Ўзбек қочқини ва унинг вояга етмаган фарзандлари ҳамон Домодедово аэропортининг ҳибсхонасида сақланмоқда
Россия ҳудудидан бошпана сўраётган андижонлик Зулхумор Алижонова ва унинг тўрт нафар вояга етмаган боласи уч кундан ошиқ вақт мобайнида Москвадаги Домодедово аэропортининг полиция бўлимида сақланмоқда.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишларича, Зулхумор Алижонованинг фарзандлари Россия ҳудудида қонуний равишда бўлишлари ва аёлда мамлакат Федерал миграция хизматининг расмий рухсатномаси бўлишига қарамай, Домодедово аэропортининг божхона хизмати қочқин аёлнинг фарзандларини мамлакат ичига киритишдан бош тортмоқда.
Москвадаги “Гражданское содействие” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси аэропортдаги полиция бўлимида сақланаётган Зулхумор Алижонованинг турмуш ўртоғи Баҳром Ниёзовнинг (қочқиннинг исми унинг хавфсизлиги нуқтаи-назаридан ўзгартириб келтирилди – “Жараён”) оиласини ўз ҳимояси остига олди.
“Жараён” журналисти билан суҳбатда Баҳром Ниёзов Россияга 2011 йили, ўзбек махфий хизматларининг доимий таъқибидан қочиб келганини айтиб берди. Унга кўра, махфий хизмат ходимлари Ниёзовга олдига улар билан ҳамкорлик қилиш ва қўшнисига туҳмат қилиш талабини қўйишган.
Ўзбекистонда Баҳром Ниёзов бир неча кун ҳибсда сақланган. Сўроқ ва шафқатсиз қийноқлардан сўнг эркак ўзбек махфий хизматлари билан ҳамкорлик қилишга розилигини билдирувчи барча ҳужжатларга имзо чекиб берган.
Бироз вақт ўтгач эса Баҳром Ниёзов мажбуран Ўзбекистонни тарк этиб, Россияга келган ва бу ерда қочқинлик мақомини олиш мақсадида давлат миграция хизмати ва бошқа керакли ташкилотларга мурожаат қилган. Ўзбекистонни тарк этган Ниёзов юртида қолган турмуш ўртоғидан эри тирикчилик мақсадида бошқа мамлакатга чиқиб кетганини айтишни сўраган.
Бироқ ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари ва махфий хизматлари Зулхумор Алижонова билан қизиқа бошлаганлар. Улар эри бир ҳафтадан сўнг Ўзбекистонга қайтиши кераклигини айтиб, аёлга таҳдид қилишган. Бу идора ходимлари Зулхумор яшаб турган уйда тинтув ўтказишган, ҳаттоки унинг боллари ҳаётига таҳдид ҳам қилишган.
Ўзбекистонда Зулхумор фарзандларини оталари олдига, Россияга олиб чиқиб кетиш учун бир неча бор ҳаракат қилган. Бунинг учун унга маҳаллий милиция нозирининг ёзма рухсати керак бўлган. Аммо аёл милиция нозиридан бундай рухсатномани ололмаган, бунгача эса куч ишлатар тузилмалари ходимлари аёлга нисбатан босим ўтказишни кучайтириб юборишган.
2012 йил кузида Зулхумор Алижонова тўрт нафар боласини онаси тарбиясига топшириб, ўзи эрининг олдига Москвага кетиб қолган. Россияда аёл ҳудди эри каби қочқинлик мақомини қўлга киритиш ҳаракаларини бошлаб юборган.
Андижонда эса махфий хизматлари Зулхуморнинг онасига босим ўтказиб, ундан қизи ва куёвининг қаерда эканини айтиб беришини талаб қилишган. Улар аёлнинг қариндошларига ҳам таҳдид қила бошлашган. Оқибатда ўз ҳаётидан хавфсираган Зулхуморнинг қариндошлари унинг тўрт нафар боласини қўшни Қирғизистонга жўнатиб юборишга мажбур бўлишган.
Бу мамлакатда эса БМТнинг қочқинлар иши бўйича Олий коммисарлигининг Бишкек ваколатхонаси ходимлари Зулхумор Алижонованинг тўрт нафар фарзандини уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминлаган ҳамда Россиядаги ота-оналари билан боғланиб туришлари учун кўмак кўрсатган.
