Елена Рябинина: Ўзбекистонда мусулмонларни таъқиб қилиш борган сари кескин тус олмоқда
Сўнгги йиллар давомида Россияга келаётган қочқинлар сони сезиларли даражада кўпайди.
Булар Афғонистон, Миср, Сурия ва Марказий Осиёдан бўлган қочқинлардир.
“Жараён”га берган интервьюсида россиялик таниқли ҳуқуқ фаоли, Инсон ҳуқуқлари институтининг “Бошпана олиш ҳуқуқи” дастури раҳбари Елена Рябинина Россиядан бошпана излаётган инсонлар ва улар бу мамлакатда дуч келаётган муаммолар ҳақида гапирди.
Жараён: Рябинина хоним, сўнгги бир неча йил давомида Сиз қочқинлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келаяпсиз ва бу қочқинларнинг катта қисми Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган кишилардир. Маълумки, Сизнинг саъй-ҳаракатларингиз билан ватанида қамоқ ва қийноқлар таҳдид солиб турган бир неча ўзбек қочқинининг Россиядан экстрадицияси тўхтатиб қолинди.
Сўнгги пайтларда Россиядан бошпана сўраган АҚШ махфий хизматларининг собиқ ходими Эдвард Сноуден иши атрофида ҳам кўп шов-шув бўлди.
Марҳамат қилиб айтингчи, бугунги кунда Сноудендан ташқари Россиядан кимлар бошпана сўраяпти ва уларнинг бу мамлакатдаги тақдири қандай кечмоқда?
Елена Рябинина: Инсон ҳуқуқлари институтининг мен юритаётган “Бошпана олиш ҳуқуқи” дастури Марказий Осиё мамлакатларидан ва фақат ўша ердан келган қочқинларгагина ҳуқуқий кўмак кўрсатиш билан шуғулланади, чунки бу дастуримизнинг ўзига хос хусусиятидир. Бу “барча билимларни билиш” имконияти йўқлиги билан боғлиқ, қочқинлар билан ишлаш эса аризачи келган мамлакат ҳақида мамлакатшуносликка оид яхшигина маълумотга эга бўлишни талаб қилади.
Ҳақиқатан ҳам уларнинг кўпини сиёсийлаштирилган таъқиб ва қийноқ таҳдид солиб турган ўз юртига мажбурий қайтариб юборилишидан ҳимоя қилишнинг уддасидан чиқаяпмиз. Сўнгги тўрт йил давомида биз экстрадиция мақсадида ҳибсга олинган элликка яқин кишини озод қилишга муваффақ бўлдик, аммо бу ҳар бир ҳолатда ҳам якуний муваффақиятга эришганимизни англатмайди – қатор ишлар бўйича ҳали кўп иш бор, вазият тез ўзгармоқда ва, афсуски, у ҳар доим ҳам яхши томонга ўзгараётгани йўқ.
“Сноуден”дан ташқари Россиядан бошпана излаётган кишиларга келсак (буни киноя аралаш айтаяпман, чунки Сноуден, шак-шубҳасиз, сиёсий қочқиндир, аммо унинг иши энг характерли иш эмас), бу ерда турли хил тоифалар бор. Булар – Афғонистондан болалигида олиб чиқиб кетилган ва туғилган юрти билан ҳар қандай алоқани йўқотган, муаммолари ҳалиям ҳал қилинмаган афғон қочқинларидир.
Булар – ватанида диний қарашлари туфайли таъқибга учраб, Мисрдан яқинда келган қочқинлар (қибтийлар) оқимидир. Булар – ватанига қайтиш ўлим билан тенг бўлган суриялик қочқинлардир. Ва албатта, менинг васийлигимдаги кишилар – постсовет Марказий Осиёсидан, биринчи навбатда, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан бўлган қочқинлардир.
Жараён: Яқинда Москвадаги “Домодедово” аэропорти чегарачилари андижонлик қочқин аёл Зулхумор Алижонова ва унинг вояга етмаган тўрт нафар боласини Россиядан Бишкекка куч билан экстрадиция қилмоқчи бўлдилар. Бир ҳафта давомида ёш она ва унинг фарзандлари аввал полиция бўлими, сўнг эса аэропортнинг депортация қилиш ҳудудида жуда оғир шароитда яшаб турдилар.
