Светлана Ганнушкина: Ўзбекистон элчихонасини муҳожирлар муҳофазасига жалб қилишга уриндик, бироқ буни уддалаёлмадик
Сўнгги бир неча ой ичида Россияда Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларидан бўлган меҳнат муҳожирлари ва қочқинлар вазиятида салбий акс этувчи қатор нохуш воқеалар юз берди.
Бирюлёвода 25 ёшли москвалик Егор Шчербаков ўлдирилганидан кейин мамлакатда гастарбайтерларга қарши яна оммавий рейдлар ўтказила бошлади.
Россия пойтахтида миллатчилар дастидан ўлгани тахмин қилинаётган Ўзбекистон ва Озарбайжон фуқароларининг жасадлари топилди.
Москванинг “Домодедово” аэропортидаги чегарачилар бир ҳафта давомида Россия расмийларига бошпана сўраб мурожаат қилган ўзбекистонлик қочқин аёл ва унинг вояга етмаган тўрт фарзандини мамлакатдан бадарға қилишга уриндилар.
Ана шу воқеалардан келиб чиққан ҳолда, “Жараён” россиялик таниқли ҳуқуқ фаоли, “Фуқаровий кўмак” (“Гражданское содействие”) қўмитаси раисаси Светлана Ганнушкинага мурожаат қилди. У эса сайтимизга Россиядаги меҳнат муҳожирлари ва қочқинларнинг ҳал қилиниши зарур бўлган айрим муаммолари ҳақида сўзлаб берди.
Жараён: Ганнушкина хоним, Сиз билан интервьюни Ғарбий Бирюлёвода 25 ёшли Егор Шчербаковнинг ўлими билан боғлиқ яқиндаги воқеадан бошламоқчи эдик. Айтишларича, жиноятчининг дини, миллати ва фуқаролиги бўлмайди, қонун олдида эса барча баробардир.
Аммо ҳозир бунинг мутлақо акси кузатилаяпти. Яна ҳеч қанақа далил-исботсиз ва суд қарорисиз барча айб муҳожирлар елкасига юкланмоқда. Оммавий ахборот воситалари ҳам, амалдаги расмийларга хайрихоҳу мухолиф бўлган сиёсатчилар ҳам меҳнат муҳожирларини жамики кечириб бўлмас гуноҳларда айблаяптилар.
Айтингчи, Россияда содир бўлаётган сўнгги барча воқеаларнинг натижаси қандай бўлади, деб ўйлайсиз?
Светлана Ганнушкина: Ҳақиқатан шундай. Жамиятда таранглик кучайиб бораяпти, одамлар ўзларини бехавотир сезмаяптилар, уларда ҳимояланганлик ҳисси йўқ, ҳуқуқ-тартибот идораларига ишонмайдилар, маҳаллий расмийлардан эса бирор яхши нарса кутмайдилар. Ҳаммасини коррупция емириб ташлаган. Бу тарангликни расмийлар ўзидан нари буриб, муҳожирлар томон йўналтираяптилар: тажовузни жавобсиз объектга кўчириш эффекти кузатилаяпти. Расмийлар бу кайфиятни алангалатиб, ундан сиёсий мақсадларда фойдаланаяптилар.
Айтганларимни тасдиқловчи кўплаб мисоллар бор. Москвадаги Матвеевский бозорида юртдошларимиз полиция ходимини калтаклашган. Расмийларнинг бунга жавоби облавалар – муҳожир ови бўлди. Бунинг жабрини жуда ювош бўлган вьетнамликлар тортди.
Бирюлёвода ёш йигит ўлдирилди – зудлик билан бу қотилликни муҳожир содир этгани ҳақида хабар тарқалди. Маҳаллий аҳоли вакиллари маъмурият ва полицияга ёмон ишлаётганларини айтиш учун йиғилдилар. Бироқ одамларнинг норозилигидан дарров миллатчилар фойдаланиб қолдилар ва йиғин аксилмуҳожирлик босқинига айлантириб юборилди.
Москва мэри лавозимига номзодларнинг ҳеч қайсиси, сайловчилар меҳрини қозонишга умид қилган ҳолда, аксилмуҳожирлик сафсаталаридан воз кечмади. Улар бизни ана шундай одам, деб биладилар ва ана шундай одамларга айланишимиз учун қўлларидан келган барча ишларни амалга оширмоқдалар.
