Қозоғистонлик муслиманинг фарзандлари оналари қанча муддатга кесилганидан бехабар
Остоналик муслима Наталья Войтенкованинг уч нафар вояга етмаган фарзанди оналари беш йилга умумий режимдаги колонияга ҳукм қилинганини билмайди.
Жорий йилнинг октябрь ойи ўрталарида Остона шаҳар Сариарқа туман суди 33 ёшли қозоғистонлик муслима Наталья Войтенковани видеобаёнотни ёзиб, уни YouTube порталига жойлагани учун беш йилга озодликдан маҳрум қилганди. Аёл экстремизмни тарғиб қилганликда айбдор деб топилиб, суд залининг ўзидан қўлига кишан солиб, олиб кетилганди.
Видеобаёнотида Наталья қамоқдаги эри Рафис Галиуллинга нисбатан қўлланилаётган қийноқлар ва Қозоғистон куч ишлатар тузилмалари ходимларининг бошбошдоқлиги ҳақида гапирганди.
Қайд этиш жоизки, Наталья Войтенкова иши юзасидан ҳукм чиқарган судья қозоғистонлик муслиманинг уч нафар вояга етмаган фарзанди (уларнинг энг кичиги бор-йўғи беш ёшда) борлигини ҳисобга олмаган.
Войтенкова қамоқ жазосига ҳукм қилингач, “Жараён” мухбири қозоғистонлик муслиманинг фарзандлари тақдири билан қизиқди. Маълум бўлишича, Натальянинг уч нафар фарзанди ҳозирда унинг қариндошлари қарамоғида экан.
– Натальянинг ҳамма боласи онаси қаерда эканини билишади, аммо улар онаси қанча муддатга кесилганидан бехабар. Суд тугагач, унинг уч нафар боласи тинмай йиғлашди. Энг кичиги – 5 ёшли Муслима ҳали кўп нарсани тушунмайди. Биз унга ҳозирча улар билан биз яшаб туришимизни айтдик, у бунга кўнди. Бироқ Натальянинг ўртанча қизи Ҳадича онасининг қамалганига ҳалиям кўнолгани йўқ. У тинимсиз йиғлайди. Онасининг компьютерини очиб, Наталья тушган видео роликларни кўради, видео тугагач эса, уни қайта кўришни бошлайди ва кўзидан тинмай ёш оқади.
Натальянинг катта ўғли Элдар – 12 ёшда. У ҳаммасини тушунади. Опамнинг ҳамма боласи уни жуда соғинаяпти, аммо биз уларни тинчлантириб, фақат яхшиликка умид қилишларига ёрдам беришга уринаяпмиз. Устига-устак, Натальянинг 81 ёшли бувиси ҳам бор. Кампир ҳам набирасининг қанча муддатга кесилганидан хабари йўқ. Биз унга бу ҳақда айтишдан чўчиб турибмиз. Чунки, Худо сақласин, у буни кўтара олмаслиги мумкин, – деди Натальянинг 19 ёшли синглиси Полина “Жараён”га.
Наталья Войтенкова қамалишидан аввал ҳуқуқий ёрдам сўраб, “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ассоциацияси раҳбари Мўътабар Тожибоевага хат орқали мурожаат қилганди. Ўз мактубида қозоғистонлик муслима қуйидагиларни ёзганди:
“Эримни турли усуллар билан қийнашди: орқасига дубинка тиқишди ва суткалаб бетонли полга юзтубан ётқизиб қўйишди. Эримни қамоқ жазосига ҳукм қилиб, уни колонияга юборишган. Инсон қамоқда ўтирган пайтда уни таъқиб қилиш қонунда ёзилмаган бўлса-да, Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари уни тўрт йилдан буён ўз ҳолига қўйишаётгани йўқ.
Ҳозир эрим Олмаота шаҳридаги камера туридаги ЛА 155/1-тергов изоляторида сақланмоқда. Эримни доимо, агар у улар билан ҳамкорлик қилмаса, мени қамоққа тиқишлари, фарзандларимизни эса болалар уйига топшириб юборишларини айтиб қўрқитишмоқда.
Эрим “Ҳизбут-Таҳрир” партиясига аъзоликдан воз кечиши, буни камера ёзиб, ҳаммага эълон қилиши, партияни қоралаши ва унга аъзо бўлиб, хатога йўл қўйганини айтиши керак бўлган. Эримдан ўзаро ҳамкорлик ҳақидаги шартномага қўл қўйишини талаб қилишган. Унга кўра, эрим партияга қарши ташвиқот юритиши ва фаол мусулмонларни махфий хизматларга топшириши керак бўлган.
Эрим бу талабларни рад қилган, шунинг учун уни ярим йиллаб карцерга ташлашади, у ерда эса қиш кунлари кийим-кечаклари ва озиқ-овқатларини олиб қўйишади. Буларнинг барчасига тергов изолятори раҳбари Оришченко раҳбарлик қилмоқда. Улар ўйлаган нарсаларини амалга оширолмагач, эримни мен ва фарзандларимиз орқали синдиришмоқчи.
Ёзган шикоят аризаларимга жавоб ололмагач, буларнинг барчасидан чарчаб, бирор-бир мулозим, оммавий ахборот воситаси ёки ҳуқуқ фаоли менга жавоб бериб, адолат қарор топишида ёрдам берармикин деган умидда “Оллоҳ, опа-сингилларимизга сабр бер! Омин!!!” ва “Ҳаммадан Қозоғистондаги бу бошбошдоқликни ёритишни сўрайман” дея номланган видеомурожаатларни (қалб фарёдимни) чиқардим.
