Қозоғистон: Исломни қабул қилган аёл экстремизмда айбланмоқда
Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Остона шаҳар бошқармаси фуқаро Наталья Войтенковани экстремизмда айбламоқда. Айни кунларда Остона шаҳар Сариарқа туман судида Наталья Войтенова иши юзасидан маҳкама давом этмоқда.
Ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб, “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотига мурожаат қилган Наталья Войтенкова унга нисбатан эълон қилинган айблов уйдирма эканини таъкидлайди.
– Маҳкама бошланганидан бери прения бир неча марта қолдирилди. Чунки прокурор айбловни эълон қилишга қилиб қўйди, маҳкама бўлиб ўтди, лекин жазо муҳлатини белгилашга келганида тугал хулосага кела олмаяпти. Доим бўлганидек, менинг ишим ҳам мусулмонларга қарши бир тадбир, холос, – дейди “Жараён” мухбири билан суҳбатда Наталья Войтенкова.
Маълум бўлишича, қозоғистонлик рус аёли Наталья ва унинг турмуш ўртоғи Рафис Галиулин 2005 йилда Исломни қабул қилган.
Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Наталья Войтенковани мамлакат Жиноят кодексининг 233-моддаси (оммавий ахборот воситаси орқали терроризмни тарғиб қилганлик) бўйича айбдор, деб билади.
Мазкур идоранинг шу йил 4 август куни эълон қилган айблов хулосасида қайд этилишича, Остона шаҳрида яшовчи Наталья Валерьевна Войтенкова Қозоғистон ҳудудида фаолияти таъқиқланган Ҳизбут-Таҳрир ғояларини кенг жамоатчиликка тарғиб қилиш билан шуғулланган.
Войтенкова яшаб турган уйдан топилган Ҳизбут-Таҳрир партиясига алоқадор адабиётлар, мазкур партия ғояларини тарғиб қилувчи аудио ва видеоёзувлар ашёвий далил сифатида мусодара қилинган.
Мавзуни ўрганиш жараёнида Наталья Войтенкова истиқомат қилувчи Остона шаҳридаги Бестерек кўчаси, 7-уйда тинтув ўтказган Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари билан ҳам боғландик.
– Биз бу иш бўйича ҳар қанақа шарҳ беришдан тийламиз, – дея қисқа жавоб берди бу идоранинг ўзини таништирмаган ходими.
Экстремизмда айбланаётган Войтенкова хоним у орқали Остона шаҳар ҳуқуқ-тартибот идоралари қамоқхонада қолаётган эри Рафис Галиулинга руҳий босим ўтказишни истаётганини айтади.
– Эрим ҳизбчи, мен эса унинг хотиниман. Ҳизбут-Таҳрирга аъзо эмасман. Қонун бўйича Ҳизбут-Таҳрирга аъзо бўлиш жиноят. Бугунги кунда мени айблаётган ҳуқуқ-тартибот идораларининг мақсади – шу йўл билан эримга руҳий босим ўтказиб, уни синдириш. Бошқа томондан, мен партияга аъзо бўлмасам-да, унинг ғояларини қўллаб-қувватлайман, бу эса жиноят эмас. Масалан, ҳозир бутун дунё бўйлаб бачабозлик, кашандалик, одам савдоси, ичкиликбозлик энг юқори чўққисига чиқди. Бировнинг бу билан иши йўқ.
Мен Исломни қабул қилганимда тўғри йўл қайси йўл эканини, бу дин мақсад ва ғояларини ҳеч ким тушунтириб бера олмади. Фақат ана шу партиядаги биродарларимиз менга Ислом ҳақида тўғри ва аниқ маълумот берди. Бугун Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари зўр бериб, бизни эътиқодимиз туфайли террорчига чиқармоқчи”, дер экан Войтенкова хоним “Ҳизбут-Таҳрир тўғри йўлдан бораяпти”, деган ақидада собитлигини урғулади.
Ҳизбут-Таҳрир 1953 йилда ташкил этилган партия ҳисобланади. Мазкур партия Марказий Осиёда Халифалик давлати қуришни ўз олдига мақсад қилиб олган.
Ҳизбут-Таҳрир минтақа мамлакатлари ва Россияда террористик, диний-экстремистик ташкилот, деб қаралади. Шу боис партия фаолияти бу мамлакатларда қонунан таъқиқланган. Унинг аъзолари эса узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм этиладилар.
Биздаги маълумотларга кўра, Қозоғистонда 43 та диний ташкилот мавжуд бўлиб, шундан 15 таси, жумладан, Ҳизбут-Таҳрир фаолияти 2005 йил март ойидан эътиборан мамлакат ҳудудида таъқиқланган.
Мустақил кузатувчилар 2000 йиллардан сўнг Қозоғистонда салафийлар, қуръончилар ва ҳизбчилар фаоллашганини айтадилар.
Мавзуга нуқтани қўяр эканмиз яна бир марта Наталья Войтенкова билан телефон орқали боғландик. У билан суҳбатдан маълум бўлишича, аёлнинг иши бўйича томонлар муҳокамасини тинглаш бошқа кунга қолдирилган.
“Жараён” мухбири Наталья Войтенкова тақдири билан боғлиқ воқеалар ривожини кузатишда давом этади.
Гулнора РАВШАН
Fikr bildirish