Брюсселда сўз эркинлиги ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги бўйича форум иш бошлади
Брюссель шаҳрида Сўз эркинлиги ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги бўйича Глобал тармоқ ташаббуси ва Телекоммуникацион Мулоқот ташкилотларининг қўшма форуми бўлиб ўтаяпти.
Бугун, 13 ноябрь куни Брюсселда Глобал тармоқ ташаббуси (Global Network Initiative) ва Телекоммуникацион Мулоқот (Telecommunications Industry Dialogue) ташкилотларининг сўз эркинлиги ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги бўйича қўшма халқаро форуми иш бошлади.
Тадбир ташкилотчиларининг маълум қилишларича, бу сўз эркинлиги ва шахсий ҳаёт дахлсизлигига дохил долзарб саволларга жавоб топишга ҳаракат қиладиган дунёдаги қатор нуфузли халқаро ва ҳуқуқбонлик ташкилотлари иштирок этаётган илк қўшма форумдир.
Жумладан, форум ишида “Global Network Initiative”, “Telecommunications Industry Dialogue”, “Center for Democracy and Technology”, “Centre for Internet and Society”, “TeliaSonera”, “New America Foundation”, “Folksam” каби ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакиллари ўз маърузалари билан чиқишлари кутилмоқда.
Глобал тармоқ ташаббуси ва Телекоммуникацион Мулоқотнинг расмий таклифига биноан форум ишида “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоева ҳам иштирок этади.
Халқаро тадбирга жўнаб кетиш олдидан ҳуқуқ фаоли “Жараён”га форум чоғида Ўзбекистонда ахборот-коммуникацион технология хизматларини тақдим этаётган ширкатлар дуч келаётган энг долзарб муаммоларни кўтаришни мақсад қилганини маълум қилди.
– Шу билан бирга, мен форум иштирокчилари тегишли хулоса чиқариб олишлари учун уларга ўзбек режимининг ўз халқига қарши содир этган жиноятларига оид қўлимизда бўлган далилларни тақдим этмоқчиман.
Мен Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилмоқчи бўлган муҳтамал халқаро тузилма ва ширкатларни улар қандай ҳамкор билан ишлашларига тўғри келиши ҳақида хабардор қилишни истардим.
Ўзбек режими билан ҳамкорлик қилмоқчи бўлган халқаро тузилма ёки ширкатлар бўлажак музокараларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши масаласини биринчи ўринга қўйишлари лозим, – деди Мўътабар Тожибоева.
Глобал тармоқ ташаббуси (Global Network Initiative) ва Телекоммуникацион Мулоқот (Telecommunications Industry Dialogue) ташкилотларининг қўшма форуми икки кун давом этади.
“Жараён” таҳририяти
Fikr bildirish