандини куч билан Қирғизистонга жўнатишга ҳаракат қилган.
Аниқланишича, беш нафар қочқин, яъни ёш она Зулхумор Алижонова ва унинг тўрт нафар боласи асли Андижон шаҳридан бўлиб, Россияга Қирғизистон орқали келиб қолишган.
Ўша куни аэропортнинг божхона назорати вояга етмаган ўзбекистонлик тўрт нафар фуқарони Россияга киритишдан бош тортган. Бу болаларнинг онаси Зулхумор Алижонованинг “Жараён”га айтишича, у ҳозиргача фарзандлари билан аэропортдаги полиция участкасининг умумий камерасида иссиқ овқатсиз ва иссиқ кийим-кечаксиз сақланмоқда.
– Гап шундаки, турмуш ўртоғим асли ўзбекистонлик ва айни пайтда у Россияда яшайди. Мен катта қийинчиликлар билан болаларимни Андижондан Қирғизистонга олиб чиқолдим. Аммо БМТнинг қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги Бишкек ваколатхонаси ходимлари менга фарзандларим сурати ёпиштирилган паспортимга муҳр уриб бера олмасликларини, бунинг учун мен Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонасига мурожаат қилишим кераклигини айтишди.
Ахир мен у мамлакатдан қочиб чиққан бўлсам, қандай қилиб яна бу мамлакат элчихонасига боришим мумкин? Бишкекдаги “Адилет” ҳуқуқий клиникаси ходимлари эса менга Қирғизистон аэропорти божхона назоратидан ўтиб кўриб, сўнг Москвага учиб кетишимни маслаҳат беришди. Бироқ бу ерда, яъни Москвада менга Россия ичига киришим мумкинлигини, лекин фарзандларим қайтиб Бишкекка жўнатилишини айтишди. Қандай қилиб, ахир уларнинг Бишкекда ҳеч кими бўлмаса? – дейди йиғлаб “Жараён” журналисти билан суҳбатда ёш она.
Унинг сўзларига кўра, аэропортнинг ўнга яқин ходими у ва унинг ўн беш ёшли ўғлига нисбатан куч ишлатиб, уларни Бишкекка учаётган самолёт ичига итариб киргизишга ҳаракат қилишган.
– Бироқ бизнинг дод-фарёдимиз ва йиғи-сиғимиз самолёт ичидаги кишиларни қўрқитиб юборди ва пилотлар бизни бортга олишдан бош тортишди, – дейди Зулхумор. – Биз аэропорт зали полига ётиб олиб, бақира бошлаганимиздан сўнг эса улар менинг уч ёшли қизимни самолётдан олиб чиқишди ва “кутузовка”га жойлаштиришди.
Биз бир кундан ошиқ вақт давомида Москвадан депортация қилинишини кутиб ўтирган қолган ўн беш киши билан бирга бир “маймунхона”да ўтирибмиз. Аэропорт ходимлари бизга на овқат ва на сув беришаяпти, фарзандларим йиғлаяпти. Мен улардан ейиш учун бирор нарса беришни сўраганимда эса, улар бизга еб бўлмайдиган макарон олиб келишди. Бу ердаги ходимларнинг бирортаси бизни эшитишни истамаяпти.
4 октябрь, Москва вақти билан соат 19 ларда, “Гражданское содействие” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкинанинг аралашувидан сўнг ўзбек қочқинлари сақланаётган ерда Федерал миграция хизмати вакили пайдо бўлган ва Зулхумор Алижонованинг ўзи ва фарзандларига бошпана беришни сўраб, Россия расмийларига ёзган аризаларини қабул қилиб олган.
Аёлнинг таъкидлашича, айни пайтда унинг фарзандлари қаттиқ стресс ҳолатидалар. Аэропорт раҳбарияти эса уларга шахсий буюмлари орасида қолиб кетган иссиқ кийимларини олишни таъқиқлаб қўйган.
– Болаларим қуруқ скамейкада ётолмайди, уларнинг ейишлари учун бирор егулик йўқ, мен бизни одамга ўхшаб эшитишларини ва ёрдам беришларини сўраяпман, холос, – дейди “Жараён” журналистига андижонлик қочқин аёл.
Қуйида биз Зулхумор Алижонованинг ҳалигача Домодедово аэропортининг полиция бўлимида сақланаётган тўрт нафар вояга етмаган фарзанди исмлари келтирилган рўйхатни тақдим этамиз:
1) Халилов Абдулқуддус Ҳавасбек ўғли – 04.10.1998 йили туғилган.
2) Халилжонова Зулайҳо Ҳавасбек қизи – 11.04.2001 йили туғилган.
3) Халилжонова Муслимахон Ҳавасбек қизи – 09.10.2003 йили туғилган.
4) Халилжонова Музайяна Ҳавасбек қизи – 03.11.2010 йили туғилган.
Болаларнинг онаси – Алижонова Зулхумор Раҳматовна – 01.01.1978 йили туғилган.
Айни пайтда Москвадаги “Гражданское содействие” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ўзбек қочқинларига ҳуқуқий кўмак кўрсатмоқда. “Жараён” мазкур воқеа ривожини кузатиб боради.
Муҳаммад ВАФО
Fikr bildirish