Мўътабар Тожибоева: Лара Фабиан қарори диктаторларга қарши курашиш барчанинг иши эканига чақириқ ўлароқ янгради
Бир неча йилдан буён Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳомийлигидаги Фонд Форум томонидан уюштириб келинаётган “Art Week Style.uz” санъат ҳафталигининг бу йилги дастури доирасида россиялик таниқли дирижёр Юрий Башмет ва белгиялик машҳур қўшиқчи Лара Фабиан ўз концертларини беришлари режалаштирилганди.
Юрий Башмет Тошкентда бир кунлик концертини ўтказди, аммо Лара Фабиан 27 октябрь куни “Art Week Style.uz” ҳафталиги доирасида ўтказилиши керак бўлган концертини бекор қилди.
Бундан ташқари, сўнгги ҳафтада Ўзбекистонда Гулнора Каримовага тегишли экани айтиб келинган бир нечта теле ва радио каналлар ёпилгани ҳам маълум бўлди. Бунинг ортидан айрим кузатувчилар Ислом Каримовнинг тўнғич қизи йиллар давомида қурган “бизнес империяси” қулаш арафасида экани ҳақидаги тахминларни айта бошладилар.
“Жараён”га берган интервьюсида қароргоҳи Францияда бўлган “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева таниқли қўшиқчи Лара Фабианнинг Гулнора Каримова тадбирида иштирок этишдан бош тортгани ҳамда Ўзбекистон президентининг тўнғич қизига алоқадор сўнгги хабарларга муносабат билдирди.
Жараён: Мўътабар опа, сизнинг раҳбарлигингиздаги “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти биринчилардан бўлиб россиялик машҳур дирижёр ва мусиқачи Юрий Башмет ҳамда белгиялик таниқли қўшиқчи Лара Фабианнинг Тошкентда, Гулнора Каримованинг “Санъат ҳафталиги Art Week Style.uz” тадбири доирасида ўтказиладиган концертларини бекор қилишга чақирган эди. Шундан сўнг бу чақириққа Франциядаги АСАТ (насронийлар қийноққа қарши ташкилоти) ҳам қўшилди.
Тошкентдаги концертига атиги бир неча кун қолганда Лара Фабиан Фейсбукдаги ўз саҳифасида АСАТ ташкилоти эълон қилган коммюнике орқали Тошкентдаги концерт Ўзбекистон президентининг қизи томонидан ташкил қилинганини билиб қолгани ва шундан сўнг концерт ташкилотчиларига бундай шароитда ишлай олмаслигини билдириб, Каримованинг “Art Week Style.uz санъат ҳафталиги” доирасидаги ўз чиқишини бекор қилганини ёзди.
Сиз Лара Фабианнинг бу қарорини қандай баҳолайсиз? Унинг бу хатти-ҳаракати келажакда катта пул эвазига диктаторлик режимига хизмат қилаётган дунё шоу-бизнеси вакилларига қандайдир ўрнак бўлиши мумкинми?
Мўътабар Тожибоева: Мен машҳур француз қўшиқчиси Лара Фабианнинг диктатор Каримовнинг қизи Гулнора томонидан уюштирилган “Art Week Style.uz-2013” тадбирида иштирок этмаслик қарорини қўллаб-қувватлайман. Чунки Лара Фабиан Юрий Башмет ва шоу-бизнеснинг бошқа вакилларидан фарқли ўлароқ нафақат диктатура режимига хизмат қилишдан бош тортди, балки айнан шу тадбир баҳонасида “Ucell” ва “Beeline-Uzbekistan” мобил алоқа компанияларидан жуда катта миқдорда маблағ ўзлаштириш жиноятига қарши исён қилди, десам адашмаган бўламан.
Диктатура режимлари асосан ўз жиноятларини хаспўшлаш мақсадида жаҳондаги таниқли киноюлдузлар ва турли жамоат арбоблари билан яқинликларини кўз-кўз қилишлари одат тусига кирган. Бундай яқинликни кўз-кўз қилишда Ўзбекистон диктаторининг қизлари Гулнора ва Лола Каримовалар ҳам бир-бирларидан қолишмайдилар.
Лола Каримованинг итальян актрисаси Моника Белуччига Парижнинг Версал саройидаги хайрия зиёфатида иштироки учун гонорар сифатида 190 минг евро тўлаганлиги Франция суди давомида муҳокама қилинган бўлса, Гулнора Каримованинг нафақат ўзбекистонлик тадбиркорлардан, балки хорижлик инвесторлардан ўзлаштираётган маблағларини хаспўшлаш мақсадида таниқли шахсларни Ўзбекистонга таклиф қилишга одатлангани Швеция жамоатчилик телевидениеси вакиллари томонидан тайёрланган фильмда намойиш қилинган.
