Дунё мусулмонлари Наталья Войтенкова ҳимоясига чиқди

Видеоролик тарқатганлиги учун беш йилга озодликдан маҳрум қилинган қозоғистонлик Наталья Войтенкова ҳимояси учун Интернет тармоғида акция бошланди.

Youtube порталига видеоролик жойлаштиргани учун жорий йилнинг октябрь ойида беш йилга озодликдан маҳрум қилинган қозоғистонлик муслима Наталья Войтенкова ҳимоясига яқинда глобал тармоқ орқали акция бошланди.

Ушбу акциянинг асосий иштирокчилари дунёнинг турли мамлакатларидаги мусулмонлар бўлиб, уларнинг орасида ҳуқуқ фаоллари, ёзувчилар ҳамда жамоат арбоблари ҳам бор. Акция ташкилотчилари ҳар бир иштирокчининг Қозоғистон расмийларига Наталья Войтенковани қамоқдан озод қилиш чақириғи ёзилган плакатни ушлаб турган ҳолдаги суратини Фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифага жойлаштирганлар.

“Наталья Войтенковани қўллаб ўтказаётган акциямиз унинг озод қилинишига ёрдам берадими? Очиғини айтаман: “Мен буни билмайман, аммо шундай бўлишини Оллоҳдан тилаб қоламан”.

Бироқ биз сиз билан эришган натижаларимиз ҳақида гапирадиган бўлсак, дунёдаги минглаб мусулмонлар ўз она тилларида олийҳиммат синглимизга ўзларининг далда нутқларини билдирдилар, айбсиз муслиманинг зудлик билан озод қилинишини талаб қилиб, ўз фикрларини фотосуратлари ва видеороликлари орқали етказишга ҳаракат қилдилар”, деб ёзадилар ўзларининг Фейсбукдаги саҳифаларида акция ташкилотчилари.

Улар Наталья Войтенковага нисбатан жиноий иш очилишига сабаб бўлган иккита видеороликни холис таҳлил қилиб бериши мумкин бўлган мустақил экспертларни ҳам топганларини маълум қиладилар.

“Бироқ ҳамма бало шундаки, биз ҳукм нусхасини қўлга кирита олмаяпмиз, Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари ҳеч ким уларнинг жиноятларини фош қилолмаслиги учун қўлдан келган барча ишни қилишаяпти”, дея ёзади акция ташкилотчилари.

Наталья Войтенкова жорий йилнинг апрель ойида Интернетга қамоқдаги турмуш ўртоғи Рафис Галиуллинга нисбатан қийноқлар қўлланилгани ҳақида гапирган видеомурожаатини жойлагач, Қозоғистон махфий хизматлари таъқибига учраганди. Натальянинг эри Қозоғистонда фаолияти таъқиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” партиясининг аъзоси бўлгани учун етти йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Қозоқ махфий хизматларига кўра, остоналик 33 ёшли Наталья Войтенкова Youtube порталига видеороликни жойлаштириш орқали экстремизм ғояларини тарғиб қилган.

Жорий йилнинг 12 октябрь куни Остона шаҳрининг Сариарқа туман суди Войтенковани айбдор деб топиб, умумий режимдаги аҳлоқни тузатиш колониясида жазони ўташ шарти билан беш йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарганди.

Ҳукм ўқилгач, Наталья Войтенкованинг уч нафар вояга етмаган фарзанди унинг қариндошлари қарамоғида қолди. Шу кунда аёлнинг қариндошлари оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мулоқотдан бош тортмоқдалар.

“Жараён” мухбири Остонадаги тергов ҳибсхонасида сақланаётган муслиманинг ҳозирги вазияти ҳақида бирор маълумот ололгани йўқ. Шу билан бирга, Войтенкованинг қариндошлари бизга уни ҳимоя қилиш учун ўзлари ёллаган янги адвокатнинг телефон рақамларини беришдан ҳам бош тортдилар.

– Йўқ, биз адвокатнинг телефон рақамини бера олмаймиз, бизга бу интернетларингнинг кераги йўқ энди. Шу деб у беш йилга кесилиб кетди. Биз ҳаммасини ўзимиз ҳал қиламиз, – деди 6 ноябрь куни телефон орқали “Жараён” журналистига Наталья Войтенкованинг синглиси Анастасия.

“Жараён” Наталья Войтенкованинг яқин дугонаси Евгения билан боғланишга муваффақ бўлди. Ўз сўзида Евгения Натальянинг қариндошлари ўзларидан қўрқиб қолганлари, шунинг учун ҳеч ким билан гаплашишни истамаётганларини маълум қилди. Евгения бизга фақат Натальяни ҳимоя қилаётган адвокатнинг фамилиясини айтди, холос.

– Адвокат аёл киши, унинг фамилияси Демидова. Мен сизга бошқа маълумот беролмайман, чунки ўзим ҳам адвокат билан алоқа ўрнатишга оид маълумотларни билмайман, – деди Евгения.

Наталья Войтенкова ҳимоясига ўтказилаётган акция ташкилотчиларининг ёзишича, қамоқдаги муслима қозоқ махфий хизматларининг босими остида қолмоқда.

“Натальянинг қариндошлари синглимизнинг ҳимояси ҳақида ҳеч ким билан гаплашишни исташмаяпти ва ҳатто унинг адвокати номерини ҳам беришни хоҳлашмаяпти. Менга маълум бўлишича, КНБ (Комитет национальной безопасности ёки Миллий хавфсизлик қўмитаси – Жараён) ходимлари уни бевосита ўзлари ва адвокат орқали, агар у террорчилик ва экстремизм тарғиботини тан олиб, тавба қилса, уни қўйиб юборишларини айтиб, озодлик ва болалари билан шантаж қилмоқдалар”, дея ёзади ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Войтенкова ҳимоясига ташкил қилинган акция ташкилотчиларидан бири Тагир Минибаев.

“Жараён” Наталья Войтенкова тақдирига оид воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Мубина САФАРОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.