Россияда муҳожирларнинг қулдек ишлатиш бўйича барқарор тизим шаклланди. Бу тизим инсофсиз иш берувчидан бошланади. Бундай кишилар учун, минимум даражада бўлса-да, қонун билан ҳимояланган легал ишчини ишлатгандан кўра нолегал ишчини ишлатиш манфаатлироқ.
Иш берувчи ўзидан чўтал олиб турадиган, барча қонунбузарликларга кўз юмадиган ва қонунга риоя қилинишини таъминламайдиган амалдорнинг қўлловига эга бўлади. Бу тизимга хўжайинларга даф қилмай, муҳожирларни қўрқув остида ушлаб турувчи миллатчи гуруҳлар ҳам киради.
Дума муҳожирларга қарши қаратилган, Россия Конституциясини бузадиган аёвсиз ва энг ёмони, мантиқсиз ва зиддиятли қонунларни қабул қилаяпти. Суд органлари ижроия ҳокимияти думига айлантирилган, судьялар қонун талабидан келиб чиқиб эмас, балки сиёсий мақсадларга мувофиқлик ҳақидаги тасаввурлардан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қилмоқдалар.
Бундай аҳвол узоқ давом этмайди, этолмайди. Хулоса чиқаришга ҳали эрта, бироқ натижа аянчли бўлиши аниқ.
Жараён: Ноқонуний миграцияга қарши аёвсиз “кураш” Россияда бугун эмас, балки бир неча ой олдин бошланган. Пировардида ватанда қолган оиласини амаллаб боқиш учун уй-жойини ташлаб, иш излаб чиқиб кетишга мажбур бўлган минглаб айбсиз кишилар жабрланди.
Жорий йилнинг август ойида Сиз ҳуқуқ ҳимоячиларининг Россия зиёлиларига мурожаатини эълон қилгандингиз ва уларни оғир вазиятда қолган муҳожирлар тақдирига бефарқ бўлмасликка чақиргандингиз.
Бунгача Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Россияда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини “дангасалар” деб ҳақорат қилган, уларнинг муҳожиротда юришларини эса ўзбек халқи учун жирканч ва таҳқирли иш, деб баҳолаганди.
Марҳамат қилиб айтингчи, Сизнинг кузатишларингизга кўра, Каримовнинг бу гаплари Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар вазиятига қандай таъсир кўрсатди? Россия зиёлилари томонидан Сизнинг мурожаатингизга бирор муносабат билдирилдими?
Светлана Ганнушкина: Мурожаатимизга жавоб жуда суст бўлди, бир неча таниқли ҳамда унча машҳур бўлмаган кишиларгина хайрихоҳлик изҳор қилишди, бу хайрихоҳлик ҳам ошкора кўрсатилмади. Кескин мулоҳазалар ҳам билдирилди, жумладан, биз ўзимизга маслакдош деб билган одамлар томонидан ҳам. Ана шуниси жуда оғриқли бўлди.
Каримовнинг сўзлари, назаримда, жамоатчилик орасида баҳс мавзусига айланмади ва вазиятга ҳеч қандай таъсир кўрсатгани йўқ. Балки мен билмаган бошқа нарсалар ҳам бордир.
Жараён: Сўнгги пайтларда Россия ҳудудида қочқинлар ва меҳнат муҳожирлигида юрганлар тез-тез йўқолиб қолаяпти. Айримлари ҳибсхонадан чиққанларидан кейин йўқолиб қолган бўлсалар, бошқалари яшаётган жойларидан йўқолиб қолганлар. Уларнинг аксарияти Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган кишилардир.
Сизнингча, бунда Россия расмийларининг роли қандай ҳамда Россияда қочқинлар ва меҳнат муҳожирларига нисбатан бу каби ножўя хатти-ҳаракатларни тўхтатиш учун қанақа чоралар кўрилиши лозим?
Светлана Ганнушкина: Бу ножўя хатти-ҳаракат эмас, балки бизнинг ҳуқуқ-тартибот идораларимиз иштирокида муҳожирлар келаётган мамлакатлар махсус хизматлари ташаббуси билан амалга оширилаётган жиноятдир. Бу ҳамкорлик беғараз ҳамкорлик эмас, деб қўрқаман.
