Ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов чиқиш визасини олишга муваффақ бўлди

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раиси Суръат Икромовга 40 кунлик оворагарчиликдан сўнг ички виза берилди. Бу борада “Жараён”га тошкентлик ҳуқуқ фаолининг ўзи маълум қилди.

Икромовнинг айтишича, 13 ноябрь куни тушдан кейин у Тошкент шаҳар Олмазор туман ички ишлар бошқармасининг Чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига таклиф қилинган.

– Кеча ОВИР ходими қўнғироқ қилди: “Рухсат берилди, паспортни олиб келиб, визани олиб кетинг”, деб. Икки соатлардан кейин бордим. Тайёр бўлган экан, беришди визани, – деди Суръат Икромов бу виза учун ҳужжатларни 4 октябрь куни топширганини қўшимча қиларкан.

Ҳуқуқ фаолига кўра, чоршанба куни берилган чиқиш визасига негадир 2013 йилнинг 23 октябрь санаси қўйилган.

– Ўзи қоида бўйича 20 кунда расмийлаштирилар экан виза. Менга эса 40 кундан кейин беришди. 24 октябрь куни ариза топширганимга 20 кун бўлар эди. Бу билан улар, гўё қоидага мувофиқ равишда, 19 кунда берган бўлишаяпти визани. Шу билан худди менинг ҳуқуқимни бузмаётгандай бўлишаяпти, – деди Суръат Икромов аслида унга чиқиш визаси кўрсатилган санадан 21 кун кейин берилганини таъкидлар экан.

Ўзбекистондаги мавжуд тартибга кўра, мамлакат фуқароларига ҳар икки йилда бир марта ички виза берилади. Бундан визага эга бўлмаган фуқаролар узоқ хорижий ўлкаларга сафарга чиқа олмайдилар. Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раиси Суръат Икромов ҳам ана шундай визаси бўлмагани учун 23 октябрь куни Истанбулга – ЕХҲТ анжуманига учиб кетолмаган.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли ўзига чиқиш визаси кечиктириб берилишига доир бошқа бир тахмин билан ҳам ўртоқлашди. Унга кўра, ўзига виза берилмай турилишига октябрь ойи охирида Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги идораси ҳузуридаги Қийноқларга қарши қўмитада Ўзбекистондаги қийноқлар билан боғлиқ вазият муҳокама қилингани ҳам сабаб бўлган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Икромов тахминича, у ҳам ана шу муҳокамада иштирок этганида Ўзбекистондаги қийноқларга оид вазият ҳақида расмийлар қарашига муқобил мулоҳазаларни айтган бўлиши, бу эса, ўз навбатида, расмий Тошкент вакилларини ноқулай аҳволга солиб қўйган бўлиши мумкин эди.

Ҳуқуқ фаоли чиқиш визасини олиш билан боғлиқ бу каби муаммога биринчи марта дуч келаётганини айтади.

– 13 йилдан бери виза олиб келаётган бўлсам, бунақа чўзиш ҳеч қачон бўлмаганди. Қайтанга бошқаларга қараганда менга тезроқ – 3-4 кунда тайёрлаб беришарди, – деди Суръат Икромов.

Айни пайтда ҳуқуқ фаоли бугунга келиб ўзига чиқиш визаси бериб юборилганида халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг ҳам роли катта бўлган бўлиши мумкин, деган фикрда.

– Кўпчилик халқаро ташкилотлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ташкилотлар мендан электрон почта орқали: “Биз ўзбек расмийларига шу масалада [яъни ҳуқуқ фаолига чиқиш визаси берилмаётгани масаласида – Жараён] мурожаат қилсак, қарши эмасмисиз?” деб сўрашди. Мен: “Раҳмат, яхши бўларди”, деб айтдим. Бир нечта ташкилотлар ёзишди, бу ҳамма жойда ёритилди. Ҳамма жойда ёритилганидан кейин – президент аппарати деймизми, бошқа давлат идоралари деймизми – уларга етиб боради бу. Шулар таъсирида бериб юборилди, деб ўйлайман, – деди Суръат Икромов.

Ўзбекистонда расмийлар наздида номақбул бўлган фуқароларга чиқиш визасини бермай, уларнинг хорижга чиқишини чеклаш ҳолати илк маротаба кузатилаётгани йўқ. Расмий Тошкент сиёсатига танқидий қарашда бўлган мухолифатчилар, ҳуқуқ фаоллари ва мустақил журналистларга турли хил важ-карсонлар билан чиқиш визаси берилмагани ҳақида Ўзбекистондаги вазиятни ёритиш билан шуғулланувчи хорижий ва мустақил нашрларда аввал ҳам кўп мақолалар эълон қилинган.

Асад БОЙМУРОДОВ   

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.