Холбека Жўраева: Мурод аканинг амнистияга тушишига ҳам ишонмай қолдим
Ўзбекистон қамоқхоналарида энг узоқ муддат қолаётган сиёсий маҳбуслардан бири, парламент собиқ депутати Мурод Жўраевнинг яқинлари унинг Конституция куни муносабати билан эълон қилинажак навбатдаги амнистияга тушишидан ҳам деярли умидларини узиб қўйганлар.
Жорий ой бошларида Чирчиқдаги колонияда сақланаётган Мурод Жўраевни кўриб келган турмуш ўртоғи Холбека опа “Жараён” мухбири билан суҳбатда эрининг қамоқдан чиқишига умид кундан-кунга сўниб бораётганини айтди.
– Мен буни (Мурод аканинг амнистияга тушишини – Жараён) кутмаяпман. Ўтган йили ҳам “8 декабрда 60 ёшга тўлган ҳамма чиқади”, деб гапирилувди. Кўпчилик қўшниларимиз ҳам: “Мана, амнистия ўқилди, 60 ёшга тўлганлар чиқар экан. Мурод ака ҳам 60 ёшга тўлдилар, Худо хоҳласа, келадилар”, деб айтишувди. Лекин у кишининг 60 ёшга тўлганлари ҳам фойда бергани йўқ, – деди Холбека Жўраева.
Суҳбатдошимиз уч ҳафталар муқаддам эридан хабар олиш учун Чирчиққа борганида уни жуда абгор аҳволда кўрганини айтди.
– Олдинлари анча тузук эдилар. Бу сафар жуда оғирлашибдилар. “Давление жуда қийнаяпти”, деяптилар. “Обедгача озгина тузаламану, обеддан кейин давлением жуда кўтарилиб кетаяпти, ҳатто кирпич кўтаришга ярамай қоляпман”, деяптилар. Ўша ерда ғишт заводи бор экан, ўша ерда ишларканлар. Машинага юкласалар керак-да…
Оғизларида биттаям тиш қолмаган. Тиш бўлмаганидан кейин ошқозон ўз-ўзидан оғриркан. Борганимда “Мезим” ва бошқа дорилар олиб боргандим, ўшалар билан овқатлантирдим. Ишқилиб, бу сафар у кишининг ёнларидан жуда ёмон бўлиб қайтдим, – деди кўзига ёш олиб Холбека опа.
Ўн тўққиз йилдан буён Ўзбекистоннинг турли ҳибсхонаю қамоқхоналарида ўтирган “Эрк” партияси фаоли Мурод Жўраев 1994 йилнинг 18 сентябрь куни қўлга олинганди. Ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уринганликда айбланмиш мухолифатчи 1995 йилнинг март ойида 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Кейинчалик – 2003, 2006, 2009 ва 2012 йилларда Мурод Жўраев “тартиббузарлик”да айбланиб, жазо муддати узайтирилган. Қизиғи, бу каби муддат узайтиришлар ҳар сафар мухолифатчи қамоқдан озод бўлишига озгина вақт қолганда амалга ошириларди.
Бундан ташқари, Холбека Жўраеванинг айтишича, “Мурод ака ҳар байрам олдидан бир баҳона билан жазо изоляторига ташланади.
– Ҳар байрамолди албатта изоляторга ташланадилар бу киши. Изоляторга ташланса, амнистияга тушмайдилар. Бунга ўрганиб ҳам қолдим. Биламанки, байрамолди бормаслигим керак, барибир изоляторга ташлайди. Ҳам кўрсатмайдилар, ҳам амнистия бермайдилар, чунки ичкарида “тартибни бузган” ҳисобланади у киши, – деган Холбека Жўраева “Мурод ака билан бирга қамоқда сақланаётган уч-тўрт маротаба судланганлар ҳам амнистияга тушиб, озод бўлиб кетаётганлари”ни қўшимча қилади.
Айни пайтда Холбека опа турмуш ўртоғининг озод қилиниши борасида маҳаллий ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари чақириқлари ҳам ўзбек расмийларининг қалб қулоғига етиб бормаётганини афсус билан таъкидлайди.
Қашқадарёнинг Муборак шаҳрида туғилган ва бир пайтлар бу шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган Мурод Жўраев бу йил 61 ёшга тўлди. Ҳижрий ҳисоб билан пайғамбар ёшига етган мухолифатчи, агар яна “тартиббузарлик”да айбланиб, жазо муддати узайтирилмаса, 2015 йилда озодликка чиқиши керак.
Шокирбек АСАДОВ
Fikr bildirish