“Мен Гулнора Каримованинг Женевадаги уйи олдига борганингиз ва ўзбекистонликларнинг пуллари қаерга кетаётгани ҳақида ёзган мақолангизни тасодифан ўқиб қолдим”, деб ёзган “Жараён” муштарийси Тамара Собированинг дабдабали меҳмонхоналар, қимматбаҳо уйлардан квартиралар, қиммат автомобиллар сотиб олаётгани ва собиқ совет республикаларининг биридаги бир қанча банкда ҳисоб рақамлари ҳам очганини ҳам қўшимча қилади. Ҳозирда таҳририятимиз жойлардаги манбалари орқали ушбу маълумотни ўрганаяпти.
Сайтимиз муштарийси жорий йилнинг август ойида Тамара Собирова Туркиянинг Истанбул шаҳридан квартира сотиб олгани ҳақида ҳам ёзган. Биз 16 октябр куни муштарийдан олган ва Тамара Собированинг ҳақиқатан бу мулк эгаси эканини тасдиқлайдиган ҳужжатли файлни бу линкдан юклаб олишингиз мумкин.
“Жараён” таҳририяти Тамара Собированинг Истанбулдан квартира сотиб олгани бўйича ўзининг журналистик текширувини ўтказишга қарор қилди.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева бу борада Туркия расмийларига мурожаат қилиб, улардан Тамара Собированинг Истанбулдан сотиб олган уйи учун сарфланган маблағ келиб чиқиши билан қизиққан-қизиқмаганини ўрганмоқчи ва “Бу пул ювиш бўйича Каримовлар оиласи томонидан амалга оширилган навбатдаги уриниш эмасми?” сўрамоқчи.
Айни пайтда Тожибоева хоним Каримовлар оиласига тааллуқли фактларнинг оммага ошкор қилиниши ортида катта ўйин бўлиши мумкинлигини ҳам истисно қилмайди.
– Каримовлар оиласига оид кўпчилик билмаслиги керак бўлган ҳужжатларнинг матбуотга сиздирилиши бу Ўзбекистонда тахт учун кураш қизғин давом этаётганидан дарак бериши мумкин. Агар шундай бўлса, давлат раҳбари курсисига кўз тикканлар 75 ёшли диктаторнинг ҳайбатидан аввалгидек чўчимай қўйишгани аён бўлади.
Айни пайтда бошқа бир эҳтимолни назардан қочирмаслик керак. Қизларининг обрўси кундан-кунга тушиб бораётган бир паллада Ислом Каримов Фарғонада Каримовлар оиласи шаънини гўё булғаган Тамара Собирова ва унинг фарзандларини қурбон қилиб, ўз имиджини бироз бўлса-да, яхшилаб олишга уринаётган бўлиши ҳам мумкин.
Бу билан Каримовлар, биринчидан, “ноқулай” қариндошлардан қутиладилар (Тамара Акбаровнанинг ўғли Акбаралининг ҳибсга олиниши ҳам бу занжирнинг бир ҳалқаси десак бўлади), иккинчидан, Каримов бу билан оддий одамлар кўз ўнгида “адолатли ҳукмдор” деган тасаввур пайдо қилади. Яъни бу иш одамларнинг: “Ана кўрдингизми, президентимиз одил, пайти келганда ўз яқинларини ҳам аяб ўтирмайди”, деб ўйлашлари учун қилинаётган бўлиши ҳам мумкин. Ўзбекистонда ҳар соҳада инсон ҳақ-ҳуқуқлари оёқости қилинаётган бир паллада вақти-вақти билан одамларни юпатадиган бу каби ўйинларга ҳам эҳтиёжи бор ўзбек расмийларининг, – деди Мўътабар Тожибоева.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбарига кўра, нима бўлган тақдирда ҳам, Каримовлар оиласига алоқадор бу каби фактлар обдон текширилганидан кейин албатта оммага ошкор қилиниши лозим. Ҳуқуқ фаоли фикрича, бу ўзбек элидан ўмарилган пуллар қаерларга сарфланаётганини назорат қилиш учун зарурдир.
“Жараён” таҳририяти
Fikr bildirish