“Домодедово” ходимлари Зулхуморга жомадонидан иссиқ кийимларни, шунингдек, болалар ёпиниб ётиши учун адёлни ҳам олишга рухсат беришмади. Натижада бу аёлнинг кенжаси атиги уч ёшда бўлган тўрт нафар фарзанди тунда битта адёлни ёпиб ётишга мажбур бўлганлар.
Фақат россиялик ҳуқуқ фаолларининг саъй-ҳаракатлари туфайлигина аэропорт чегарачилари бу оилани таъқиб қилишни бас қилиб, уларнинг Россия ҳудудига киришига изн берганлар.
Бироқ Эдвард Сноуден билан боғлиқ вазиятда Россия расмийлари бирор-бир мамлакат бошпана бермагунича у “Шереметьево” аэропортида қолиши мумкинлигини билдиргандилар.
Нима деб ўйлайсиз, нега Россия бир тоифа қочқинларни ўз ҳудудида “қучоқ очиб” қабул қилади, бошқа тоифадагиларни эса, уларнинг вазияти оғирлигига қарамай, куч ишлатган ҳолда, ўз ҳудудидан бадарға қилади?
Елена Рябинина: Зулхумор Алижонова ишида гап экстрадиция ҳақида эмас (экстрадиция – бу инсонни жиноий таъқиб қилаётган давлат сўровига кўра бериб юбориш), балки уни Россия ҳудудига киритмаслик, демакки, кейинчалик депортация қилиш ҳақида кетган. Хайриятки, ҳамкасбларимиз воқеа ривожи бундай бўлишига йўл қўймадилар.
Сноуден ҳақиқатан ҳам қучоқ очиб кутиб олингани, Россиядаги аксар қочқинлар эса бошпана олиш бўйича ҳеч қанақа имкониятга эмаслиги масаласига келсак – бу ерда, менимча, ҳаммаси равшан. Гарчи БМТнинг 1951 йилда қабул қилинган “Қочқинлар мақоми тўғрисида”ги конвенцияси бошпана беришни мутлақо инсонпарварлик акти ҳисоблаб, буни бир мамлакатнинг иккинчи бир мамлакатга нисбатан дўстона бўлмаган қадами сифатида қабул қилмасликни назарда тутса-да, Россияда бу масалалар ечилишида барибир геосиёсий манфаатлар ҳал қилувчи роль ўйнайди.
Жараён: Рябинина хоним, кузатувчилар сўнгги йилларда кўплаб ўзбекистонликлар турли сабабларга кўра мамлакатни тарк этаётганларини қайд этадилар. Улар орасида кўпчилик қўшни мамлакатлардан, асосан Россиядан бошпана сўраяпти.
Сиз бундай маълумотларни тўғри, деб биласизми? Агар жавобингиз ижобий бўлса, унда бу кишилар қайси тоифага киради, улар қандай сабабларга кўра Ўзбекистонни тарк этиб, Россияга келмоқдалар?
Елена Рябинина: Ўзбекистондан келаётган қочқинлар оқими, йўқ деганда, сўнгги ўн йил ичида ҳечам тўхтагани йўқ – уларнинг интенсивлиги ўзгариб турди, бироқ доим келаётган қочқинлар сони кўплигича қолаверди. Одамлар ўз ватанида дуч келаётган таъқиблар сабабли бошпана излашга мажбур бўлаяптилар. Турли даврда бу каби таъқиблар сабаби турлича бўлган ва олд планга чиққан.
Масалан, 2004 йил охирида ўша пайтдаги парламент сайловлари чоғида қатағонларнинг фаоллашгани сабабли мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлган “классик” сиёсий қочқинлар – мухолифатчилар ва ҳуқуқ фаоллари кўп эди.
2005 йили – Андижон воқеаси содир бўлди, бунга изоҳ бериш ортиқча. Айтиш жоизки, бу қочқинлар оқими кейинги бир неча йил давомида секин-аста сусайса-да, тугаб битгани йўқ.