Бир неча кун аввал Зулхумор Москвадан Бишкекка келиб, фарзандларини ўзи билан бирга Россияга олиб кетмоқчи бўлган. Она-бола бирор муаммосиз Қирғизистонни тарк этишган.
Аммо Россия ҳудудига киришда божхона назорати Зулхуморнинг вояга етмаган тўрт нафар фарзандини мамлакатга киритишдан бош тортган, чунки онанинг паспортида болларининг исм-шарифлари ёзилган бўлиб, уларнинг бундай вазиятда керакли бўлган суратлари ёпиштирилмаган бўлган.
Шундан сўнг, Россия божхоначилари ўзбек қочқини ва унинг фарзандларини қайтиб Бишкекка депортация қилмоқчи бўлган. Аммо бу пайт Зулхумор Алижонова ёрдам сўраб “Гражданское содействие” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига қўнғироқ қилишга улгурган.
Бундан бир неча кун аввал Домодедово аэропортининг полиция бўлими ходимлари Алижонова ва унинг фарзандларига куч ишлатиб, уларни Бишкекка учаётган самолётга солиб юбормоқчи бўлган. Бироқ аёл ва унинг фарзандлари дод-фарёди ва йиғи-сиғиси самолёт ичидаги кишиларни қўрқитиб юборган ва оқибатда пилотлар уларни бортга олишдан бош тортишган.
“Гражданское содействие” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси БМТнинг қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлиги Москва ваколатхонаси ва Россия Федерал миграция хизматининг бошпана масалалари бўйича бўлими раҳбари Владимир Ручейковга мурожаат қилган. Ўз навбатида, Ручейков Москва вилояти бўйича ҳамкасбларидан Домодедово аэропортига бориб, ўзбек қочқини билан суҳбат ўтказиб келишларини илтимос қилган.
Домодедовога келган миграция хизмати вакиллари Зулхумор Алижоновага ўзи ва фарзандларига мамлакат ҳудудидан бошпана беришни сўраб Россия ҳукуматига ариза ёзишига ёрдам берган. Миграция хизмати вакили Александр Котов бу аризанинг бир нусхасини аэропортнинг чегара хизмати ходимларига топшириб, уларга Зулхумор ва унинг фарзандлари Россия ҳудудида қонуний равишда эканликларини тушунтириб ўтган. Натижада ўзбек қочқини Зулхумор Алижонова ва унинг фарзандлари қайтиб Қирғизистонга депортация қилинмаган.
Бироқ ушбу барча қонуний амалиётларга қарамай, Зулхумор Алижонова ва унинг тўрт нафар вояга етмаган боласи ҳалигача Домодедово аэропортидаги нейтрал ҳудуддаги скамейкаларда кун ўтказишаяпти. Улар шу кунгача мамлалакатга кириш рухсатини қўлга киритмагани маълум бўлди.
Душанба куни эрталаб эса уларни транзит ҳудудда қолиб кетган кишилар билан бирга зич бўлган бир камерага жойлаштиришган.
Аэропорт вакилларининг бирортаси ҳозиргача Зулхуморга унинг фарзандлари билан озодликка чиқарилмаётгани сабабини тушунтирмаган.
Зулхуморнинг “Жараён” мухбирига айтишича, унинг 15 ёшли ўғли Абдулқуддус, 12 ёшли қизи Зулайҳо, 10 ёшли Муслимахон ва 3 ёшли Музаяна ҳозиргача темир панжарали қафасда ўтиришибди. Аёл фарзандларининг ўраниб ётиши учун биргина адёли бўлиб, айни пайтда унда кичик Музаяна ухлаётганини гапириб берди. Оила бошлиғи эса хотини ва фарзандлари билан учрашиш мақсадида бир неча кундан бери аэропортга қатнамоқда, аммо у ҳозиргача оила аъзоларини кўра олгани йўқ.
“Жараён” мухбири билан суҳбатда “Гражданское содействие” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг раҳбари, таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Светлана Ганнушкина Россия ҳукумати халқаро ҳуқуқ ва инсоний меёрларга таяниб иш тутишига умид билдириб, яқин орада Зулхумор Алижонова ва унинг болалари озодликка чиқарилишига умид билдириб қолди.
“Жараён” мазкур воқеа ривожини кузатиб боради.
Муҳаммад ВАФО
Fikr bildirish