Муҳаммад ВАФО: Мен қандай қилиб “зачистка”га гувоҳ бўлдим
27 сентябрь куни мен Гольяново бозоридаги тозалашга гувоҳ бўлдим… Ҳа, ҳа – бу ерда гап ўша “муҳожирлар концлагери” жойлашган машҳур туман ҳақида бораяпти.
Бозор “Виктория” ЁҲЖ деб номланади. Маҳаллий қаҳвахонада тумонат одам тўпланганини кўриб, емакхонага яқинроқ келдим ва ойнадан ичкарига қарадим.
Қизиқ-ку ахир: бир гуруҳ одам бурчакда тиқилиб турибди, бир неча полициячи эса оёқларини керганча (жанггари фильмларда ёмон йигитлар шунақа юради), у ёқдан бу ёққа бориб келаяпти – аллақандай важоҳат билан, қовоқлари уйганча, муҳим давлат вазифасини бажараяптилар – одам тутаяптилар.
Кўчада қўлларида таёқ тутган бир неча ОМОНчи турган экан – уларга эътибор бермабман. Бир пайт орқамга тўқиллаб зарба тушди (тўқиллаб деганим – орқамга лэптоп солинган рюкзак илиб олгандим). Ортга ўгирилиб, таёғини ўйнаётган ва сақич чайнаётган паст бўйли, бронежилетли (булар муҳожирларни бронежилет кийиб олиб калтаклашга ўрганишган шекилли) полициячининг сурбет нигоҳи билан тўқнашдим.
Ўша тобда асосий қаҳрамон бўлган коп босқинчиларни оёғини осмондан қилиб, ўнгу чапга отадиган, айни пайтда ҳатто соч турмаги ҳам бузилмайдиган американча фильмлар эсимга тушиб кетди… Фақат бу одам пачоқроқ, турқига зиёлиёна нигоҳ ҳам етишмаётганди.
“Қани ичкарига кир, дедим!” дея бақириб буйруқ берди пакана полициячи, ваҳоланки, у шундоққина рўпарамда турар ва мен уни жуда яхши эшитаётган, сепкилли юзини ҳам аниқ-тиниқ кўриб турган эдим. Афтидан, у паканалигини қаттиқ буйруқ оҳанги билан тўлатишга ҳаракат қилса керак…
Ундан менга қўл теккизмасликни сўрадим ва “ўзим ҳам ичкарига кирсаммикан, деб тургандим, сиз таклиф қилиб қолдингиз”, дедим. Менга айтинг-чи, бу полиция-милиция ходимлари фуқароларни тирсагидан ушлашни бунча яхши кўришади, а? Уларни шундай қилишга атай ўргатишадими ё бу шартсиз рефлексми? Мен бу каби ўта илтифотли таклифдан бош тортиб ўтирмасликка қарор қилдим.
Дарвоқе, бу орада ичкарига таклиф қилувчи полициячилар сони кўпайиб кетди, бу эса таклифни қабул қилмасликка ўрин қолдирмади. Уларнинг ҳаммаси мени ушлаб кўришни истарди, аммо мен эркак киши эътиборига ҳавасманд эмасман – менга аёллар эътибори кўпроқ ёқади. Бу гапни Москва полицияси кийимини кийиб олган кишиларга айтдим. Гапим уларга ёқмади – ёқмагани кўзидан аён эди…
Битта хонада “кавказча”, “марказий осиёча” ёки яна алламбалоча қиёфали дейиладиган фуқаролар қатор бўлиб турарди… Икки аёл ўша ернинг ўзида, афтидан, одамлар кундузи овқат ейдиган столда уларнинг бармоқ изидан нусха оларди. Бошқа хонада яна йигирматача одам турар – навбат кутишаётганди. Унвони пастроқ бўлган полициячиларга, англашимча, маданий мулоқот, фикрларини жўяли мантиқ асосида баён қилиш ва мубоҳаса олиб бориш учун озгина савия етишмасди, уларга фуқаролик кийимидаги икки билимлироқ киши ёрдамга шошилди (шу ерда бир нарсани кашф қилгандек бўлдим – балки полициячи кийими одамни анқовроқ қилиб қўяр?!).
“Пакана полициячи” (унга шундай деб лақаб қўйиб олдим – бўйи пастроқ дўстларим мендан хафа бўлишмас…) менга сенлаб мурожаат қиларкан (аслида у ўғлим тенги бола экан), ҳали ҳам таёғини айлантириб турарди – бу иш ўзига жуда ёқса керак…
Шу тобда бурчакда тўрт соатдан бери турган (буни мен ташқарига чиққандан кейин билиб олдим) бечора бозорчиларга кўзим тушиб қолди. Бу одамлар бақироқ тартиб посбонига ҳадик билан қараб туришарди – БУ ЭСА УНГА ЁҚАРДИ!!! Унга сичқондай тутилган ва бозорнинг турли бурчакларидан олиб келинаётган шарқ одамларининг ҳуркак кўзлари ёқарди! “Пакана Наполеон” комплекси дегани шу экан-да!
