Бу борада баёнот тарқатган “Эзгулик” жамиятига кўра, бир гуруҳ милиция ходимлари ва ўзларини Сирдарё вилояти суд-ижро департаменти ходимлари деб таништирган шахслар томонидан уюштирилган ўзига хос босқин оқибатида ҳуқуқ фаолининг ўғли Беҳзод Ризаев тан жароҳати олган, рафиқаси эса тез-тиббий ёрдам машинасида қон босими билан шифохонага олиб кетилган.
“Инсонийлик қиёфасини йўқотган, топшириқ билан келишганини яширмаётган суд ижрочилари ва миршаблар ҳуқуқ ҳимоячисининг 19 кунлик невараси сақланаётган хонага киришиб, бақир-чақир билан DVD плеер, эски телевизорни олиб чиқиб кетишди. Сўнгра совутгич, оғилхонадаги молга ҳамла қилишди.
Исроил Ризаевнинг ўзини эса “пичоқ билан ҳамла қилди” мазмунидаги далолатнома билан олиб кетишга, қамашга уринишди. Қўни-қўшниларнинг ёрдами ва бевосита кўмаги билан ижрочилар ниятига етиша олмади”, дейилади “Эзгулик” баёнотида.
Маълум бўлишича, “Эзгулик” фаоли Исроил Ризаев шу йилнинг 22 апрель куни сиртдан (!) Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 239-моддасида (Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятни амалга ошириш тартибини бузиши) назарда тутилган қонунбузарликни содир этганликда айбланиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 70 баравари (5 571 300 сўм – 2800 АҚШ доллари атрофида) миқдорида жарима билан жазоланган.
Суд ижроси у ишлаётган Мирзаобод туманидаги 9-сонли ўрта умумтаълим мактабига, унинг ойлик маошининг 50 фоизига қаратилган. Аммо ижрочиларнинг қарори тўсатдан ўзгариб, ҳуқуқ фаолига янгитдан ҳужум бошлаб қолишди.
“…суд ижрочиларнинг босқини, этика ва инсонийлик нормаларига амал қилмаслиги тўғридан-тўғри ҳуқуқ ҳимоячисига нисбатан таъқибдир. Аксинча, тасаввур қилинг, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг ҳукми билан бир неча миллиард сўмга жарима қилинган Ўзбекистон Бош вазирининг собиқ ўринбосари Рустам Юнусов, Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Козим Тўлаганов, Президентнинг собиқ Давлат маслаҳатчиси Исмоил Жўрабековлар хонадонига ҳам шундай ҳужумлар уюштирилиши мумкинми?!”, дейди “Эзгулик” фаоллари.
“Жараён” нашри Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг энг фаол вакилларидан бири Исроил Ризаевга нисбатан амалга оширилаётган тазйиқ ва таъқиблар борасида бир қанча материаллар эълон қилган. Айни пайтда “Эзгулик” фаоли мисолида “Ўтюраклар” клуби раҳбари Мўътабар Тожибоева халқаро ташкилотлар ва тузилмаларни Ўзбекистон ичкарисида қолаётган оз сонли ҳуқуқ фаоллари ҳимоя қилишда сергак бўлишга ундамоқда.
Fikr bildirish