Бироқ меҳнат муҳожирлари эмас, балки юртидаги сиёсий режимларга қарши жиноятларда айбланаётган кишилар ўғирлаб кетилаяпти. Баъзан одамлар ҳақиқатан ишлаш учун келадилар, ватанларида уларни хавфли жиноятчи ва халқ душманига чиқариб қўйганлари ҳақида эса тасаввурга ҳам эга бўлмайдилар. Баъзан амалдаги режим билан чиндан ҳам курашаётган кишиларни ҳам ўғирлашлар ёки ўғирлашга уринишлар бўлиб туради.
Табиийки, бунақа ўғирлаб кетишлар Россия раҳбариятидаги анча юқори лавозимларда ишловчи шахсларни хабардор қилмасдан амалга оширилмайди. Бунга чек қўйиш учун бунга хоҳиш бўлиши керак. Бунинг учун президент ёки бош вазирнинг биттагина гапи, менимча, етарли бўларди – сигнал қабул қилинган бўларди. Барибир одам ўғирлашлар меҳнат муҳожирларини эксплуатация қилиш ҳисобидан ёппасига бойиш тизимига (ҳаммаёқни босиб кетган коррупция шароитида бу тизимга чек қўйиш қарийб имконсиз) кирмайди.
Жараён: Мустақил кузатувчилар сўнгги йилларда кўп одамлар турли сабабларга кўра Ўзбекистонни тарк этиб кетаётганларини қайд этадилар. Улар орасида қўшни мамлакатлардан, шу жумладан, Россиядан бошпана сўраётган қочқинлар ҳам кўп.
Кузатувчиларнинг бу гапларига қўшиласизми ва агар қўшилсангиз, бу қочқинлар қайси тоифага киради ҳамда улар қайси сабабларга кўра Ўзбекистонни тарк этиб, Россияга келаяптилар?
Светлана Ганнушкина: Бу очиқ-равшан кўриниб турган нарса аслида. Ватанни тарк этиш сабаблари ҳам тушунарли: тоталитар аёвсиз режим доим мустабид билан халқ душманларига қарши кураш кампаниялари шаклидаги хўракка эҳтиёж сезади. Бу одамларни итоатда тутиб турадилар. Мустабидни эса унинг ён-атрофида бўлган кишилар хушёр ҳолда ушлаб туришлари керак, шундан келиб чиққан ҳолда суиқасдлар саҳналаштирилади, давлат тўнтаришига уринишлар “фош қилинади” ва ҳ.
Жараён: Октябрь ойи бошларида Домодедово аэропортида андижонлик қочқин Зулхумор Алижонова ва унинг вояга етмаган тўрт фарзанди тутиб қолинди. Биз Сиз раҳбарлик қилаётган “Фуқаровий кўмак” қўмитаси бу одамлар қўлга олинган дастлабки кунларданоқ уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келганини биламиз.
Россия миграция хизмати расмийлари қочқин аёл ва фарзандларининг мамлакат ҳудудига киришига қарши бўлмасалар-да, аэропортдаги чегара хизмати ходимлари сўнгги дақиқаларгача уларни куч билан мамлакатдан бадарға қилишга уриндилар. Фақат ташкилотингиз ходимларининг аралашувигина Зулхумор Алижонова ва унинг фарзандлари муаммоси ижобий ҳал қилинишига ёрдам берди.
Маълумки, АҚШ махсус хизматларининг собиқ ходими Эдвард Сноуден ҳам андижонлик қочқин аёл каби Москва аэропортларидан бирида бир муддат турган. Аммо ўшанда Россия расмийлари Сноуденга бирор давлат сиёсий бошпана бермагунича у “Шереметьево” аэропорти транзит ҳудудида қолажагини билдиргандилар.
Сизнингча, Россия расмийларининг бунақа одам айириши нима билан боғлиқ?
Светлана Ганнушкина: Афсуски, бизда транзит ҳудудида бошпана бериш тўғрисидаги илтимосномани қабул қилиш бўйича яхши йўлга қўйилган аниқ бир система йўқ. Европадаги аэропортларда “азуль” деган сўзни айтиш кифоя ва машина ишга тушади. Аризачи олдига миграция идораси ходимини чақирадилар, бошпана сўровчини махсус хонага жойлаштирадилар ва у билан савол-жавоб қила бошлайдилар. Бу аризачига бошпана берилажагини англатмайди.
