Солижон Абдураҳмонов жазо изоляторидан чиқарилди

Ўн йилга озодликдан маҳрум қилинган қорақалпоғистонлик мустақил журналист Солижон Абдураҳмаоновнинг турмуш ўртоғи эрининг ёзган шикоят аризалари юқори инстанцияларга етиб бормаётганидан нолимоқда.

Солижон Абдураҳмонов жазо изоляторидан озод қилингани ҳақида “Жараён”га телефон орқали унинг турмуш ўртоғи Шукуржон опа маълум қилди. Аммо аёлнинг айтишича, учрашув чоғида журналист ўзининг жазо изоляторига жойлаштирилгани сабаблари ҳақида гапиришни истамаган.

– Солижон ака жазо изоляторидан чиқарилган куннинг эртасигаёқ менга у билан қисқа муддатли учрашув беришди. Эрим билан учрашгач, мен биринчи навбатда уни нима сабабдан жазо изоляторига қўйишгани сабабларини сўрай бошладим. Аммо у дарров гапни бошқа ёққа бурди. Менимча, у оқибатларидан хавотирланди. Чунки бу мавзу ҳаммага ошкор бўлса, қамоқхона раҳбарияти уни кечирмасди, – деди Шукуржон Абдураҳмонова.

Шукуржон опанинг айтишича, турмуш ўртоғи билан учрашув пайтида журналист асосан юқори инстанцияларга ёзган шикоят аризаларига жавоб ололмаётгани ҳақида гапирган.

– Ўтган йили эрим Қорақалпоғистон Олий судига ёзганди. Унда ўн беш пунктдан иборат бўлган ҳамда тергов тадбирлари ва ундан сўнг Солижон акага нисбатан амалга оширилган қонунбузарликлар келтирилганди.

Бироқ бу шикоят аризаси қамоқхонадан чиқарилмади. Аммо мен бир иложини қилиб, ўша аризани олиб чиқдим ва унга ўзимнинг аризамни илова қилиб, Ўзбекистон республикаси президент аппарати, Бош прокуратураси, Омбудсмани, Қизил Хоч ва БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонасига йўлладим. Қизил Хочда аризамни қабул қилишмади,

БМТ ваколатхонасида эса уларнинг бош офислари Женевада эканини айтишди. Солижон ака қамалган илк кундан бери мен қўл қовуштириб ўтирганим йўқ, ҳар доим қаергадир мурожаат қилганман. Аммо юқори инстанциялардан доим бир хил жавоб олганман. Улар менга жиноят тасдиғини топган, сиз келтирган важлар тасдиғини топмаган, дея ёзишади, – дейди нолиб Солижон Абдураҳмоновнинг турмуш ўртоғи Шукуржон опа.

Солижон Абдураҳмонов шикоят аризалари юқори инстанцияларгача етиб бормаётган ёки амалдорлар томонидан бефарқ қолдирилаётган ягона сиёсий маҳбус эмас.

Аввалроқ “Жараён” беш йилдан буён қамоқда қолаётган тошкентлик ҳуқуқ фаоли Ағзам Турғунов ҳам қамоқхонадан суд органлари, прокуратура, Омбудсманга жўнатган ёзма шикоятларига жавоб ололмаётганидан нолигани ҳақида бир неча маротаба ёзганди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 октябрь куни мустақил журналист Солижон Абдураҳмонов соғлиғи ёмонлашгани туфайли Қаршидаги 64/51-колониясидан Тошкентдаги УЯ 64/18-қамоқхона шифохонасига (бу жой эл орасида “Сангород” деб аталади) кўчирилганди. Бироқ 17 октябрь куни “Сангород” маъмурияти журналистни кўргани келган қариндошларига Солижон Абдураҳмонов 15 суткага жазо изоляторига ташлангани ва 1 ноябргача ўша ерда бўлишини айтган.

Кузатувчилар ўзбек расмийлари Солижон Абдураҳмонов каби сиёсий маҳбусларни ҳам руҳан, ҳам жисмонан синдириш мақсадида уларни гўё “қамоқхона ички тартибини бузганлик” айби билан жазо изоляторига тиқиб туришларини бот-бот такрорлаб келишади.

Абдураҳмоновнинг маҳаллий ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлардаги ҳамкасблари унинг жазо изоляторига ташланиши журналистнинг соғлиғига жиддий зарар етказиши мумкинлиги, чунки айни пайтда ошқозон яраси дардини тортаётган журналист жиддий жарроҳлик амалиётини бошдан кечириши зарурлигини таъкидлаб келишмоқда.

Солижон Абдураҳмонов 2008 йили Қорақалпоғистон мухтор республикаси пойтахти Нукус шаҳрида йирик миқдорда гиёҳванд модда сақлаганлик ва тарқатганликда айбланиб, қўлга олинганди. Маҳкама чоғида Абдураҳмоновнинг айби исбот этилмаганига қарамай, ўзбек суди уни 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.

Солижон Абдураҳмонов жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга мактуб йўлламиш америкалик 12 сенатор ҳимоя қилиб чиққан уч нафар сиёсий маҳбуснинг бири ҳисобланади.

Мубина САФАРОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.