Тошкентдаги концертдан воз кечиш орқали Лара Фабиан, биринчидан, диктатура режими билан ҳамкорлик қилмаслиги ҳақида бонг уриб, инсон ҳуқуқларига нисбатан эҳтиромни биринчи ўринга қўйишини исботлаган бўлса, иккинчидан, Гулнора билан қўшиқ куйлаб, обрўси тўкилишига сабаб бўлган Жерьар Депардьега тарсаки ургандек бўлди. Депардье, Ник Пауелл сингари шахслар келажакда ҳам диктаторлик режимларининг қўллаб-қувватловчилари сифатида ёдга олинадилар.
Лара Фабианнинг мустабидларга хизмат қилмаслик қарори яна бир бор Ўзбекистонда диктатура режимининг нақадар томир отиб кетганига жамоатчилик эътиборини қаратишга имкон яратди ва бу қарор диктаторларга қарши курашиш барчамизнинг ишимиз эканига чақириқ ўлароқ янгради, деб ҳисоблайман.
Жараён: Гулнора Каримова Твиттердаги саҳифасида қўшиқчи Лара Фабианнинг Тошкентдаги концертларини бекор қилишини “ички кучларнинг инсон ҳуқуқлари учун кураш баҳонасида ўйлаб топган ва амалга оширган фитнаси”, дея баҳолади. Айни пайтда у Фабианнинг концерти бекор қилинишига сабаб бўлган халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларининг баёнотлари ҳақида лом-мим демайди. Сизнингча, Каримованинг бу каби ёндошуви нимадан дарак бериши мумкин?
Мўътабар Тожибоева: Гулнора Каримованинг “ички кучлар” ҳақидаги гапи умуман мантиққа тўғри келмайди. У қисқагина қилиб “ички кучларнинг фитнаси” дейиш билан халқаро ташкилотларнинг инсон ҳуқуқлари бузилиш ҳолатлари бўйича ўз баёнотларида келтириб ўтган мисоллардан кўз юмишга, булар ҳақида гапирмасликка ва бошқалар ҳам буни эсламасликларига эришмоқчи бўлиб, шундай фикрни олға сураяпти, деб ўйлайман. Чунки Лара Фабианнинг бу жиддий қарори нафақат Гулноранинг, балки Ислом Каримовнинг ҳам жиноятларини яна бир бор ёдга солиб, уларнинг муҳокама қилинишига сабаб бўлди.
Гулнора Каримова уюштираётган санъат ҳафталиги 22 октябр куни Юрий Башмет концерти билан очилиши ва 27 октябр куни эса Лара Фабиан концерти билан ёпилиши ҳақида билганимиздан кейиноқ “Жараён” веб-сайти орқали ташкилотимизнинг “Хайрия ёрдами кўринишидаги пора” номланган баёнотини, ундан кейин эса экспертимиз Мурат Раҳимов томонидан тайёрланган “Гулноранинг кузги марафони” номли таҳлилий материални эълон қилдик.
Биз ўз чақириқларимизда Лара Фабиан ва Юрий Башметдан диктатура режими вакиласи ўтказишни режалаган тадбирда қатнашиш ҳақидаги таклифни қабул қилган эканлар, мамлакатдаги сиёсий-иқтисодий вазият қанчалар даражада туназзулга юз тутгани ҳақидаги маълумотлар билан танишиб чиқишни сўрагандик, уларни ватан озодлиги ва демократия тантанаси учун курашгани ва диктатура режимига мухолиф бўлгани боис Ўзбекистон қамоқхоналарида йиллар давомида муттасил қийноқларга дучор қилинаётган инсонлар тақдирига бефарқ бўлмаслик ҳамда ушбу тадбирни бойкот қилиш, мамлакатда инсон ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилаётганига оид баёнотларимизга қўшилишга чақиргандик.
Ушбу материалларнинг инглиз тилидаги версиясини 600 дан ортиқ одамга, шу жумладан, барча ҳамкорларимизга электрон почта орқали тарқатдик. Бундан мақсад Лара Фабиан ва Юрий Башметнинг Гулнора Каримова уюштирган тадбирда иштирок этиш орқали унинг жиноий кирдикорларини қўллаб-қувватлашлари ва пул ювиш жиноятининг бевосита иштирокчисига айланиб қолишларини олдини олишга эришиш эди.
