Чунки улар ўзбек халқининг қонини сўриб яшашаяпти: халқнинг бойликлари ва солиқлари эвазига шоҳона ҳаёт кечиришаётгани етмаганидек, халқаро анжуманларга бориб, ёлғон статистик маълумотлар ва мутлақо аҳамиятсиз фикрлар акс этган маърузалари билан жаҳон ҳамжамияти эътиборини чалғитиб келишлари учун ҳам, табиийки, барча харажатлар ўзбек халқи ҳисобидан амалга оширилаяпти.
Бироқ улар оддий халқ манфаатини ҳеч қачон ҳимоя қилмайдилар. Улар аллақачон “Ўзбекистонда ҳеч қандай қийноқ қўлланилмайди, инсон манфаатларини биз ҳурмат қиламиз!” деб жар солишга мослаштирилган зомбига айланганлар.
Турмуш ўртоғим Қаюм Ортиқов 2009 йил 29 январида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси билан ноҳақ айбланиб, олти йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Тўққиз ой давомида 1-тергов изоляторида (Тоштурмада) турмуш ўртоғимни Британия жосуси эканлиги ҳақидаги ёлғон кўрсатмалар олиш мақсадида қийнаб, яқинлари билан учрашишга ҳам рухсат беришмади.
2009 йилнинг май ойи бошларида адвокат орқали унга нисбатан қийноқ қўлланилаётганини билганимдан сўнг ёрдам сўраб, президент Ислом Каримов номига ва Бош прокуратурага телеграмма жўнатдим.
Ўзбекистон прокуратурасининг белгилаган схемасига мувофиқ, бу телеграмма ўрганиш учун Тошкент шаҳар прокуратурасига юборилган. Шаҳар прокуратураси, ўз навбатида, масалага ойдинлик киритиш учун Тоштурмага вакил жўнатган.
Турмуш ўртоғим қамоқдан чиққанидан кейин хотирлашига кўра, уни прокуратура вакили олдига икки милиция ходими судраб олиб чиққан, чунки эрим оғир қийноқлар натижасида мутлақо ҳолдан тойган, бунинг устига, чотини куйдиришгани сабабли “2-даражали куйиш” ташхиси билан тўшакдан туролмай ётган.
Вакил эримга уни қийнашаётганлиги ҳақидаги телеграмма бўйича келганлигини айтган. Табиийки, у Қаюм Ортиқовнинг аҳволини ўз кўзлари билан кўрган. Шунга қарамасдан, ундан: “Сени қийнашаяптими?” деб сўраган ва натижада эрим Тоштурманинг МХХ буйича бошлиқ ўринбосари Фарҳод бошчилигида Бош прокуратура учун махсус бланкда “менга нисбатан қийноқлар қўлланилмаяпти” деган мазмунда тушунтириш хати ёзишга мажбурланган.
Шаҳар прокуратурасидан М.Х.Обидов имзоси билан 2009 йил 29 майидаги 17/63- 2009 рақамли жавоб хати олдим. Унда ёзилишича, Қаюм Ортиқовнинг жинояти суд давомида тўлиқ исботланган ва тўғри малакаланган. Яқинларига жиноятчи сифатида кўринишни хоҳламаган Ортиқов учрашувдан ўзи воз кечган. Қийноқлар ҳақида эса бирон–бир сўз ёзилмаган.
Бу хатдан кейин Ўзбекистонда ҳар қандай айбсиз одамни қамаб, энг разил қийноқ турларини қўллаб, қилмаган жиноятига иқрор қилдириш одатий ҳолга айланганини ва агар хоҳласалар, “қилган жиноятидан афсусланиб, ўз жонига қасд қилди” деган илова билан ўлдириб юборишлари мумкинлигини тушуниб етдим. Бу хат мен учун ўзбек ҳукуматининг ўта даҳшатли, аммо ҳаққоний юзини очиб берди!
Икки йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президентига, Вазирлар Маҳкамасига, Миллий хавфсизлик хизматига, Бош прокурорга, Адлия вазирига, Ички ишлар вазирига, Олий судга, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га, Қонунчилик палатасига, Жазони ижро этиш бош бошқармасига Қаюм Ортиқов иши бўйича қилган мурожаатларимга ўттиздан ортиқ жавоб хати олдим (бу хатлар ичида шахсан А.Саидов имзолаган хат ҳам бор).