Аммо одамларнинг қорни тўйдирилади, улар ётоқ жой, ювиниб олиш имкони билан таъминланадилар. Транзит ҳудудида бундай жой бўлмаган мамлакатларда аризачининг чегарадан ўтишига рухсат берилади ва у бошпана изловчи шахслар учун мўлжалланган марказга жойлаштирилади.
Зулхумор билан биз у болаларини олиб келишидан анча аввал шуғуллана бошлаганмиз. Аввалига унинг эри бошпана сўраб келди, кейинчалик эса Зулхуморнинг ўзи ҳам таъқиблардан қочиб келишга мажбур бўлди. У ҳам бошпана сўраб мурожаат қилди. Уларнинг фарзандлари яқинларининг қарамоғида қолганди. Бироқ улар махсус хизматлар томонидан бўлаётган таҳдидлар туфайли болаларни олиб кетишни илтимос қилишган.
Болаларни Қирғизистонга олиб ўтиб, онасига топширганлар. Бу болалар Зулхуморники экани, у мамлакатга қонунга мувофиқ равишда киргани ва унинг бошпана сўраб ариза бергани юзасидан ҳеч кимда шубҳа йўқ эди. Мен вояга етмаган болалар панжара ортида ўтирмаслиги учун бунақа пайтларда чегарачилар ўзларини қандай тутиш ҳақида йўриқномага эга бўлишлари лозим, деб ўйлайман.
Айтишим керакки, Россия Федерал миграция хизмати ва мазкур хизматнинг Москва шаҳри бўйича бошқармаси анча фаол ҳаракат қилди, бир ҳафта ичида она-болаларга вақтинча бошпана тақдим этди. Бу ерда болаларга нисбатан оддий инсоний ҳамдардлик роль ўйнади, деб ўйлайман. Яна биз кўтарган шовқин-сурон ҳам ёрдам берди.
Сноуденга келсак, уни ҳам вақтинча бошпана олганидан кейингина озод қилишди. Унга адвокат Кучерена маслаҳатлар бериб турди.
Менимча, Сноуден вақтинча бошпана сўраб эмас, балки сиёсий қараши учун таъқибга учрагани туфайли қочқинлик мақоми сўраб мурожаат қилиши лозим эди. Аммо у бизнинг аризачимиз эмас ва ўйлайманки, унинг ҳамма иши жойида бўлади.
Жараён: Ташкилотингиз кўп қочқинларга, шу жумладан, Ўзбекистондан бўлган қочқинларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Айтингчи, бу одамларни ҳимоя қилиш чоғида “Фуқаровий кўмак” ходимлари хоҳ ўзбек расмийлари (махсус хизматлари) томонидан бўлсин, хоҳ Россия расмийлари томонидан бўлсин – бевосита таҳдидларга дуч келганми? Агар шундай бўлса, буларнинг ҳаммаси қайси шаклда рўй берганини марҳамат қилиб айтиб берсангиз.
Светлана Ганнушкина: Ўзбек расмийлари томонидан таҳдидларга дуч келмаганмиз, агар ўзбек махсус хизматлари суд томонидан ҳибсдан озод қилинган ўзбек қочқинларини биздан тортиб олишга уринган пайтдаги кескин қаршиликларни ҳисобга олмасак. Биз Ўзбекистон элчихонаси ходимларини меҳнат муҳожирлари муҳофазасига жалб қилишга уринганмиз, бироқ бунинг уддасидан чиқолмаганмиз. Бошқа айрим элчихоналар билан эса ҳамкорлик қилаяпмиз.
Бизнинг Россия расмийлари билан ўзаро муносабатларимизга мен бу ерда тўхталишни истамасдим, чунки бу алоҳида ва жўн бўлмаган мавзу. Албатта ҳамкорлик қилишга ҳаракат қилаяпмиз, бироқ биз тўлалигича мустақил бўлишга ҳам уринаяпмиз. Аммо, айтиш мумкинки, ўзбеклар билан ишлаётган пайтда бевосита таҳдидларга дуч келган эмасмиз.
Жараён: Интервью учун раҳмат, Ганнушкина хоним.
Интервьюни София ДАВРОНОВА тайёрлади
Fikr bildirish