Ўзбек расмийлари ҳуқуқ фаоли Суръат Икромовнинг мамлакатдан чиқишига тўсқинлик қилмоқда
Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг раиси Суръат Икромов ЕХҲТ тадбирида иштирок этиш учун Истанбулга бора олмади.
Бу ҳақда 23 октябрь куни ҳуқуқ фаолининг ўзи оммавий ахборот воситаларига маълум қилди.
Ҳуқуқ фаолининг айтишича, у Истанбулга ЕХҲТ Демократия ва инсон ҳуқуқлари бюроси лойиҳаси доирасида уюштирилаётган Ҳуқуқ ҳимоячиларини муҳофаза қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқадиган маслаҳат кенгашига иштирок этиш учун бориши керак бўлган.
– Тошкент шаҳар Олмаозор тумани Ички ишлар бўлимининг ходимлари турли баҳоналар билан менга ОВИРнинг чиқиш визасини бермаяпти. Мен визани олиш учун бундан 20 кун аввал ариза топширгандим. Чиқиш визасиз мен Туркияга учиб кетолмадим. Виза бериш бўлимида менга юқоридан қўнғироқ кутишаётганини айтиб, бошқа изоҳ беришгани йўқ, – деди Суръат Икромов.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда барча ички ишлар бўлимларида жойлашган паспорт столлари фуқароларнинг паспортларига икки йиллик муҳлатга стикер (халқ орасида ОВИР визаси дея номланадиган – “Жараён”) ёпиштириб беради.
Қонунга мувофиқ, бундай виза 21 иш куни давомида берилиши лозим. Бу каби визани олиш учун мурожаат қилган ҳамма фуқароларнинг аризалари Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан кўриб чиқилади.
Паспортида рухсат берувчи стикер, яъни ОВИРнинг чиқиш визаси бўлмаган фуқаро мамлакат ташқарисидан узоқ хорижга чиқиб кетолмайди. Ўзбекистон собиқ совет мамлакатлари ичида ўз фуқаролари учун ички визани қўллайдиган ягона республика ҳисобланади.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг раиси Суръат Икромов бундай виза Халқаро ҳуқуқ меёрларига зид эканлигини таъкидлайди.
Эслатиб ўтсак, бундан бир ойча аввал ўзбек расмийлари фуқаролик жамиятининг яна бир вакили – таниқли документалист, Ўзбекистондаги сиёсий вазият ва инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳақидаги қатор танқидий мақолалар муаллифи Абдулазиз Маҳмудовга ҳам чиқиш визасини бермагандилар.
Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон расмийлари кўпинча ҳеч бир сабабсиз номақбул ва ўзгача фикрлайдиган фуқароларга чиқиш визасини бермай келади.
“Жараён” таҳририяти
Fikr bildirish