Аммо уларнинг барчасида Ортиқовнинг жинояти қонуний малакаланганлиги ҳақида қайта-қайта такрорлашдан чарчашмаган. Қийноқлар ҳақида эса ҳеч ким гапиришни ҳам, эслашни ҳам ўзига эп курмаган.
Тўққиз ой давомида турмуш ўртоғимни кўриш илинжида ҳафтасига уч марталаб Тоштурмага қатнадим. Навоий шаҳридаги 64/29-жазони ижро этиш муассасига эса ҳар уч ойда узоқ муддатли учрашувга борар эдим.
Ҳар сафар борганимда қамоқхона эшигида навбат кутаётган юзлаб одамларни кўрдим, ўнлаб одамлар билан гаплашдим, уларнинг тақдири билан қизиқдим. Кимнингдир акаси ё укаси, турмуш ўртоғи, опаси, синглиси, отаси ёки онаси, фарзанди қамоқда. Энг ачинарлиси, уларнинг 90 фоизи (балки ундан ҳам кўпдир) ноҳақ қамалган эди.
Узоқ муддатли учрашув уч суткага берилиши қонунда кўрсатилган, бироқ бирор марта ҳам тўлиқ уч кунга рухсат беришганини кўрмадим. Ҳар доим навбатда турганлар кўплигини баҳона қилиб, икки кунга, ҳатто бор-йўғи бир кунга рухсат беришарди.
Ҳақиқатан ҳам навбатда турганлар жуда кўп эди, гўё ўзбек халқининг ярми қамоқдадек. Баъзилар эса ҳеч қандай маиший шароитсиз хоналарда ҳафталаб навбат кутишга мажбур бўлишарди.
Ўзбек қамоқхоналарида маҳбуслар сони кўпайса кўпайганки, асло камаймаган. Ноҳақлик ва қийноқлар фақат менинг оиламнинг дарди эмас, бу – минглаб эзилган, таҳқирланган, хўрланган ўзбек оилаларининг дарди!
Биз “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти кўмагида БМТга топширган қийноқлар ҳақидаги шикоятимизда қийноқ қўлловчилар ва уларга кўмак берувчилар ҳақида хабардор бўла туриб, олдини олмаган ва айбдорларга қонуний чоралар кўришга ҳаракат қилмаган Акмал Саидов, Сайёра Рашидова сингари ҳар бир амалдорни ҳам қийноқ қўлловчилар рўйхатига киритганмиз.
Биз Қаюм Ортиқовни қийноққа солинишида иштироки бўлган кимсаларга нисбатан келажакда Европа давлатларига киритмаслик ҳақида санкция қўллаш талаби билан керакли органларга мурожаат қилишни ҳам режалаганмиз.
Биз – қийноқ қурбони Қаюм Ортиқов ва унинг оиласи Ўзбекистондаги қийноқларга чек қўйиш ва ҳукуматнинг ёлғонларини фош қилишга бел боғлаганмиз.
Қачонки, қийноқ қурбонларининг ўзлари гапирарканлар ва исбот-далилларни нуфузли органларга ҳуқуқий баҳо бериш учун топширар эканлар, Ўзбекистон ҳукуматининг жиноий сиёсатини қўллаб, жаҳон ҳамжамияти олдида ёлғон гапиришдан ор қилмайдиган Акмал Саидовга ўхшаган кимсалар жазавага тушиб, бақир-чақир билан томоша кўрсатишдек аянчли аҳволга тушиб қоладилар ва бу билан Ўзбекистон ҳукуматининг ҳақиқий юзини бутун дунёга ошкор этиб қўйишганини ҳатто сезмайдилар ҳам.
Ҳақиқат олдида фақат ҳақ бўлганларгина мардона тура олади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ҳукуматидан зулм кўрган ва кўраётган қийноқ қурбонларини тинимсиз бонг уришга ва қийноқларга қарши муросасиз курашга чорлайман.
Моҳира ОРТИҚОВА
Fikr bildirish