Светлана Ганнушкина Стиг Ларссон мукофотига сазовор бўлди
“Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази кенгашининг аъзоси, “Фуқаровий кўмак” (“Гражданское содействие”) қўмитаси раиси Светлана Алексеевна Ганнушкина Швециянинг Стиг Ларссон мукофотига сазовор бўлди.
Мукофот матбуот варақчасида маълум қилинишича, ҳайъат аъзолари россиялик ҳуқуқ фаолини “унинг Россияда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қатъиятли ва мардонавор фаолияти учун” тақдирлашга қарор қилганлар.
Мукофотни тақдим этиш маросими 7 ноябрь куни Стокгольмда бўлиб ўтади.
“Муҳожирлар ва мажбуран кўчиб келган кишилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш орқали у Россиядаги демократия ривожида муҳим роль ўйнади. Таҳдид ва сиёсий қийинчиликларга қарамай, у ҳар куни дискриминация ва зўравонликка рўбарў бўлаётган кишиларга ёрдам берувчи икки ташкилотда фаолият юритишда давом этмоқда. У барча кишилар ҳақ-ҳуқуқлари ва шаъни тенглиги тамойилини қўллаб-қувватлайди. Бу тамомила Стиг Ларссон руҳиятига уйғун фаолиятдир”, – дейилади матбуот варақчасида.
“Светлана Ганнушкина ва унинг ташкилоти хизматлари кўп марта тақдирланган, улар орасида қочқинлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги Нансен мукофоти (2004), Франция президенти Николя Саркозининг Фахрий легион ордени кавалерлиги (2011) ҳамда Шюр Линдебреккеснинг демократия ва инсон ҳуқуқлари учун мукофоти (2012) кабилар бор.
2012 йилнинг май ойида “Newsweek” Ганнушкинани дунёдаги 150 та энг довюрак аёллардан бири, дея топди. Ганнушкина номзоди Нобель тинчлик мукофотига ҳам бир неча бор тақдим этилган”, – дея қайд этишади мукофот ташкилий қўмитаси аъзолари.
Светлана Ганнушкина 1942 йили туғилган. У 1965 йили М.В. Ломоносов номидаги Москва Давлат университетининг механика-математика факультетини тамомлаган, 1967 йилга қадар ушбу олийгоҳ аспирантурасида таҳсил олган. У 1970-1999 йилларда ўқитувчи, сўнг эса Тарих-архив институтининг (ҳозир бу олийгоҳ Россия Давлат гуманитар университети деб аталади) математика кафедраси доценти бўлиб ишлади.
1990 йили Ганнушкина қочқинлар ва мажбуран кўчиб келган кишиларга ёрдам кўрсатиш билан шуғулланувчи “Фуқаровий кўмак” (“Гражданское содействие”) қўмитаси таъсисчиларидан бири бўлди. 1991 йили у “Мемориал” инсон ҳуқуқлари марказининг ташкил этилишида иштирок этди. 1996 йили ҳуқуқ фаоли “Мемориал” доирасида “Миграция ва ҳуқуқ” тармоғини ташкил қилди.
Ҳозирги пайтда “Фуқаровий кўмак” (“Гражданское содействие”) қочқинлар, мажбуран кўчиб келган кишилар, муҳожирларга тиббий, ҳуқуқий ва моддий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Қўмита қошида Москвадаги олийгоҳлар талабалари қочқинларнинг фарзандларини мактабга тайёрлайдиган Болаларни адаптация қилиш ва ўқитиш маркази фаолият кўрсатади.
Ганнушкина “Мемориал”нинг “Мажбурий меҳнат мухожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” дастурига раҳбарли қилади. Бу дастур доирасида Россиянинг кўплаб ҳудудларида муҳожирларга бепул юридик маслаҳат бериш учун ташкил этилган “Миграция ва ҳуқуқ” тармоғи фаолият юритади.
Тармоқ юристлари муҳожирларга маслаҳат беришади, улар манфаатларини судда ҳимоя қилишади ҳамда ҳудудий қонунчилик ҳужжатларини Россия Федерацияси қонунчилиги ва Конституциясига мувофиқлаштириш билан шуғулланишади.
2002 йили Ганнушкина аввал Россия президенти ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари комиссиясига, кейин эса унинг базасида ташкил этилган Россия Федерацияси президенти ҳузуридаги фуқаровий жамият институтлари ва инсон ҳуқуқлари муҳофазасини ривожлантиришга кўмак бериш бўйича кенгашга аъзо бўлди. 2012 йили – Владимир Путин учинчи марта Россия президенти этиб сайлангач, Ганнушкина Кенгаш аъзолигидан чиқди. Ҳозир у миграция сиёсати бўйича ҳукумат қўмитаси ишида иштирок этмоқда.
Мукофот ҳақида
Стиг Ларссон швециялик ёзувчи бўлиб, у аксилфашист-фаол, ирқчилик ва ҳуқуқий экстремизм тадқиқотчиси, фикр эркинлиги учун ва аёллар таҳқирланишига қарши курашган инсон эди. У 2004 йили 50 ёшида ҳаётдан кўз юмган. Ўлимидан сўнг унинг қаламига мансуб “Миллениум” трилогияси дунё бўйлаб шуҳрат қозонди. Трилогиянинг бир қисми – “Аждаҳо татуировкаси бўлган қиз” 2011 йили Ҳолливудда экранлаштирилган.
Стиг Ларссон мукофотини унинг хотирасига бағишлаб акаси Йоаким ва отаси Эрлинг таъсис қилишган. Мукофот ҳар йили “Стиг Ларссон руҳиятига уйғун” фаолият юритувчи кишилар ёки ташкилотларга берилади.
2013 йилги ҳайъатга “Expo” журналининг бош муҳаррири Дэниэл Пул, Swedish Broadcasting Company мухбири Сесилия Бодстрем, юрист Клаус Воргстрем, ёзувчи Пер Олов Энквист ва “We Effect” компанияси бош директори Анели Рожман кирган.
Fikr bildirish