2009 йили эса қочқинларнинг янги оқимини вужудга келди – Хонабоддаги террор ҳужумлари ва ўша йилнинг ёзида Ўзбекистонда содир бўлган бир нечта шов-шувли суиқасдлардан кейин расмийлар мусулмонларни таъқиб қилишни кучайтириб юбордилар. Ўн беш йилдан ортиқроқ вақт мобайнида давом этаётган бу қатағон жараёни сусайиш ўрнига, аксинча, борган сари мутлоқ бемаънилик даражасидаги кескин тусга эга бўлиб бораяпти.
Жараён: Россия расмийлари томонидан қочқинлар, хусусан, Ўзбекистондан келган кишиларга нисбатан қандай халқаро мажбурият ва конвенциялар бузилаяпти?
Елена Рябинина: Бунақа ҳолатлар кўп ва бу нафақат ўзбек, балки камроқ миқдорда тожик ва қирғиз қочқинларига ҳам дахлдордир. Санаб ўтаман:
БМТ Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенциясининг 3-моддаси, Қийноқлар ва бошқа аёвсиз, ғайриинсоний ёки инсон шаънини таҳқирловчи муносабатлар ва жазоларга қарши конвенциясининг 3-моддаси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пактнинг 7-моддаси – бу меъёрларнинг барчаси қийноқларни ва, демакки, инсонларнинг улар таъқиқланган муносабатга дучор қилинишлари мумкин бўлган шароитга мажбуран қайтарилишини мутлақо маън қилади.
Бундан ташқари, сиёсий сабаблар ҳамда этник ёки диний мансубияти туфайли жиноий таъқибга учраган кишиларни ўз юртига топширишни таъқиқлайдиган Одамларни бериб юбориш тўғрисидаги Европа конвенциясининг 3-моддаси мунтазам равишда бузиб келинмоқда.
Ва ниҳоят, бошпана изловчиларни уларнинг илтимосномаларини кўриб чиқиш жараёни тугамагунча, шу жумладан, улар иши бўйича салбий қарорлар юзасидан қайта шикоятлари кўриб чиқилиши даврида ҳам, уларни келиб чиқиш мамлакатига мажбурий қайтариб юборишни маън қиладиган БМТ “Қочқинлар мақоми тўғрисида”ги конвенциясининг 33-моддаси.
Жараён: Сўнгги йилларда Россия ҳудудидан ўзбек қочқинлари ғойиб бўла бошлади. Кейинчалик улар Ўзбекистонда ҳибсда сақланаётганлари маълум бўлди. Сизнингча, ўзбек қочқинларининг Россия ҳудудида йўқолиб қолишида маҳаллий махфий хизматларнинг роли борми ва ҳуқуқ фаоллари, адвокатлар бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун нима қилишлари мумкин?
Елена Рябинина: Мен ўғирланиш таҳдиди нафақат ўзбек қочқинларига тегишли экани, балки тожик диндорлари ҳам ана шундай хавф-хатар остида яшаётганларига урғу бермоқчи эдим. Мен Россия махфий хизматларининг бундай ўғирланишларга алоқадор эканидан мутлақо шубҳаланмайман – инсонни бирор-бир ҳужжатсиз самолётда мамлакатдан олиб чиқиш кетиш мумкин эмас, гарчи ўғирланган қочқинларнинг кўпчилигида чегарани кесиб ўтиш учун рухсат берувчи ҳужжат бўлмаса-да, барча ўғирланишлар айнан самолёт орқали амалга оширилган.
Европа суди одамлар ана шундай тарзда “ғойиб бўлгач”, Ўзбекистонда ёки Тожикистонда ҳибсда сақланаётгани маълум бўлганидан сўнг, бунга Россиянинг алоқаси бўлганига оид олтита ҳолатни аниқлади. Бу каби қарорларнинг охиргиси 7 ноябрь куни чиқарилди, бир ҳафтадан сўнг эса яна битта шундай қарор чиқиши кутилмоқда. Ҳамма ҳолатларда Страсбург суди бошпана изловчининг Россия ҳудудидан унга қийноқ таҳдид қилиб турган мамлакатга мажбурий кўчирилиши россиялик расмийларнинг “пассив ёки актив иштирокида” амалга оширилганини қайд этди.