\Аммо ёрдам кўрсатиш ўрнига бу мурожаатларимдан сўнг мен, уч нафар вояга етмаган фарзанднинг онаси, ёлғиз аёлнинг уйига тонгги соат 8 ларда махфий хизмат ходимлари бостириб кириб, тинтув ўтказишди. Тинтувдан сўнг улар мени ҳам ўзлари билан бирга сўроққа олиб кетишди.
Уйимни тинтув қилиш чоғида улар эримни қамоққа олиш учун уйимизда тинтув ўтказган махфий хизматларнинг малакасизлиги туфайли қолиб кетган “Ҳизбут-Таҳрир” партиясига тегишли бир нечта адабиётни топишди. Улар бу китобларни ўша пайтда олиб кетишмагани учун мен улар таъқиқланмаган бўлса керак, деб ўйлагандим, баъзи китоблар эса мен билмайдиган ўзбек тилида ёзилганди. Пировардида, маълум вақт ўтгач (4 йил), улар уйимда тинтув ўтказгани келиб, ушбу китобларни топишаяпти ва уларни менга қарши очилган жиноий ишга қўшиб, менга бу китобларни сақлаганим учун жарима шаклида маъмурий жазо тайинлашди.
Юқорида келтириб ўтганларим асосида сиздан менга ёрдам беришингизни сўрайман. Менга қарши қўзғатилган модда 5 йилдан то 10 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилишни кўзда тутади ва у жуда оғир ҳисобланади, бироқ нима сабабдан менга бундай жазо белгилангани жавобсиз қолиб кетмоқда.
Прокуратурага мурожаат қилиш эса ақлсизлик, ахир менга қарши жиноят иши очилиши учун айнан улар қарор беришди, махфий хизматлар эса уларга ҳар томонлама кўмак кўрстатишмоқда. Шунинг учун менинг сиздан ўзга ёрдам сўраб мурожаат қиладиган жойим йўқ. Мен ўз юртимда худди қопқонга тушиб қолгандекман, мен улар учун экстремистман, демак, мен ва оиламга нисбатан бутунлай қонуний қонунсизлик амал қилмоқда”.
Эслатиб ўтсак, Наталья Войтенкованинг эри Рафис Галиуллин 2004 йили Исломни қабул қилган ва у фаолияти Россия, Марказий Осиё ва Қозоғистон ҳудудида таъқиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” партиясининг аъзоси ҳисобланади. Юқорида келтириб ўтилган мамлакатларда мазкур партия аъзолари қамоққа олиниб, узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилинадилар.
2009 йили Галиуллин Қозоғистон Жиноят кодексининг 337, 223, 164-моддалари бўйича айбдор топилиб, етти йилга умумий режимдаги аҳлоқ тузатиш колониясига ҳукм қилинганди.
Наталья Войтенкованинг қариндошлари билан суҳбатлашгач, сайтимиз журналисти муслимани судда ҳимоя қилган адвокат Тўлеген Махметов билан ҳам боғланди. Журналистнинг: “Войтенковага чиқарилган ҳукм юзасидан апелляция тартибида судга шикоят аризаси билан мурожаат қилиш ниятингиз борми?” деган саволига адвокат Махметов қуйидагича жавоб берди:
– Мен аввал ҳукмни қўлга олишим керак, уни ҳозирча олганим йўқ. Эҳтимол, улар ҳукмни менга почта орқали жўнатишгандир. Шундан сўнг мен Наталья билан учрашаман ва биз биргаликда кейинги амалга оширадиган ҳаракатларимизни келишиб оламиз. Ҳозирча у Остонадаги ЕЦ 166-тергов изоляторида сақланмоқда, – деди Войтенкованинг адвокати.
Адвокат Тўлеген Махметов журналистнинг: “Апелляция суди Наталья Войтенкованинг уч нафар вояга етмаган фарзанди борлигини ҳисобга олиб, биринчи инстанция суди чиқарган ҳукмни енгиллаштириши мумкинми?” деган саволига:
– Мен бунга жуда умид қиламан. Қонун бўйича буни амалга ошириш мумкин, – дея жавоб қайтарди.
Бироқ кейинроқ Наталья Войтенкованинг қариндошлари Тўлеген Махметов Натальянинг ҳимояси учун давлат томонидан ёлланган адвокат экани ва яқинда муслиманинг қариндошлари Войтенкова ҳақ-ҳуқуқларини апелляция судида ҳақиқатан ҳам ҳимоя қила оладиган бошқа мустақил адвокатни ёллаганларини маълум қилдилар.
Наталья Войтенкова ҳижоб кийиб юрадиган ўрта ва олий ўқув юртлари талаба қизларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққач, Қозоғистонда кенг жамоатчилик эътиборига тушганди.
2011 йили остоналик муслима шаҳардаги болалар боғчасидан бири директорига маслаҳат олиш учун мурожаат қилганида, директор аёлнинг ҳижоби учун уни сектантликда айблаганди.
Ўша йилнинг ўзида Наталья Войтенкова Қозоғистонда муслималарнинг ҳақ-ҳуқуқлари камситилишига қарши норозилик акциясида иштирок этганди.
Мустақил кузатувчилар Наталья Войтенкованинг айнан шу хатти-ҳаракатлари муслиманинг Қозоғистон махфий хизматлари алоҳида назорати остига олинишига сабаб бўлганини таъкидлашмоқда.
Мубина САФАРОВА
Fikr bildirish