Биз учун халқаро миқёсда нуфузга эга бўлган, Ўзбекистондаги қаттол режимга қарши кескин кураш олиб бораётган ва диктатура режими ҳақида собит фикрга эга бўлган ҳамкорларимизнинг бу ташаббусни дастаклашлари жуда муҳим эди.
Бугунги кунда Гулнора Каримова шоу-бизнес вакилларини мамлакатга таклиф қилиб, ўзи ва отасининг имиджини мустаҳкамлашга асосан хорижлик инвесторларга босим ўтказиш орқали эришаётганини Швеция прокуруратураси ва бошқа текширув органлари исботлаганлар.
Биз Гулнора Каримованинг бу тадбири ҳам Швеция прокуратураси томонидан исботланган пул ювиш операциясининг давоми эканини ўргандик.
Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари муаммоларига жиддий ёндошишини таъкидлаб келаётган TeliaSonera таъсис этмиш Ucell ширкатининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари матбуотда Юрий Башмет концертига бош ҳомий бўлганини очиқдан-очиқ эътироф этиб, ширкатнинг Ўзбекистонда маданият ва санъат ривожига ҳисса қўшаётганидан мамнун эканини яширмади.
Биз матбуот орқали чиқишлар қилиш билан чекланиб қолмасдан, 22 октябрь куни Швеция бош прокурори Anders Perklevга “Коорупцияга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиз” номли баёнот билан мурожаат қилиб, ундан Ucellнинг Гулнора Каримова ўтказаётган “Art Week Style.uz-2013” тадбирига бош ҳомийлардан бири бўлгани юзасидан суриштирув ўтказишни сўрадик.
Швеция бош прокурорининг электрон почтасига жўнатилган хатга ҳали жавоб олганимизча йуқ ва умид қиламизки, ташкилотимизнинг бу баёнотига Швеция ҳуқуқ-тартибот органлари бефарқ қарамайдилар.
Жараён: Сўнгги ҳафтада Гулнора Каримованинг медиа-империяси қарийб фалаж ҳолга келтирилди. Буни айрим кузатувчилар: “Ислом Каримов тўнғич қизининг танобини бироз тортиб қўймоқчи”, дея изоҳладилар. Куни кеча эса Лара Фабиан ўзбек режимини кўз-кўзлаш нияти йўқлиги ҳақида баёнот берди.
Сизнингча, объектив ва субъектив сабабларга кўра юзага келаётган, Ўзбекистон ичкарисида ва хорижда рўбарў келинаётган бу каби муваффақиятсизликлардан Гулнора Каримова керакли хулоса чиқара оладими? Бу хулосалар уни ижобий қадамлар ўзанига солиб юбориши мумкинми ёки аксинча, у аввалгидан ҳам баттар номақбул ишларни амалга оширишга ружу қўярмикин?
Мўътабар Тожибоева: Агар жиддий эътибор бериб қаралса, Гулнора Каримова атрофида содир бўлаётган барча можароларга асосан унинг ўзи сабабчи экани аён бўлади. Лекин мен Гулнора Каримова ўзига танбеҳ бўлаётган воқеалардан етарлича хулоса чиқариб олади, деб ўйламайман.
Мисол учун, отасининг ҳукмронлиги инқирозга юз тута бошлаганини ҳис қилган Лола Каримова-Тиллаева ўзи ва оиласига тегишли бойликларни турли тафтишлардан иҳоталаш мақсадида ББС радиосига интервью бериб, опаси билан 12 йилдан буён гаплашмаслиги ва бошқа муҳим фактларни ошкор қилганидан кейин Гулнора Каримова нафақат синглисининг, балки туққан онасининг ҳам шаънини булғовчи материалларни чоп қила бошлади.
Гулнора Каримова оила аъзолари ҳақида ҳам ошкор этилмаслиги керак бўлган турли гапларни тарқата бошлаганидан кейин Ислом Каримов қизининг танобини тортиб қўйишга қарор қилган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Гулноранинг теле ва радиоканалларидаги, Фонд Форумдаги текширувлар шу қарорнинг ҳосиласи бўлиши мумкин. Лекин текширувчилар Гулнора содир этган жиноятларни аниқланган тақдирда ҳам, уни жиноий жавобгарликка тортишга ҳеч қайси орган раҳбари ўзида журъат топа олмаслиги тайин.