Аммо гувоҳномамни кўрган унинг каттароқ ўртоқлари пакана полициячининг ўз кўрсатишда ҳаддан ошганини англаб қолишиб, уни бино ичкарисига итариб, киргизиб юборишди, шунинг учун ҳатто унинг азаматларча кўкрагидаги шахсий рақамини ҳам кўролмай қолдим… Бу ўртоқ менга бошқа рўпара келмади ва ҳозир унинг учун хавотирим олаяпман: ишқилиб, солиқ тўлаб, уни боқаётган фуқаронинг елкасига беҳос таёқ билан тушириб қолганидан сиқилиб, ўзини қўярга жой тополмай юрган бўлмасин-да…
Тажрибалироқ ходимлар полициячиликнинг руҳият учун нақадар зарарли экани, тартиб сақлаш ва жиноятчиларни тутиш учун уйга ташлаб келган оиласи ва кечки овқати ҳақида гапира бошладилар. Шунақа дейишмайдими – демак, қонунбузарларни тутиш режасини бажариш учун бозордан ўттизта ёки элликта жиноятчи тутиш лозим. Дарвоқе, полициячиларга орқа ўгириб турган шахслардан ярмисининг хотинлари ва бола-чақалари ҳозир Ўзбекистонда худди шундай йўсинда пахта териш режасини бажармоқдалар.
Агар жиноятчи бўлмаса-чи? “Бўлмаса, ясаймиз!” дейди яхши ходим. Дарвоқе, улардан бири шикоят билан бевосита Собянин ёки Якуниннинг ўзига мурожаат қилишни маслаҳат берди (айни пайтда унинг лабидан кулгу аримасди: “Хўш, хўш, қўлингизга байроқ берайликми? Биз эса томоша қилардик…”).
Лекин мен барибир бир нарсани тушунолмайман – нима учун сурбетлик ва қўполлик (кейинроқ менга: “Бир марта урган бўлса, нима қилибди? Сиз таёқ билан ростакамига қандай уришимизни кўрмагансиз ҳали”, дейишди) замонавий россиялик полициячи учун одатий ҳол бўлиши керак? Шу ерда улар менинг таёқ билан чинакамига қандай уришларини кўрмаганимни айтиб, қаттиқ адашишди: кўрганман, жуда кўп кўрганман… Охирги марта куппа-кундуз куни, Россия пойтахтининг нақ юрагида, оломон орасида кўрганман. Ўшанда 6 май эди, шекилли…
“Бу қоравойлар ўзлари айбдор – пойтахтимизда буларга бало борми?” дейдиган ўртоқлар учун бошданоқ айтиб қўяй – кейинчалик қўлга олинганлар орасида эллик нафарча РОССИЯ ФУҚАРОСИ борлиги аниқланди! Аммо уларнинг турқи-таровати “бошқача” эди… “Россия фуқаролари нима учун ушланди ва улар қачон қўйиб юборилади?” деган саволга оперлардан бири: “Агар улар фуқаро бўлса ва айбсиз бўлса, текшириб, узр сўраб, қўйиб юборамиз!” дея жавоб қилди.
Доҳиёна иш!!! Ажойибу ғаройиб!!! Аввалига калтаклаб, камситиб, муздек полга юзтубан ётқизиб қўйиб, амма-холаси қолмай, уларнинг аъзои бадани қолмай сўкиб, ит-мушугигача эслаб… кейин “КЕЧИРАСИЗ ЭНДИ, ТАНИМАЙ ҚОЛИБМИЗ! БИЗДАН ХАФА ЭМАСМИСИЗ?” дейишса-я.
Мен таёқ воситасида қаҳвахонага фақат турқ-тароватим бошқача бўлгани учунгина олиб кирилганимни кейин фаҳмлаб қолдим (шу ерда сочини ақлни шоширувчи сариқ рангга бўяб олган ўзбек ва қирғиз аёлларига ҳавасим келиб кетди). Агар сочимнинг ранги бошқача бўлганида кичкина “наполеон” мени уришдан олдин ҳеч бўлмаганда ўгирилтириб, афт-ангоримга қараган бўларди…
Яна бир фикр… Агар “рашн полис” (рус полициячиси – таҳр.) йўлдан ўтиб кетаётиб, ойнага қарашни яхши кўрадиган Россия фуқароларига шунақа муомала қилса, “гастарбайтер” ёки “шубҳали шахс”ни тепиш ёки қорнига таёқ тиқиб олиш дегани нима экан булар учун?
Полиция ходимлари билан чиройли хайрлашиб, ўз йўлимга равона бўлдим. Бозордан чиқаверишда дайди итни кўриб, яна ўйга чўмдим (ўша оқшом роса ўйга чўмгим қистаб турувди). “У ҳам қайддан ўтмаган-ку, ҳеч қанақа ҳужжати ҳам йўқ, аммо шу ит ҳам кондиционерли автобусда таҳқирланиб, полиция бўлимига олиб кетилган ўнлаб одамдан кўра эркинроқ!!!”
Шундай бўлса-да, ҳар эҳтимолга қарши унга: “Ҳой, сен у ёқдан юрма, бу ёқдан юр…” деб қўйдим.
Журналист Муҳаммад ВАФО Москвада яшайди ва ишлайди. “Жараён” учун ёзаётган блог-мақолаларида у Россия пойтахтида инсон ҳуқуқлари бузилишига оид ўзи кузатган ҳодисаларни баён қилади.
Fikr bildirish