Шу йилнинг июнь ойида ўзбекистонлик муҳожир Ихбол Турдиев бошчилигида қозоғистонлик Бақитжон Муқажанов, Ерлан Мамреевлар ўзлари таъмирдан чиқарган квартирага кириб, икки ёш бола, ҳомиладор аёл ва бир эркакни ўлдирганди.
“Учовлоннинг қилмишини ўта хавфли, деб биламиз. 2013 йилнинг июнь ойида Турдиев ва шериклари Мақатаев кўчасида жойлашган уйга келишган ҳолда боришади. Дазмол шнуридан фойдаланган ҳолда, тўрт одамни ўлдиришади.
Болаларни эса ваннага чўктиришган. Турдиев, Мамреев ва Муқажановлар жиноятини тан олишди. Жиноят қасддан қилинганини эътиборга олиб, судланувчиларга энг олий жазони белгилашни сўрайман”, – деди прокурор.
Давлат қораловчиси судланувчиларнинг мол-мулкини мусодара қилиш орқали жазони қаттиқ режимли колонияда ўташ шарти билан уларга умрбод қамоқ жазоси берилишини сўради.
Турдиевнинг адвокати жиноятни ўта оғир, деб билишини ва жазо белгилашни суд ҳукмига ҳавола қилишини билдирди.
Ўзбекистон фуқароси Ихбол Турдиев бошчилигидаги гуруҳ ўзлари бир йил олдин таъмирдан чиқарган квартирага 2013 йилнинг июн ойида қайтиб келади.
Полициянинг маълум қилишича, жиноятчилар оиланинг ишончига киради ва ҳатто болалари билан биргаликда ўйнашади. Жиноят ташаббускори ўлган аёлнинг эрига таъмирнинг чала қолган жойларини тугатиб қўйишни таклиф қилади. Уй эгасини асбоб олиб келиш учун бозорга юборади.
Уй эгаси кетиши билан аввалига аёлни, кейин унинг Хитой фуқароси бўлган укасини ўлдиришади. Шундан сўнг жиноятчилар 3-7 ёшли болаларни бўғиб, уларни сув билан тўлдирилган ваннага ташлайди. Уй эгаси қайтганида яқинларининг ҳаммасини ўлик ҳолатида топади.
Жиноятчилар пул ва қимматбаҳо буюмлар бор сейфни олиб кетишади. Кўчаларнинг бирида уни очишга ҳаракат қилишаётганда полиция томонидан қўлга олинади.
“Қозоғистон халқидан, элбошидан кечирим сўрайман. Оғир гуноҳ қилдим. Мени кечириб бўлмайди. Судя жаноблари, қилмишимга яраша жазоимни беришингизни сўрайман”, – деган Ихбол Турдиев суд давомида қозоқ тилида.
Сал олдинроқ Бақитжан Муқажанов жиноят содир этганини тан олмаганди. Унинг онаси Тангшолпан Абикаева ўғлининг беайблигини таъкидлаганди.
У ўғлини алдаб, ушбу жиноятга шерик қилишганини билдирган.
Аммо кейинчалик Бақитжан Муқажанов ҳам қотиллик содир этганлигини тан олди.
Судланувчилар “Қотиллик”, “Ўғрилик” ва “Босқинчилик” бандлари бўйича айбланмоқда.
Уйғун ҚЎШНАЗАР
Fikr bildirish