Андижонлик қочқин фарзандлари билан Домодедово аэропортини тарк этди
Сиёсий қочқин мақоми берилишини сўраб, Россия ҳукуматига мурожаат этмиш эрининг олдига Бишкекдан Москвага учиб келган андижонлик қочқин Зулхумор Алижонова ва унинг тўрт нафар вояга етмаган фарзанди вақтинчалик бошпана олишга муваффақ бўлди.
Москвадаги Домодедово аэропорти чегара хизмати томонидан “онасининг паспортида фотосурат бўлмагани учун” болалари Россия ҳудудига қўйилмаган андижонлик қочқин Зулхумор Алижонованинг вақтинча бошпана изловчи мақомини олиш эпопеяси роппа-роса етти кун давом этди.
11 октябрь оқшомида “ўзбек сноуденлари” (Зулхумор ва унинг фарзандларини матбуот ана шундай атай бошлаган) олдига Федерал миграция хизмати ходими келиб, қочқин аёл ва унинг болаларига вақтинча бошпана изловчи мақоми ҳақидаги ҳужжатни топшириб, уни табриклади.
Зулхумор Алижонованинг “Жараён” журналистига айтишича, ўзи ва болаларини транзит ҳудудидан ташқарига чиқаришдан олдин аэропорт чегара хизмати ходимлари уларни яна бир марта Бишкекка депортация қилишга уриниб кўрганлар.
– Бизни депортация қилинадиганлар сақланувчи изоляторга жойлаштирмасдан, транзит ҳудудида қолишимизга рухсат берганларининг иккинчи куни эди. Болаларим бундан жуда хурсанд бўлишди – ҳар ҳолда, бу ўзингни ҳақиқий маҳбусдан ҳис қиладиган панжара орти эмасди.
Мен ходимдан: “Бу ерда неча кун қоламиз?” деб сўраганимда, у менга яна: “Сизларни бугун депортация қиламиз!” дея жавоб берди. Бу гапдан ичим музлаб кетди. Қандай қилиб яна депортация қилишади?
Мен ва болаларим бу ерда, отаси ташқарида бўлса, шунча кун азоб чеккан бўлсак – буларнинг ҳаммаси бекорга кетдими? Бизни самолётга чиқадиган томонга олиб кетаётганларида болалар билан бирга яна қаршилик қилиб, ерга ўтириб олдик. Бизни фақат куч билан самолётга итариб олиб чиқиб қўйишларига тўғри келишини тушунганларидан сўнг бу фикрдан қайтишди. Кейин “Фуқаровий кўмак”дан (“Гражданское содействие”) қўнғироқ қилишиб, уларни уришиб беришди, – деди болалари билан бирга озодликка чиққан Зулхумор Алижонова.
Унинг айтишича, 11 октябрь оқшомига қадар уларнинг ҳеч нарсадан хабари бўлмаган ва кейинги тақдирлари қандай кечишини билишмаган.
Кечга яқин аэропорт транзит ҳудудида Зулхуморнинг болалари учун вақтинча яшашга рухсатнома олиб келган одам пайдо бўлган. “Кейинчалик билишимча, у Федерал хавфсизлик хизмати ходими экан”, дея давом этади ўзбек қочқини.
– У бизга нарсаларимизни йиғиштиришни буюрди ва болалар билан менга бу жойдан чиқиб, Россия ҳудудига киришга рухсат берилганини айтди. Эрим келгунча, болалар билан “Домодедово” аэропорти Федерал миграция хизмати бўлимида кутиб ўтирдик. Маълум бўлишича, дадамиз биз учун Москванинг бир жойидан хона ижарага олибди. Аммо уй эгалари қирғизлар экан, қочқин эканимизни билганларидан кейин бизни ичкарига қўйишдан қатъиян бош тортиб туриб олдилар. Энди эрим бизга хона топгунича, бешаламиз “Фуқаровий кўмак” ташкилотида ўтирибмиз, – дейди Зулхумор Алижонова.
Федерал миграция хизматининг Москва бошқармасида “Жараён” журналистига ўзбекистонлик қочқин Зулхумор Алижонова ва унинг тўрт боласи – 15 ёшли Абдулқуддус, 12 ёшли Зулайҳо, 10 ёшли Муслимахон ва 3 яшар Музайяна яқин кунларда суҳбатга чақирилишлари ва улар вақтинча бошпана изловчи мақомини олишлари учун ҳужжат расмийлаштирилишини айтишди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Андижон шаҳридан бўлган бу оила ҳимояси билан “Фуқаровий кўмак” ҳуқуқни муҳофаза қилиш қўмитаси шуғулланмоқда. Қўмита раҳбари Светлана Ганнушкина БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлигининг Москвадаги ваколатхонаси ходимлари ва Россия Федерал миграция хизматининг қочқинлари ишлари бўйича бўлими раҳбари Владимир Ручейковга ёрдам сўраб мурожаат қилган.
“Домодедово”га келган миграция хизмати ходимлари Зулхумор Алижоновадан ўзи ва фарзандларига вақтинча бошпана бериш ҳақида ариза олганлар.
Миграция хизмати ходими Александр Котов чегарачиларга Зулхумор Алижонова аризасидан нусха бериб, бу оила Россия ҳудудида қонуний асосда юрганини тушунтирган. Шу тариқа, ўзбекистонлик қочқин аёл ва унинг вояга етмаган фарзандлари депортациядан қутулиб қолдилар.
“Жараён” журналисти билан суҳбат чоғида Зулхумор Алижонова депортация билан боғлиқ муаммо ижобий ҳал бўлганига қарамай, бугунги кунда улар бошқа кўплаб муаммоларга дуч келганларини, бу муаммоларни ҳал қилиш учун у ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ва қочқинлар тақдирига бефарқ бўлмаган кишиларга мурожаат қилишини айтди.
– Ҳозирги пайтда мен ва фарзандларим кийим-кечак, турар-жой ва моддий ёрдамга муҳтожмиз. Москвага олиб келган багажимизни Бишкекка қайтариб жўнатиб юборишган. У ерда болаларнинг иссиқ кийимлари бор эди. Ҳозир Москвада совуқ тушиб қолибди, биз эса бу ерга учиб келган кийимларимиз билан ўтирибмиз. Ҳозир “кияйлик” десак, на менда ва на болаларда ҳеч вақо йўқ, шу жумладан, иссиқ кийимларимиз ҳам. Аввал айтганимдек, Москвадаги уй эгалари бўлган қирғизлар бизга ижарага хона беришдан бош тортишди.
Чунки биз қочқин эканмиз ва айтишларича, уларнинг ҳеч қанақа муаммога тоқатлари йўқ экан. “Болаларга егулик ва кийим-кечак олайлик” десак, ҳатто пулимиз ҳам йўқ. Шунинг учун мен оиламизга қўлидан келганча ёрдам қилиши мумкин бўлган барча мурувватли одамлардан бизга кўмак беришни сўрамоқчийдим, – деди кўзида ёш билан андижонлик қочқин Зулхумор Алижонова “Жараён” журналистига.
Муҳаммад ВАФО
Fikr bildirish