Ўғирланишларга, биринчи навбатда, Европа судига ариза топширганлар, Страсбург мамлакатдан чиқариб юбориш ёки топширишни тўхтатиб қўйган ёки мутлақо маън қилган кишилар дуч келмоқдалар. Бу тушунарли – бошқа исталган кишини бемалол мамлакатдан чиқариб юбориш ёки депортация қилиш мумкин (юридик жиҳатдан барибир булар бошқа-бошқа жараёнлардир), самолётда эса у, аниқки, ўзбек ёки тожик махфий хизматларининг қўриқчилари назорати остида олиб кетилади.
Страсбург ҳимоясида бўлган ариза берувчиларга келсак – уларнинг бериб юборилишини талаб қилаётган мамлакатга жўнатишнинг ҳеч қандай қонуний, қонунийга ўхшаган ва ҳатто ярим қонуний йўллари ҳам мавжуд эмас. Шу сабабдан бизнинг “шавкатли қаҳрамонларимиз”, нима қилиб бўлса ҳам, кишини кўпинча унга нисбатан сиёсий сабабларга кўра жиноий иш очиш учун талаб қилаётган мамлакатга бериб юбориш йўлида жонини жабборга бераяптилар.
Буни бартараф қилиш учун нималар қилишимиз мумкинлигига келсак, биз оз бўлса-да, бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун нималардир қилишимиз мумкин, акс ҳолда, бундай ишлар анча кўпроқ бўларди.
Жорий йилнинг апрель ойида Страсбург ўғирлаб кетишларга оид (ариза берувчи Тожикистонга ноқонуний йўл билан олиб чиқиб кетилганди) ишларимиздан бири бўйича биз бемалол “мисли кўрилмаган ғалаба” деб аташимиз мумкин бўлган қарорни чиқарди: “Савриддин Жўраев Россияга қарши” ишида Суд Россия зиммасига ариза берувчи озод қилинганидан сўнг унинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича чоралар кўриш мажбуриятини юклаб қўйди. Ўшандан буён Суд ҳар сафар ариза берувчининг топширилиши ёки бадарға қилинишини тўхтатганидан сўнг, Россия Федерацияси расмийлари ҳар ой Страсбургга у истиқомат қилаётган жой ҳақида ҳисоб беришга мажбур бўлиб қолдилар.
Бундан ташқари, тахминан 2012 йил баҳоридан бошлаб биз Европа суди қарорлари бажарилишини назорат қилиш ваколатига эга бўлган Европа Вазирлар кенгаши қўмитаси билан тобора фаолроқ иш олиб бораяпмиз. Яқинда Вазирлар қўмитаси Судга ариза берувчилар уларнинг топширилишини талаб қилаётган мамлакатга ўғирлаб ва ноқонуний олиб кетилиши хавфи остида қолаётгани бўйича вазиятга йўл қўйиб бўлмаслиги юзасидан анча кескин резолюцияни чиқарди.
Кўрайликчи, бундан буён воқеалар қандай ривожланар экан.
Жараён: Сиз, асосан, ўзбек қочқинларини ҳимоя қилиш билан шуғулланасиз. Айтингчи, бу кишиларни ҳимоя қилишда Сиз ўзбек расмийлари (махфий хизматлари) томонидан бевосита таҳдидга ҳеч дуч келганмисиз?
Елена Рябинина: Яна бир бор айтаман – мен “асосан” айнан ўзбек қочқинларининг ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланаман, деб айтолмайман. Бизнинг дастурда ишларни танлаб олиш принципи – “қочқин” тушунчаси мезонларига дохил аломатлар бўйича таъқиб қилиниш бўлиб ҳисобланади. Ариза берувчи ўзбекми, тожикми ёки қирғизми – бунинг ҳеч қанақа аҳамияти йўқ.
Бевосита таҳдидлар масаласига келсак – йўқ, менга нисбатан бундай таҳдидлар бўлган эмас, аммо қилаётган ишларимнинг барчаси Россия махфий хизматлари ва ҳимоямдаги кишилар мансуб бўлган мамлакатлар махфий хизматларининг диққат-эътибори хорижида қолмаётганини яхши тушунаман.
Жараён: Интервью учун катта раҳмат, Рябинина хоним.
Интервьюни София ДАВРОНОВА тайёрлади
Fikr bildirish