Хайрулло Турсунов оғир хасталар билан бирга сақланмоқда

Террорчиликда айбланиб, ўн олти йилга озодликдан маҳрум қилинган ўзбек қочқини Хайрулло Турсунов ўпка сили билан касалланган маҳбуслар сақланаётган колонияга ўтказилган.

Бу ҳақда “Жараён”га Хайрулло Турсуновни яқиндан таниган ва айни пайтда Европа мамлакатларининг бирида бошпана топган ва исми ошкор этилишини истамаган ўзбек қочқини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, яқинда Турсуновнинг қариндошлари уни колонияга бориб кўришга муваффақ бўлганлар.

– Қарийб ўн кун аввал Хайруллонинг қариндошлари уни кўриш учун Когон шаҳрига бориб келдилар. Уларга Хайрулло билан икки кунлик учрашув беришибди. Қариндошларининг айтишича, унинг аҳволи оғир эмиш, у боши қаттиқ оғриб тургани ҳақида гапирибди, – дейди Европада яшаётган ўзбек қочқини.

Унга кўра, айни пайтда Хайрулло Турсунов ўпка сили ва бошқа юқумли касалликлар билан хаста бўлган маҳбуслар жазо муддатини ўтаётган КИН-62 колониясида сақланмоқда экан.

– Хайруллони аввал Бухородаги Қоровулбозор деган колонияга олиб келишган, аммо тўрт кундан сўнг уни Бухоронинг Когондаги колониясига олиб боришган. Бу колонияда тақрибан 1500-1800 киши – асосан оғир хаста бўлган маҳбуслар сақланар экан. Хайруллонинг анализидан ҳам қанақадир касаллик чиққани учун уни шу ерга олиб ўтишган экан. Бизда у ердаги маҳбусларнинг тахминан 72 ёки 76 нафари ўпка сили билан оғриши ҳақида маълумот бор.

Аслида у Қоровулбозорда бўлиши керак эди, чунки уни ёпиқ режимдаги колонияда жазо муддатини ўташга ҳукм қилишганди. Ҳозир Хайруллонинг аҳволи оғир экан. Мени уни яхши биламан, у ўпка сили билан ҳеч қачон оғримаганди. Мен унга атайлаб оғир юқумли касалликни юқтириш учун бу колонияга жўнатишганидан хавотирдаман. Хайрулло қариндошлари билан колонияда учрашган пайтда уларга ҳам эҳтиёт бўлишни, чунки бу ерда оғир юқумли касалликлар билан хасталанган маҳбуслар кўплигини айтган, – дейди қочқин.

Шу билан бирга ўзбек қочқини Турсунов сақланаётган колония раҳбарияти унинг Ўзбекистон президенти ва бошқа расмийлари номига ёзган хатлари ва мурожаатларини колониядан чиқармаётганларини қўшимча қилди.

– Одатда маҳбусга қўшимча срок қўшиб бериш учун уни уч маротаба жазо изоляторига ташлашлари керак. Хайрулло колонияга борганига ҳали ҳеч қанча вақт бўлгани йўқ, аммо уни шу вақт давомида икки марта изоляторга ташлашибди. Бу ўзбек қамоқхоналарида кенг тарқалган энг оғир қийноқ турларидан биридир. Улар Хайруллога срок қўшиб бериш учун ҳозирдан тайёргарлик кўришаяпти, менимча, – дейди “Жараён” журналисти билан суҳбатда ўз хавотирлари билан ўртоқлашган ўзбек қочқини.

Унинг айтишича, ҳозирда Хайрулло Турсуновнинг қариндошлари унга адвокат ёллашган. Адвокат ўз ҳимоясидаги Турсуновдан кассация тартибида ариза ёзишга розилик олиш учун Когондаги колонияга бориб келган.

Эслатиб ўтамиз, махфий хизматлар асли қашқадарёлик бўлган 38 ёшли Хайрулло Турсуновни унинг диний қарашлари сабабли доимий равишда таъқиб қилиб келганлари боис у Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган.

Турсунов бир неча йил давомида Қозоғистонда яшаб, бу мамлакат расмийларига бошпана беришни сўраб мурожаат қилган. Бироқ Қозоғистон расмийлари унга қочқинлик мақомини беришдан бош тортганидан сўнг Турсунов оила аъзолари, яъни хотини ва уч нафар вояга етмаган фарзандлари яшаётган Россияга кетишга аҳд қилган.

Аммо 2012 йилнинг апрелида Қозоғистондан Россияга поездда кетаётган Турсунов Ақтўбе шаҳрида маҳаллий полиция ходимлари томонидан қўлга олинган. Бир йил давомида у кейинчалик Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш учун аввал Ақтўбедаги, сўнг эса Олмаотадаги вақтинча сақлаш изоляторида сақланган.

Ўзбекистон расмийлари Хайрулло Турсуновни бир гуруҳ шахслар билан жиноий тил бириктириб, уюшган жиноий гуруҳга қўшилиб, “терроризм, яъни халқаро муносабатларни мураккаблаштириш, давлат суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини бузиш, хавфсизликка путур етказиш, уруш ва қуролли можаролар келтириб чиқариш, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириш, миллий, этник ва диний адоватни тарғиб қилиш, Ўзбекистон республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш, диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ва бошқа таъқиқланган ташкилотлар тузиш, уларнинг фаолиятига раҳбарлик қилиб, фаол иштирок этиш, ғайриқонуний диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш ҳамда қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш каби жиноятларни қасддан содир этганлик”да айблашди. Расмий Тошкент Қозоғистондан Турсуновни юртига экстрадиция қилишни сўради.

Жорий йилнинг 28 февраль куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари олий комиссарлиги бошқармаси Францияда жойлашган “Ўтюраклар клуби”га йўллаган мактубида Хайрулло Турсунов иши бўйича ташкилот тайёрлаган шикоят қабул қилингани, улар шикоят кўриб чиқиладиган муддат ичида ўзбек қочқинини Ўзбекистонга қайтиб юбормасликни, яъни эстрадиция қилмасликни сўраб, Қозоғистон расмийларига мурожаат қилганларини билдиргандилар.

Аммо расмий Остона ўз халқаро мажбуриятларини бузиб, шу йилнинг 13 март куни Хайрулло Турсуновни Тошкентга экстрадиция қилди.

Қозоғистон Бош прокуратурасининг шу йил июнь ойи охирида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари олий комиссарлиги бошқармасига йўллаган мактубида Хайрулло Турсуновнинг экстрадицияси бутунлай қонуний бўлгани ва бунда қозоқ расмийлари 1993 йилнинг 22 январь куни Минскда Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Украина ўртасида имзоланган Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий кўмак ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги конвенцияга асосланганлари келтирилган.

“Турсунов Х.Т.нинг экстрадиция масаласини кўриб чиқиш жараёнида амалдаги бирор-бир халқаро ёки миллий қонунчилик бузилишига йўл қўйилгани йўқ. Турсунов Х.Т. нинг Ўзбекистон Республикасидан қайтарилишини талаб қилиш учун қонуний асос йўқ”, дейилганди Қозоғистон прокуратурасининг мактубида.

Ўзбекистонга келтирилганидан кейин бу ерда Хайрулло Турсуновнинг суди бўлиб ўтди. Шу йил 6 июнь куни чиқарилган суд ҳукмидан маълум бўлишича, Ўзбек Фемидаси уни ўта хавфли жиноятчи (рецидивист) дея тан олган ва жазо муддатини махсус тартибли колонияда ўташ шарти билан ўн олти йилга озодликдан маҳрум қилган.

София ДАВРОНОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.