Бу “Гулнора ўзи рўбарў келаётган муваффақиятсизликлардан керакли хулоса чиқариб олмайди, билъакс, олдингидан ҳам баттар номақбул ишларни қилишда давом этиши мумкин” деганидир.
Жараён: Аччиқ тажриба шуни кўрсатаяптики, элини адолат билан бошқармаётган ҳукмдорлар (ва уларнинг яқинлари) иқтидорда бўлган пайтларида “инсофга келинг” қабилидаги чақириқларни беписандлик билан эътиборсиз қолдириб келганлар. Бундай одамлар иқтидордан кетганидан кейин аввалги хатолари учун пушаймон бўлганлари ҳам кўп кузатилган.
Бироқ “сўнгги пушаймон”дан наф йўқлиги ҳаммага маълум. Тасаввур қилайликки (гарчи буни тасаввур қилиш қийин бўлса ҳам), бугунги ўзбек режими бошқа диктаторлик режимлари бошига тушган қора кунлардан ўгит олиб, ўзини ислоҳ қилишга бел боғласа, бу ислоҳотларни нимадан бошлаши керак, биринчи қадамлар нималардан иборат бўлиши керак, деб ўйлайсиз?
Мўътабар Тожибоева: Ўзбекистондаги мавжуд режим ўзини ислоҳ қилишга қарор қилишига умуман ишонмайман.
Бундан бир неча йиллар аввал мен Ислом Каримовнинг ҳар бир чиқишини қайта-қайта тинглардим ва у мамлакат раҳбари сифатида ислоҳотларни амалга ошириш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлайди, коррупцияга ва қонунбузарликларга қарши курашувчи фуқароларни ҳимоя қилади, деб ўйлардим. Лекин бу ишонч пучга чиқиши учун кўп вақт керак бўлмади.
Ислом Каримовнинг оғзидан чиқаётган гапларга ишонгани ва бу гапларни ўзига дастуриламал қилиб олгани учун юзлаган адолатталаб юртдошларимиз мамлакат қамоқхоналарида қийноқ қурбонига айланиб, режим малайлари қўлида хор бўлмоқдалар. Ўзбекистонда ҳукумат сиёсатини қўллаб-қувватлаган ва қонунлар ижросини талаб қилган фуқароларга “давлат сиёсатига қарши сўл куч” деб қараш мавжуд экан, бундай қурбонлар сони ортаверади. Коррупция чуқур илдиз отган мамлакатда ислоҳотларга эришиш жуда ҳам мушкул, деб ўйлайман.
Шунингдек, геополитик манфаатлар бор экан, мамлакатимизда ислоҳотлар бошланишига ишона олмайман. Афсуски, режим бошқа мамлакатлардаги диктаторларнинг инқирозидан ўрнак олиб, мамлакатда вазиятни юмшатиш ўрнига, тобора босимни кучайтириб бормоқда.
Агар замона гардиши айланиб, бугунги режим ислоҳот бошлашга қарор қилгудек бўлса, унда биринчи навбатда Ўзбекистонда адолатли ва эркин сайловлар ўтказишни йўлга қўйиш, фуқароларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг мамлакатдаги ислоҳотларни амалга ошириш ишларида фаол иштирок эта олишларини таъминлаш, мухолифат партиялари фаолиятига йўл бериш, жамиятда инсон ҳуқуқларига нисбатан чинакам ҳурматни шакллантириш, сўз ва фикр эркинлигини таъминлаш, судлов тизими мустақиллигига эришиш, фуқаролик жамиятини барпо қилиш учун шароит яратиш лозим, деб ҳисоблайман.
Шу ўринда мамлакатда қийноқлар систематик кўриниш касб этганини эътироф этиш ва фуқароларга қийноқ қўллаган маъмурий органлар вакилларига нисбатан қаттиқ чоралар қўллаш ҳақида қонунлар қабул қилиш, бугунги кунгача ўтказилган адолатсиз судловларнинг қонунийлигини текшириб чиқиш учун махсус комиссия иш бошлаши ҳам муҳим, деб ўйлайман.
Бу муҳим қадамни қўйишда амалий ёрдам бериши мумкин бўлган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиб, уларнинг эркин фаолият юритишларига йўл очиб берилиши керак, деб ҳисоблайман. Хуллас, Ўзбекистонда аҳволни ўнглаш учун қилиниши лозим бўлган ишлар жуда кўп.
Жараён: Интервью учун раҳмат, Мўътабар опа.
Интервьюни София ДАВРОНОВА тайёрлади
Fikr bildirish