Ҳуқуқ фаоли Худойназаровга жазо муддати қўшиб берилди
Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридаги 64/21-сонли жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли Абдурасул Худойназаровнинг жазо муддати узайтирилган.
Бу ҳақда “Жараён”га ҳуқуқ фаолининг рафиқаси Гулчеҳра Туронова маълум қилди. Унга кўра, турмуш ўртоғи Абдурасул Худойназаров колонияда лезвия сақлаб, муассаса тартибини “бузган”и учун жазо муҳлатига муддат қўшилган.
– Ўзбекистон ИИВнинг Жазони ижро этиш бош бошқармаси маъмурияти ҳам, Тоштурма маъмурияти ҳам эрим 4 октябр куни Навоийдаги 64/46-сонли жазони ўташ муассасасига этап қилинганини, у кишининг Бекободда жазони ўташ тартибини бузганини таъкидлашмоқда. Аммо эримнинг муддатига яна қанча қўшиб беришганини айтишмаяпти, – деди Гулчеҳра Туронова.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг матбуот хизмати ҳам ҳозирги кунда Абдурасул Худойназаровнинг Зарафшон шаҳридаги 64/46-сонли муассасага ғайриқонуний равишда кўчирилгани маълум экани, аммо унинг муддатига яна қанча йил қўшиб берилгани ҳақида маълумот йўқлигини қайд этди.
Матбуот хизмати вакилига кўра, Абдурасул Худойназаров собиқ ички ишлар идоралари ходими бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодекси талабларига мувофиқ Бекободдаги колониядагина сақланиши лозим.
Гулчеҳра Туронованинг таъкидлашича, Худойназаров жазо муддати узайтирилишини кўтара олмаслиги мумкин. У беш йил муқаддам ўз жонига қасд қилган ва жазо карцеридаги қийноқларга чидай олмагани боис ўзини осишга уринган, аммо бахтли тасодиф туфайлигина омон қолган.
Эслатиб ўтамиз, “Эзгулик” жамиятининг Ангрен шаҳар бўлими раиси Абдурасул Худойназаров 2005 йилнинг июн ойида ҳибсга олиниб, 2006 йил январида Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан 9,5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Ҳуқуқ фаолига нисбатан бирор марта амнистия акти қўлланилмаган.
“Жараён” таҳририяти
Fikr bildirish